Зайтун меваси ва ёғининг фойдалари
14.12.2015 17289

    Зайтун ёғи инсон организми учун ниҳоятда фойдали бўлиб, қонда холестериннинг зарарлисини (LDL) камайтириш, фойдали холестеринни (HDL) кўпайтириш хусусиятига эга. Зайтун меваси таркибида юздан ортиқ моддалар, асосан, мой, оқсил, гликозидлар, дармондорилар бор.
    Ер юзида етиштириладиган зайтун мевасининг 90%идан ёғ олинади, бунда уни консервантлар қўшмасдан туриб узоқ муддат сақлаш мумкинлиги таҳсинга сазовор. Ҳозирги замон илмий тадқиқотлари ва изланишлари зайтун меваси ва ёғи тўғрисида қандай тавсиялар бермоқда?
    Нью-йорк университетидан доктор Аҳренс бундай дейди: “Ўрта ер денгизи мамлакатлари аҳолисининг дунёнинг бошқа мамлакатлари аҳолисидан юрак, қон-томир касалликлари билан сезиларли кам оғришининг энг асосий омили уларнинг зайтун ёғи истеъмол қилишларидир”.
    Мунтазам зайтун ёғи истеъмол қилувчи кишилар юрак, қон-томир касалликларига дучор бўлмасликларига асосий сабабчи экани илмий тарафдан исботланган. Бундай кишиларда қон босими, қондаги қанд ва холестерин даражаси паст бўлиши юз минг киши билан ўтказилган илмий тадқиқотларда ўз исботини топган.
    Меваси ёғга бой, турли навларига қараб, улардан 50%дан 80%гача ёғ олиш мумкин. Меваси оқсил, пектин, қанд моддалари ва витаминларга бой: унда В, С, Е, Р – актив катехинлар, калий, фосфор, темир тузлари ва бошқа моддалар мавжуд.. Бундан ташқари, углеводлар, фенолкарбон кислоталар, пектин моддалари, тритерпен сапонинлари борлиги аниқланган.
    Зайтун ёғи бу дарахт мевасининг асосий маҳсулоти бўлиб, асосан шу мақсадда экиб етиштирилади. Лекин мевалари ҳам консерва саноатида кенг истеъмол қилиниб, яшил мевалари консерваланади, қора меваларидан тузлама тайёрланади. Зайтун ёғи шпрот ва сардин тансиқ балиқ консервалари тайёрлашда ишлатилади.
    Консерваланган, тузланган зайтун мевалари ўзига хос ёқимли мазага эга бўлиб, дастурхонда озиқ-овқатлар билан бир қаторда туради, энг асосийси ҳар хил иллатларга қарши шифобахшлиги билан ажралиб туради.
   Унинг инсон саломатлиги учун фойдали эканини қуйидагилар билан изоҳлаш мумкин: зайтун ёғи ошқозонда енгил ҳазм бўлувчи ёғдир. Унинг хушбўй ҳиди иштаҳани очади, шу сабабдан турли салатларга қўшилади. Шунинг учун ҳам у болаларнинг соғлом ўсишига ёрдам беради ва ёши улуғларнинг эрта қариши олдини олади.
    Зайтун ёғи қоннинг қуюқлашиши ва томирларнинг қотиб қолишининг ҳам олдини олувчи мислсиз воситалардан биридир. Жигар фаолиятини яхшилайди, сафро йўлларини фаоллаштиради, ошқозон меъёридан юқори кислоталилигининг олдини олиб, яра пайдо бўлмаслигини таъминлайди.
     Милк, тери ва аллергик касалликларни даволашда ҳам фойдалидир. Зайтун ёғи D витаминига бой, шу сабабли рахит ва болдир суякларининг қийшиқ ўсишини даволашда фойда беради. Қуёш нуридан маҳрум, қоронғи хоналарда яшовчиларга фойдалидир.
    Мутахассислар таъкидлашича, зайтунда инсон организми учун зарур бўлган барча витаминлар ва микроэлементлар мавжуд. 80%гача ёғга эга бўлган хом мағизида ўзининг хусусиятлари билан нодир бўлган тўйинтирилмаган ёғли кислоталар таркибига кирувчи: 75% олеин кислотаси, 13% линол кислотаси ва 0,55% линолен кислотаси мавжуд. Чорва молларининг ёғидан фарқли ўлароқ зайтун ёғи инсон организми учун ниҳоятда фойдали бўлиб, атеросклероз, юрак ва қон-томир касалликлари ривожланишининг олдини олади, унда холестерин моддаси йўқ ва бу модданинг организмдан чиқарилишига кўмак беради, ҳазм қилиш аъзоларига самарали таъсир қилади.
     Испаниялик соҳа мутахассислари зайтун ёғи ҳар қандай ёшдаги инсонга фойдали бўлиб, ҳатто болалар овқат рационига асос бўлиши ўринли ва ниҳоятда фойдали деб ҳисоблашади. Гап шундаки, бу ёғ таркибига кирувчи кислота моддалар F витаминининг асосий бўлаги бўлиб, инсон организми ҳужайралари қобиғига зарур бўлган қурилиш материали сифатида хизмат қилади, организмнинг ўзи уни қисман синтезлайди.
     Ҳайвон ёғидан фарқли равишда зайтун ёғи кислоталари организм учун анча фойдали бўлиб, танада гликемия (семиришнинг хавфли тури) даражасини пасайтиради, юрак-томир касалликлари олдини олиб, овқат ҳазм қилиш аъзоларига ижобий таъсир этади, организмнинг ёшаришига ёрдам беради.
    Зайтун мевасини ҳар куни истеъмол қилиш юрак-томир тизимидаги стенокардия, инфаркт, саратон (рак), айниқса, аёллардаги кўкрак саратони, қандли диабет, семириш касалликлари хавфини камайтиради. Шунингдек, зайтун ёғи таркибидаги моддалар қондаги зарарли холестерин ва триглицерид миқдорининг ошиб кетишига йўқ қўймайди.
    Зайтун меваси таркибидаги А, Д, Е ва К витаминлари инсон суягини мустаҳкамлайди, ичак фаолиятини яхшилайди. Зайтун ёғи юқори артериал қон босимини нормаллаштиради. Зайтун ёғи инсон танасига тўлиқ сингади. Қадимги греклар ўзларини ҳар томонлама бақувват қилиш учун ҳар куни эрталаб бир қошиқ зайтун ёғи ичиб, орқасидан бир қошиқ асал истеъмол қилганлар. Бу усул эркаклик қувватининг ошишига ҳам самарали таъсир этади.
     Зайтун ёғини терига суртилса, уни чиройли қилади, истеъмол қилинса, сочлар ва тирноқлар ўсишига ижобий таъсир кўрсатиб, тиш ва милкларни соғ ва мустаҳкам қилади.

 

* * * *

 

   Бирлашган Миллатлар Ташкилоти эмблемасида зайтун шохчаси ифодаланган, у тинчлик ва осойишталик белгисидир. Кўплаб илмий изланишлар зайтун ёғининг фойдали хусусиятларини тасдиқламоқда. У асосан юрак-қон томир тизимига яхши таъсир кўрсатади, дейди испаниялик экспертлар. Кунига 2 чой қошиқ зайтун ёғи юрак касалликлари хавфини камайтиришга етарли.
     Ҳар куни икки чой қошиқ ёки бир ош қошиқ зайтун ёғи юрак касалликлари хавфини 28%га камайтиради. Бундай хулосага олимлар 29-69 ёшдаги 41.000 европаликлар маълумотини таҳлил қилиш асносида келишди.
     Олимлар зайтун ёғи истеъмоли ва саратон ривожланиши хавфи орасида боғлиқлик топа олишмаган бўлса-да, бу маҳсулот юрак саломатлигига анча ижобий таъсир кўрсатади. 29 граммдан ошиғроқ ёки икки ош қошиқ ёғ истеъмол қиладиган одамлар юрак муаммолари билан 44%га камроқ чалинишади.
     Зайтун ёғи балиқ, мевалар ва сабзавотларга бой бўлган Ўрта ер денгизи парҳезининг бир қисми ҳисобланади. Бу маҳсулотда монотўйинмаган ёғлар ва полифеноллар бор, улар организмда шамоллаш даражасини ва тромб ҳосил бўлиш хавфини камайтиради.

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 53856
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

6045