Тишни поклашда тавсиялар

7 Yan 2016 1709

    Тишни поклашда мисвок энг манзур танлов эканлигини биласиз. Аммо мисвок бўлмаса ушбуларни тавсия этамиз. 

     Мисвок ўрнини босувчи нарсалар: 

 

1. Бармоқлар.

 

      Мисвок бўлмаган вақтдагина бармоқлар мисвок ўрнига ўтади. Агар арок ёки шунга ўхшаш дарахтлардан олинган тиш тозалаш воситаси бўлса, бармоқлардан мисвок ўрнида фойдаланиб бўлмайди.

 

وَعَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَجُلاً مِنَ الأَنْصَارِ مِنْ بَنِى عَمْرِو بْنِ عَوْفٍ قَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ ، إِنَّكَ رَغَّبْتَنَا فِي السِّوَاكِ فَهَلْ دُونَ ذَلِكَ مِنْ شَئْ ٍ، قَالَ: إِصْبَعَاكَ سِوَاكٌ عِنْدَ وُضُوئِكَ تُمِرُّهُمَا عَلَى أَسْنَانِكَ ، أَنَّهُ لاَ عَمَلَ لِمَنْ لاَ نِيَّةَ لَهُ وَلاَ أَجْرَ لِمَنْ لاَ حِسْبَةَ لَهُ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي السُّنَنِ الْكُبْرَى.

 

      Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бани амр ибн авфлик ансорлардан бири: “Эй Расулуллоҳ, сиз бизларни мисвокка (кўп) тарғиб қилдингиз. (Тиш тозалаш учун) ундан бошқа нарса ҳам борми?” деди. Шунда у зот: “Таҳоратда сенинг икки бармоғинг мисвокдир. У иккисини тишларинг устидан юргизасан. Албатта, нияти йўқнинг амали йўқ. Савобдан умид қилмаганнинг ажри йўқ”, дедилар” (Байҳақий “Ас-сунанул-кубро”да ривоят қилган).
      “Икки бармоғинг” деганда кўрсаткич ва бош бармоқ назарда тутилган бўлса керак. Чунки бошқаларига қараганда бу икки бармоқ билан оғиз тозалаш қулайроқ.

 

وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: الإِصْبَعُ تَجْزِى مِنَ السِّوَاكِ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي السُّنَنِ الْكُبْرَى.

 

     Яна Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бармоқ мисвокнинг ўрнига кифоя қилади”, дедилар” (Байҳақий “Ас-сунанул-кубро”да ривоят қилган).
Уламолар бармоқ мисвок ўрнига ўтиши учун бармоқнинг қаттиқ ва дағал бўлишини шарт қилганлар. Улар, агар бармоқлар ингичка ёки нозик бўлса, мисвок ўрнини босмайди, деб айтишган.
     “Ҳулиййа” китобида келишича, қайси бармоғи билан мисвок қилса ҳам зарари йўқ. Афзали иккала кўрсаткич бармоқ билан мисвок қилишдир. Аввал чап кўрсаткич бармоғи билан бошлайди. Сўнг ўнги билан қилади. Агар хоҳласа, ўнг қўлнинг бош бармоғи ва кўрсаткич бармоғи билан мисвок қилади. Бош бармоқ билан ўнг тарафининг юқори ва пастини мисвок қилишдан бошлайди. Сўнг кўрсаткич бармоқ билан чап тарафини қилади. Юқорида айтиб ўтганимиздек, мисвок йўқ бўлиб, тишлар бармоқ билан тозаланаётганида ният муҳимдир. Шунда мисвок ишлатганлик савоби қозонилади. Лекин бу ҳар доим эмас, гоҳ-гоҳида бўлиб турадиган ҳолатдир. Доимий суратда мисвок қолиб, бармоқлар билан кифояланиш жоиз эмас.
      Мисвок бўлмаса, оғизни бармоқлар билан тозалаш жоиз экани сув бўлмаса, таяммум қилиб намоз ўқишга ўхшайди. Бу ҳам Ислом енгиллик ва осонлик дини эканига ёрқин мисолдир.

 

2. Мато.

 

       Қаттиқ, дағал ва тоза латта ҳам мисвок йўғида оғиз тозалаш учун қўлланилиши мумкин.

 

3. Тиш ювиш маъжуни (пастаси).

 

 

     Ҳозирда мавжуд замонавий тиш ювиш воситалари ҳам мисвок ўрнини тўлиқ боса олмайди. Фақат мисвок йўқлигида ёки мисвок билан қўшиб фойдаланса, жоиз. Лекин фақат тиш пасталари билан ювишнинг ўзигина мисвокнинг савобини қозониш учун етарли эмас. Бу бошқа тозалаш воситаларига ҳам тегишли. Бир нарсани эслатиб ўтиш лозимки, мусулмон киши учун тўнғиз жунидан қилинган тиш ювиш чўткаларини ишлатиш мутлақо мумкин эмас.
      Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида ҳам тиш маъжунлари ва бошқа тиш ювиш воситалари бўлган. Аммо у зот бу воситаларни мисвок билан тенглаштирмаганлар, балки мисвокни устун деб билганлар. Олиб борилган тадқиқотлар ҳам мисвок милк касалликларининг олдини олишда тиш пасталаридан кўра яхшироқ самара беришини тасдиқлади. Бироқ ҳозирги тиш маъжунларини ҳам инкор қилмаган ҳолда улардан ҳам фойдаланиш жоиз ва яхши эканини таъкидлаб ўтамиз. Баъзилар: “Тиш пасталарининг нима кераги бор. Ахир, бизда мисвок бор-ку?” дейишади. Яна баъзилар эса мисвокни умуман тарк этиб, бутунлай тиш маъжунларини қўллашга ўтиб олишган. Мўмин банда илм-фанда эришилаётган замонавий ютуқларни рад қилмайди, улардан ўз ўрнида самарали фойдаланади. Кимёвий моддалар билан тўйинган таомлар ва турли хил ранглар қўшиб тайёрланаётган ичимликлар қолдирадиган асоратларни кетказишда замонавий тиш пасталарининг ҳам ўрни муҳимдир. Хуллас, мўмин киши поклик ва яхшилик йўлидаги ҳар қандай ҳалол имкониятлардан фойдаланиши, айни пайтда суннатни тарк эмаслиги талаб этилади.

 

4. Сақич.

 

     Гарчи аёллар мисвок ишлатишга қодир бўлса ҳам, сақич улар учун мисвок ўрнига ўтади. Демак, аёллар сақични ният билан чайнасалар, мисвок қилганнинг савобини топадилар. Сақични доимий чайнаш тишлар милкини кучайтиради, шунинг учун бу мустаҳабдир. “Фатҳул-қодийр”да эркаклар учун ҳожатсиз тарзда сақич чайнаш макруҳдир, дейилган. Шу сабаб эркакларнинг сақич чайнамасликлари мустаҳабдир. Фақат узр билан чайнашлари жоиз.
     Лекин сақич тишни мукаммал суратда тозалай олмайди. Ҳозирда тиш шифокорлари сақич оғизни мукаммал тозалаш учун етарли эмаслиги, у асосан овқат ҳазм қилиш учун ёрдам беришини таъкидламоқдалар.