ЗИРК (ҚОРАҚАНД)НИНГ ФОЙДАЛИ ХУСУСИЯТЛАРИ

7 Mart 2016 2019

     ЗИРК (Berberis vulgaris L.), қора-қанд — зиркдошлар (зиркгуллилар оиласи)га мансуб буталар туркуми. Барглари қалин, қисқа бандли, кетма-кет жойлашган. Гули сариқ, қўш гул-қўрғонли, шингилга тўпланган; меваси резавор. Шимолий ярим шарда тарқалган. 194 тури бор. 45 тури иқлимлаштирилган. Ўзбекистоннинг тоғ ён бағирларида қизил зирк билан қора зирк тарқалган. 3ирк барги таркибида берберин, оксиконтин, бербамин ва бошқа алколоидлар бор. Уларнинг мевалари нордон, мазали бўлганлигидан турли хил таомларга, жумладан, паловга солинади, овқатни хуштаъм қилади. Қора зирк кенг истеъмол қилинганлиги учун унинг тусига нисбат бериб «қорақанд» деб аталади. Табобатда жигар хасталикларини даволашда, иситмани пасайтирувчи, ич кетишни тўхтатувчи ва юракни мустаҳкамловчи восита сифатида қўлланилади.

 

Зиркнинг озиқавий қуввати

 

      Меваси - паст озиқа қувватига эга бўлган парҳез маҳсулоти. Унинг 100 г ида 29 кКал қувват бор. Меваси таркибида каротиноидлар (ксантофилл, лютеин, хризантемаксантин, зеаксантин, ауроксантин, флавоксантин капсантин в.б.), углеводлар, хушбўй ҳамда пектин моддалари, органик кислоталар, макро- ва микроэлементлар, Е ва С витаминлари ва бета-каротин моддалари бор.

 

Зиркнинг фойдали хусусиятлари

 

     Чиройли кўринишидан ташқари зирк шифобахш хусусиятларга ҳам эга. Қадимги Юнонистонда ундан қонни тозалаш воситаси сифатида фойдаланишган. Тибетда зирк инсон ёшлигини узайтирадиган табиий модда деб ҳисоблашган. Уни диёримизда ҳам кенг истеъмол қилиб келинган, илдизи, танаси ва пўстлоғи қон оқишини тўхтатишда, турли хил шамоллаш хасталикларини даволашда қўлланилган. Меваси шарбати иссиқни тушириш, микробларни ўлдириш, қон кетишини тўхтатиш хусусиятларга эга.
        Уни истеъмол қилиш шунингдек, организмни тозалаш, токсинларни чиқариб юбориш, қартайиш жараёнини секинлаштириш мақсадларида ҳам тавсия этилади. Жигар хасталикларида, ревматизм, пешоб йўллари ва буйрак шамоллашидан фориғ бўлиш мақсадида янги пишган зирк мевасини таомга қўшиб истеъмол қилиш лозим бўлади.
      Зиркда ўт ҳайдаш хусусиятига эга бўлган берберин алкалоиди бор. Бу модда шунингдек, ичкилик ичиш ва кашандаликдан қутилиш йўлига кирган кишиларга ҳам ёрдам беради. Дорихоналарда берберин номли дори сотилади, уни зиркдан ажратиб олинадиган моддадан тайёрланади. Бу дори ўт қопида пайдо бўлган тош ва холециститни даволашда қўлланади.
     Италиялик олимлар шифокорлар билан ҳамкорликда берберин безгак касаллиги билан оғриб, буйраклари шишган кишиларга амалда мисли йўқ шифобахш восита эканлигини аниқлашди. Ҳинд шифокорлари оғир юқумли лейшманиоз хасталигини даволашда бербериндан фойдаланишади.
     Зарарли ёмон шишларни даволашда таркибида зирк меваси бўлган махсус гиёҳлар мажмуасини тавсия этилади. Зирк илдизи пўстлоғи холецистит, сариқ касали зўрайиши, ўт пуфагидаги тош касалликларини даволашда тайёрланадиган холелитин деб номланадиган дори таркибига киради. Хитойда зирк ўсимлиги танаси пўстлоғини кўз шамоллашини даволашда қўллашади, илдиз пўстлоғидан нафас йўлларини очиш, яраларни битириш ва саратон касаллигини даволашда фойдаланишади. Болгарлар зирк пўстлоғини радикулит ва буйрак касалликларини даволашда ишлатишади. Польшада зиркдан гиповитаминоз (витамин етишмовчилиги)хасталигини даволашда фойдаланишади. Немислар зиркни ошқозон ичак йўллари, оғиз бўшлиғи, ўпка иллатларини даволашда дамлама сифатида ишлатишади. Францияда зирк бактерицид, гипотензив ва безгакка қарши восита сифатида тавсия этилади.
     Пишган мевалари ва баргларидан жуда ёқимли ва фойдали витаминларга бой бўлган чой дамлаш мумкин. Бу жуда осон тайёрланади, бунинг учун унинг мевасидан ва баргларидан 1 чой қошиқдан олиниб, уларнинг устидан 1 стакан қайноқ сув қуйиб, бир соат димлаб қўйилади. Бундай чойни икки ҳафта давомида кунига уч маҳал ижобий натижага эришгунча ичилади.
      Кўз шамоллаш, экземада, жароҳатларда бу қайнатма билан ювиш ёки унда ҳўлланган докани касалланган аъзога қўйиш ижобий натижа беради. Артритда, ревматизмда, радикулитда, оёқ мускуллари шикастланганда, остеохондрозда шамоллашни олувчи ва оғриқ қолдирувчи восита сифатида бу ўсимлик қайнатмаси ичилади, у билан ҳўлланган дока касал аъзога қўйилади, комресс қилинади.
     Зирк илдизи ва барглари қайнатмаси: янчиб майдаланган илдизи ва баргларидан 1 ош қошиқ олиб, устидан 1 стакан сув қуйиб, 1 минут давомида қайнатилади ва 30 минут тиндирилади, докалан ўтказилади. Ичкетишда овқатланишдан 1 соат олдин 1 ош қошиқ ичилади.
      Зирк илдизи қайнатмаси (суртилади): 1-2 ош қошиқ майдаланган илдизи устидан ярим литр сув қуйилади, 1 минут қайнатилади, 1 соат давомида тиндирилади. Юқорида санаб ўтилган касалликларда қайнатмада ҳўлланган дока касал аъзога қўйилади, комресс қилинади.
       Зиркни истеъмол қилиш аёлларга климакс ва кўзи ёригандан кейинги чилла кунларида мумкин эмас. Зирк мускуллар фаоллигини оширади, шунинг учун ҳомиладор аёлларга ҳам уни истеъмол қилиш мумкин эмас, ҳомилани муддатидан олдин тушиши юз бериши мумкин. Эмизикли оналарга ҳам уни истеъмол қилиш мумкин эмас.
       Ўт пуфагида тош, жигар циррози, сариқ касаллигида, уни истеъмол қилиш ёқмайдиган айрим шахсий ҳолатларда, шунингдек, 12 ёшга тўлмаган болалар истеъмол қилиши тавсия этилмайди. Яна шуни билиб қўйиш керакки, зиркнинг ҳали пишиб етилмаган кўк меваси заҳарли бўлганидан уни истеъмол қилиш асло мумкин эмас.

 

 

Жалолиддин Нуриддинов тайёрлади

 

www.muslim.uz