Зайтун
7.9.2015 10250

     Зайтун бўйи тўрт, етти метргача борадиган майда баргли дарахт. Гули оқ, меваси куз ўртасида етилади. Зайтун жуда узоқ умр кўради. Сурия, Яман, Испания ва Исроилда 2000 йилдан ортиқ умр кўрган зайтун дарахтлари бор.
     Зайтуннинг барглари майда ва учли, текис қиррали, уст томони тўқ яшил, пастки томони кулранг бўлиб, пояси билан шохларида қисқа банди билан қарама-қарши жойлашган. Меваси резавор, данакли, усти юмшоқ бўлиб, туси қора, оғирлиги 10-15 гр келади.
    Зайтун қурғоқчиликка чидамли, 13-18 даража совуққа ҳам бардош беради. Ҳар тупидан 20-40 килограмм ҳосил олинади. Зайтуннинг ғўраси ва пишган меваси консерва қилинади. Зайтуннинг пишган меваси таркибида 25-80 фоиз буғланмайдиган мой бўлади. Зайтун асосан мойи учун етиштирилади. Мева пўстлоғи ва данагини қиздириш натижасида олинувчи иккинчи босқичли мойи техника ва совун пиширишда қўлланади. Кунжараси чорва учун емиш вазифасини ўтайди. Ёғочидан қимматбаҳо буюмлар тайёрланади. Доривор ва йирик гулли зайтундан эфир мойи олинади.
    Зайтуннинг 600 га яқин тури маълум. Фақат бир тури – Европа зайтуни хўжалик аҳамиятига эга. Зайтун дарахти баландлиги 4-12 метргача етади. Шох-шаббаси қалин, тарвақайлаган, гуллаганида хушбўй, ёқимли ҳид таратади. Янги ўтқазилган кўчати ўртача ўн йилда ҳосилга киради. Мевасидан турли дардларларни даволашда фойдаланилади.
     Зайтун дарахти Европа, Осиё, Америка, Африкада экилади. Шунингдек, Яқин Шарқ ва Ўрта денгиз мамлакатлари – Испания, Италия, Греция ва Португалияда етиштирилади.
     Зайтун мевасидан шифобахш ва баракали ёғ олинади. Зайтун ёғи ҳам худди седана каби қадимдан халқ табобатида қўлланилиб келинган. Жумладан, Ўрта Ер денгизи аҳолисининг таомлари қаторида зайтун меваси ва ёғи бўлган.
     Зайтун ёғи қадимдан озуқа, ёнилғи ва тиббий мақсадларда қўлланилиб келган. Зайтун меваси таркибида юздан ортиқ моддалар, асосан, мой, оқсил, гликозидлар, дармондорилар бор. Бугунги кунда зайтун етиштирувчи мамлкатлар сони тобора ортиб бормоқда. Зайтун мойига бўлган талаб нафақат Европа давлатларида, балки Ўрта Осиёда ҳам сезиларли даражада юқори. Унинг ўзига хос хусусиятлари ва қаерларда етиштирилиши ҳақида кўпчилик аниқ маълумотга эга эмас. Бу дарахтнинг барги ҳам, меваси ҳам инсоният саломатлиги учун кони фойда. Маълумки, сифатли зайтун ёғи бозорларимизда юқори нархларда сотилади. Шу билан бирга у бозори чаққон маҳсулотлар сирасига киради. Зайтун мойи қўшиб тайёрланган салатлар ва таомлар мазаси ўзгача, улар инсон саломатлиги учун жуда фойдали. Уни истеъмол қилиш организм учун ҳеч қандай зарар келтирмайди. Танада ёғ миқдори меъёридан ошиб, вазн ортиши кузатилмайди.
     Испания зайтун ёғи ишлаб чиқаришда етакчи давлат саналади. Бу ерда дунёдаги зайтун ёғининг 43.8 фоизи ишлаб чиқарилади. Испания маҳсулотининг 75 фоизи Анадалусия ҳиссасига тўғри келади. Зайтун ишлаб чиқариш борасида Испаниядан кейинги ўринда Италия туради. Италияда дунёдаги зайтун ёғининг 21.5 фоизи ишлаб чиқарилади. Греция 12. % билан учинчи, Сурия эса 6.1% билан тўртинчи ўринда боради. Кейин ўринларни Португалия, Бразилия ва Марокаш давлати эгаллайди.
   Сўнгги йилларда Австралия ҳам зайтун етиштириш борасида илғор мамлакатлар қаторига қўшилиб бормоқда. Австралияда ишлаб чиқарилган зайтун ёғи Осиё, Европа ва Америка Қўшма Штатларига экспорт қилинмоқда. Шунингдек, Туркия, Янги Зеландия, Жанубий Африка Республикаси, Аргентина ва Чилида ҳам экстра виржин (энг сифатли) зайтун ёғи ишлаб чиқарилади.
    Зайтун мевасида 56% гача мой, гликозидлар, оқсил, витаминлар бор. Ўсимлик баргларида эса эфир мойлари, алкалоидлар, органик кислоталар, фитостеринлар, витамин С ва ошловчи моддалар мавжуд. Зайтун ёғи кимёвий таркиби жиҳатидан она сути таркибидаги мойга яқин турадиган ягона ўсимлик ҳисобланади. Греция, Италия, Испания каби йирик давлатлар энг катта даромад айнан шу зайтун мойидан олганлари учун ҳам уни “суюқ олтин” дейишади.
     Ҳозирги пайтда зайтуннинг 500 га яқин навлари мавжуд бўлиб, улар асосан икки гуруҳга: консервабоп ва мой берувчи гуруҳларга бўлинади. Абу Али ибн Сино бундай ёзади: “Зайтун ёғи суртилса, оёқ бўғин хасталиги билан оғриганларга фойда қилади. Ёввойи зайтун ёғи билан оғиз чайқалса, қонайдиган милкка шифо, қимирлайдиган тишларни мустаҳкамлайди. Кўзга тушган сув (катаракта) ва оқни кетказади. Ичакни бураб оғришига ва гижжаларга қарши ишлатилади. Яллиғли қулунжда фойда қилади”.
    Зайтун мойига саримсоқ ва сабзи қўшиб пиширилса, қоринга сув йиғилишида наф беради. Зайтун мойининг қуйқаси қуруқ баданларда пайдо бўладиган яраларни битиради. Зайтун мойи қабзиятда сурги сифатида яхши наф беради. Ўт пуфагидаги тошни нуратиш хусусияти бор. Бунда зайтун ёғи лимон билан аралаштирилади.
    Зайтун мевалари қора ва яшил рангда бўлади. Айрим одамлар қораси бошқа, яшили бошқа дейишади. Аслида улар бир хилдаги ҳақиқий зайтун меваси ҳисобланади. Фақатгина қораси пишиб етилган мева бўлиб, яшили хомроқ ҳисобланади. Қора ранглисида ёғлилик миқдори юқори бўлгани учун уни “маслина” деб ҳам айтилади.
   Зайтун ёғини қуруқ, соя ва салқин (совуқ бўлмаган) жойларда сақлаш керак. Айниқса, ўткир ҳидли маҳсулотлардан узоқроқ тутиш тавсия этилади. Чунки зайтун ёғи ўткир ҳидларни тезда ўзига сингдириб олади. Мабодо совутгичга қўйиб музлатган бўлсангиз, ҳеч хавотир олманг, хона ҳароратида шифобахшлик хусусиятларини йўқотмаган ҳолда дарров ўз ҳолига қайтади.
    Тоза зайтун ёғининг ранги оч яшил-сариқ бўлиб, ёқимли мева ҳиди билан ажралиб туради. Уни татиб кўрганингизда тоза зайтун мевасининг таъми сезилиши керак. Мутахассислар Греция ва Италияда ишлаб чиқарилган зайтун ёғларининг сифати юқорироқ деб баҳолашган.
    Зайтун ёғининг сифати ва фойдалилик даражаси бу ёғнинг қандай ишлаб чиқарилишига ва унинг турига боғлиқ. Зайтун ёғининг сифатига қараб қуйидаги турларга ажратиб мумкин: Extra virgin olive oil (энг юқори сифатли зайтун ёғи), Virgin olive oil, Refined olive oil, Olive oil, Pure olive oil, Pomace olive oil.

 

 

 

 

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216906
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24589