Ассалому алейкум
Мавзу:

“Бўйнига олиш” бор нарсами? 28.07.2016

Савол:

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Бир нарсани анчадан бери тушуна олмаганлигим учун ўзингизга мурожаат қилмоқчи эдим. “Бўйнига олибди” деган гап бор. Яъни, маҳалламизда бир одам бор. У кишиларга дам солади. Лекин олдин бундай ишлар билан шуғулланмас эди. Сўраб билсак, “бўйнимга олганман”, деди. Шунга тушуна олмадим. Илтимос, тушунтириб беринг! Аллоҳ рози бўлсин!

Булим Ақида
8932
Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Шариатимизда сиз назарда тутаётган “бўйнига олиш” деган нарса йўқ. Буни аррофлар ўзлари ўйлаб топган. Уларнинг баҳонаси, нима сабабдан ўша ишларни қилишлари сўралганида айтадиган важлари шу. Кимдир жоҳил ҳолда юриб, бирдан Қуръон ўқишни ўрганиб қолади, касал бўлиб ётиб қолади, одамларга дам солишни бошлайди, ўғирланган нарсалар қаердалигини айтиб беради. Бу иш шариатимизда қораланган. Бундай алдоқчиларга ишониш керак эмас, уларнинг олдига бориш ҳам қораланган.
   Ожиз банда ғайбни, инсон кўзи билан кўра олмайдиган, келажакда содир бўладиган ишларни билмайди. Буни Аллоҳ ва У Зот хоҳлаганларгина билиши мумкин. Аррофлар айтаётган нарса ғирт ёлғон. Улар ўғринча эшитувчи жинлар билан ҳамкорлик қилади. Бу Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда баён қилинган.
    “Бўйнига олган” одам нега илм ва тақвода пешқадам кишилардан таълим олмасдан бирдан “илмли” бўлиб қолмоқда, қандайдир номаълум ва бетайин кишилардан “фотиҳа” олмоқда? Аслида у нимани бўйнига олмоқда? Буни ўзи ҳам билмайди. Динимизда бундай мавҳум нарсалар йўқ. Бўйнига олмаса, касал бўлади, мусибатдан боши чиқмайди, деган нарсалар йўқ. Кофир жинлар мусулмонларни имкон қадар кўпроқ адаштириш учун ўзларига итоат қилиб, “бўйнига олган” одамлар орқали имони заиф бўлган айрим инсонларни адаштириш пайидан бўладилар. Чунки, Аллоҳ яратиб қўйган сабабиятларга кўра улар тўғридан-тўғри ва ёппасига инсонлар билан мулоқот қила олмайдилар. Шу боис, мана шундай аввалроқ “бўйнига олган” ва шу тариқа иймонини қурбон қилган қўштирноқ ичидаги домлаларни ишга соладилар. Улар орқали инсонларни адаштирадилар. “Бўйнига олган”ларнинг диний домла қиёфасида кўринишларининг сабаби ҳам шу. Одамларни адаштириш. Чунки, динни яхши тушунмаган содда, авом кишиси уларни домла деб ўйлайди ва натижада унга эргашади. Аслида эса буларнинг қилаётган иши дажжолликдан бошқа нарса эмас.
    Фолбин ва аррофлар “одам” деганда кофир жинларни назарда тутадилар. “Одамларим ундай деди”, “одамларим бундай деди” деб мижозларни лаққа туширадилар. Бунда ҳам шариатга ўта хилоф гап ва ишлар бор. Биринчидан, “одамларим” деб жинларни ўзига нисбат бермоқда. Гўё у жинларни яратган ва уларни бошқариб туради. Аслида жинлар ўша аррофни қўлга олган бўлиб, мудом ноғорасига ўйнатади. Иккинчидан, “одамларим бундай деди” деб махлуқотнинг, Аллоҳ тарафидан яратилган бир хилқатнинг гапини ҳар нарсадан устун қўймоқда. Аслида Аллоҳнинг гапи, У Зотнинг хоҳиши ҳар нарсадан устундир.
    Хуллас, арроф ва фолбинлар қилаётган ишларни ҳар тарафлама қарайдиган бўлсак, Исломга зидлигини кўрамиз. Мўмин-мусулмон банда бундай нобакор алдоқчилар тузоғига тушиб қолмаслиги, уларниг гапига ишонмаслиги, шартларига кўнмаслиги, умуман уларнинг олдига яқинлашмаслиги керак бўлади. Дам солдиришда ҳам ўта эҳтиёт бўлиш талаб этилади. Энг ишончли, дини, диёнати маълум, тақводор кишиларга дам солдириш зарур.

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216930
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Бўйнига олиш” бор нарсами? 28.07.2016

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Бир нарсани анчадан бери тушуна олмаганлигим учун ўзингизга мурожаат қилмоқчи эдим. Бўйнига олибди деган гап бор. Яъни, маҳалламизда бир одам бор. У кишиларга дам солади. Лекин олдин бундай ишлар билан шуғулланмас эди. Сўраб билсак, бўйнимга олганман, деди. Шунга тушуна олмадим. Илтимос, тушунтириб беринг! Аллоҳ рози бўлсин!

8932