Тўйларимиз ҳақида: «Албатта У исроф қилгувчиларни севмас»
8.10.2018 3373

 

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокама бўлаётган мавзулардан бири бу Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг сенаторлари томонидан тўй-ҳашамлар, маросимлар бўйича ҳеч қандай қарор қабул қилинмагани бўлди. Албатта, фуқароларимизнинг жамиятимиз ижтимоий ҳаётидаги муаммоларга бефарқ эмаслиги қувонарли ҳол.

Лекин бунданда муҳимроқ муаммолар турганида, бу каби асл ечими бошқа ерда бўлган муаммога бунчалик эътиборимизни жалб қилишлик қанчалик тўғри бўларкин? Аслида Олий Мажлис томонидан тўй-маросимларни қандайдир бир қолипга солиб қўйишлик бу бир тарафдан инсон ҳуқуқларини чеклаб қўяди. Шунингдек инсон психологияси ҳам айнан таъқиқланган нарсани кўпроқ қилишга ҳаракат қилади. Тўй ва маросимларни бундан аввал ҳам қонунчилик йўли билан: Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, маҳаллий доирада ҳокимларнинг буйруқлари, шунингдек маҳалла раисларининг қистовлари билан ихчамлаштиришга уриниб кўрилган. Кўриб турибмизки, буларнинг бари беҳуда кетмоқда. Тўйни кичикроқ қилинглар деган маҳалла раиси ёки вилоят ҳокимини ўзлари эртаси куни бутун республикада гап-сўз бўладиган, данғиллама тўй ўтказса, халқ ҳам бу қарорни қабул қилиши қийин бўлади.

Шунингдек, Сенат томонидан тақдим этилган ахборотномада кўришимиз мумкинки бу тадбирларни қисқартириш учун сарфланаётган ресурслар ҳам жуда катта: “…ўрганишлар давомида давлат ва жамоат ташкилотлари иштирокида 10 мингдан зиёд учрашув, давра суҳбати ва тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Муҳокамаларда 120 мингдан ортиқ мутахассис ва экспертлар, жамоатчилик ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди. Республика ишчи гуруҳи аъзолари, хусусан Республика маънавият ва маърифат маркази, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик маркази томонидан 250 мингдан ортиқ фуқаро ўртасида сўровнома ўтказилди. Даврий босма нашрларда оилавий тадбирлар билан боғлиқ 350 дан зиёд таҳлилий-ахборот материал  эълон қилинди, марказий телерадиоканалларда 150 дан зиёд кўрсатув, ток-шоу ва репортажлар, 450 дан ортиқ эшиттириш эфирга узатилди. Интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган хабарлар 4 миллион маротаба ўқилди, 1,3 миллиондан ортиқ фуқаро иштирокида муҳокама қилинди”. Ана энди тасаввур қилинг, шундай катта куч билан илм-фан ҳамда тараққиёт учун ҳаракат қилишга, асл қадриятларга, исрофнинг ёмонлигига тарғиб қилсак қандай натижаларга эришган бўлар эдик.

Яхшиям-ки, Сенаторлар орасида профессионал ҳуқуқшунослар ҳам мавжуд. Шу сабабли Ўзбекистоннинг қонун чиқарувчи олий органи томонидан тўй ҳашамлар бўйича қонун қабул қилиш яна бир ижросиз қонун пайдо қилиш билан тенглигини англаб етдилар: “Сенаторларнинг фикрича, оилавий тадбирларни миллий қадриятларимиз асосида,  камхарж, дабдабалардан холи ўтказишни кенг жамоатчилигимиз ва ҳар бир инсон онгли равишда англаб етмоғи лозим”.

Келинг, яхшиси тарихга назар солиб муаммони илдизлари ҳақида ўйлаб кўрамиз. Биз Туркистон мусулмонларига теккан бу касаллик, бугунги муаммо эмас. 16-17 асрда хонликлар даврида бошланган тарқоқлик ва ижтимоий-маданий инқироз, мусулмонларга қимматга тушганди. Ўша вақтдан буён жаҳолат ва илмсизлик туфайли миллат ўз куч-қувватини нотўғри сарфлаб келмоқда.

Яхши тушуниб олишимиз керакки, қачонки мусулмонлар бўйнидаги фарз амалларини бажаришда қанчалик кўп камчиликка йўл қўйсалар ёки бажармасалар, суннатни маҳкам ушламасалар, илмдан чалғисалар, динда асли бўлмаган турли бидъат-хурофотлар, кераксиз маросимлар билан уларнинг ўрни тўлдирилади. Ҳозирги кунда тўйлардаги кўплаб маросимлар, инсон вафот топганидан сўнг қилинадиган бидъатлар ҳам илмсизликнинг аломатидир. Бунинг давоси эса динга, илм-маърифатга қайтишдир. Буни бошқача йўл билан тўғрилаб бўлмаслигини тарихнинг ўзи айтиб турибди.

Ҳатто бундан 100 йил аввал ҳам бундай исрофгарчилик, дабдабабозликка қарши жадид боболаримиз томонидан кураш олиб борилган. Улар ҳам бундай одатларни дастлаб қарорлар воситасида ҳал қилмоқчи бўлганлар. Хусусан, 1917-йилда эълон қилинган «Шўройи ислом» раисининг муовини Мунаввар қори Абдурашидхонов томонидан эълон қилинган қарорномага бир эътибор беринг:

“Шўройи ислом” қарорномаси

Муҳтарам мусулмонлар!

…Ҳозирда давом этуб турғон дахшатлиқ уруш, бу йилғи сувсизлиқ ва чогирдка балолари бу ҳолни минбаъд яна қўрқинчлироқ даражаға олиб борадирғонға ўхшаб кўринадур. Туркистон мусулмонларининг съезди мана шу ҳолни эътиборға олинмак орамизда бўлуб турғон баъзи бидъат ва исрофот ишларини, чунончи, тўй, маърака, гап, базм, ялочи, қозоқлар орасидаги улоқ, пойга ва жаноза бўладурғон исрофотни билкуллия барҳам бермоқға қарор берди.

“Шўройи исломия”нинг 12 апрелда воқеъ умумий мажлисида Тошканднинг қозилари ва уламолари ҳам бу ишнинг аксарини шариатга хилоф топдилар ва ўз оралариндан бир комиссия сайлаб, тўй ва маъракаларини шул комиссияларға топшурдилар.

Биринчи. Жаноза куни имом ва уламоларға йиртиш ва чопонлар улашмоқ, қариндош-уруғларға қора кийимликлардек нимарсалар бермоқ, йуғучи ва отунларға ижройи хизматларидан зиёда ҳар хил кийимлар бермоқ, отунлар келиб товуш чиқориб ўқимоқ, садр қилмоқ, хотунларға улашиладиғон етти, гул, қовоқ оши, қор ёғди, лайлак келди, қовун-тарвуз, йигирма, қирқ, ҳайит, фотиҳа ва йил ошидек халқа ош бериладурғон исрофдир.

Иккинчи. Қиз тўйларида совчигарчилик, патир, кичик тўй, қозон қайтариш, катта тўй, базм ва кеча исрофлари ва юз кўрар, ҳайитларда мол ёйиб, келин кўрмоқ, қиз оши бермоқ ва никоҳ кунларида ялочилар ўйнамоқ, ёр-ёр айтмоқ, хотунларнинг ҳар бириға алоҳида нон ва ошлар тортмоқ, “тўққиз-тўққиз”, сандуғларда чуриб кетадурғон гулкўрпа, фалак, кўрпалардек фойдасиз моллар, кўчалардин миёнча кўтариб ёки ароба ва туяларга ғалла ва бошқа хил нарсалар ортиб тўй юбормоқ, қозоқлардаги қалин олмоқ ва шунга ўхшаш исрофот ва бидъатлар билкуллия мамнуъдир.

… Ушбу тартибға мухолифат қилғон кишиларнинг маърака ва тўйлари тўхтамли ва айбнома (протокол) ёзуб, қозиларға топшурмоқ ва шаҳар бошлуқлариға ҳавола қилинади. Бундай кишиларға иттифоқи муслиминни бу ким омилини ва шаръан ҳаром бўлғон исрофгарчилиғини белги учун муҳтарам қозилар шариатға мувофиқ қаттиғ жазоға мустаҳиқ қиладурлар. Муҳтарам маҳалла имомлари ва маҳалла комитетларидан илтимос қиладурки, ушбу эълонномани халққа тушунтириб, халқни ушбу тартибдан чиқмаслигига тарғиб ва ташвиқ қилсалар эди. "Чунки жаноби Ҳақ таъолий исроф қилғувчиларни суймас".

«Шўройи ислом» раиси муовини Мунавварқори Абдурашидхонов

Кейинчалик жадидлар қарорлар, ҳатто охирги банддаги қарорни бажармаганлар учун жазо тайинлаш чоралари ҳам ўз самарасини бермагач, халқ илм маърифатини ошириш билан, бундай ҳолатларни ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетишига ишонганлар. Минг афсус-ки, жадид боболаримиз бошлаган барча хайрли ишлар қатори илм-маърифат йўлидаги ҳаракатлари ҳам даҳрий тузумнинг қора кучлари томонидан бўғиб ташланди.

Ҳозирги кунда эса биздан талаб қилинаётган ушбу масаланинг ечимини турли қарорлар, мажбурий чоралар билан эмас, ақл билан, илм-маърифат билан қидиришимиз даркор. Ёш келин-куёвларга ёки уларнинг ота-онасига уни қилма, буни қилмагин десангиз албатта, энсалари қотиб, сиздан жаҳллари чиқади. Шу сабабли уларга, яхши таклифлар бериш керак: тўй харажатларини қисқартириб, кўпчилик вилоятлардаги оилаларда йўқ бўлган ҳаммомлар ва тахоратхоналар қуринглар, аҳли аёлингиз учун кир ювиш машинасими, музлатгичми ёки бошқа меҳнатини енгиллатувчи воситалар олиб беринг ёки маҳрларини мўл қилинг. Ота-онангизни юртимиздаги дам олиш масканларига юборинг, қариндошларингиз орасида ёки маҳаллангизда ночорлар бўлса, тўйингиз баҳонасида уларни хурсанд қилинг. Кўчаларингизни обод қилинг, масжидларга, меҳрибонлик уйларига, шифохоналарга эҳсон қилинг. Ёки иймонингиз зиёда бўлиб, оилада ўзаро меҳр-муҳаббат давомий бўлишини хоҳласангиз, аёлингиз билан никоҳдан сўнг Умрага бориб келинг. Мана сизга шунчалик савобли ишлар, хоҳланг яна бошқа ишларингизни бошлаб олинг, тежаб қолган пулингизни ишлаб чиқариш ёки савдога ишлатинг. Албатта, тўйни эълон қилиш керак, фақат буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, битта маросим билан қўй сўйиб эълон қилса ҳам бўлади, тўйгача 3 ёки 4 маросим, тўйдан кейин яна 5-6 та маросим қилишингиз шарт эмас. Бунга шаръий жиҳатдан ҳам, қонуний тарафдан ҳам мажбур эмассиз. Хоҳланг Аллоҳ таолонинг “Ва исроф қилманглар, Албатта У исроф қилгувчиларни севмас” (Анъом сураси, 141-оят). деган буйруғига бўйсунинг, хоҳланг ҳеч қачон ғийбатдан тўхтамайдиган башарнинг гап-сўзларини олинг. Зеро Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтганларидек: «Агар ҳаё қилмасанг, хоҳлаган нарсангни қил».

Тўй ва маросимлар учун беҳуда ишлатаётган ортиқча маблағларни юқорида айтиб ўтганимиздек хайрли ишларга сарфласак фойдадан ҳоли бўлмайди, иншаАллоҳ.

Фаррух Абдусаттаров

Манба: azon.uz

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216409
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24553