Таҳорат ва намоз болалар жиноятчилигига қарши энг самарали восита
18.5.2018 2898

Намоз  Ислом динининг энг асосий устунидир, шу боис фарзандларимизни намозга ўргатиш етти ёшдан бошланиши мақсадга мувофиқдир. Шу даврдан то 10 ёшга қадар ибодат амалларига сайқал бериб борилади. Шу тариқа бола балоғат ёшига етгунича намоз ўқиш унинг одатий турмуш тарзига айланади.

Болани кичик ёшдан намозга ўргатишнинг нима ҳикмати бор? Ислом шариатида боланинг маълум ёшга етганда намозга ўргатишга буюрилишнинг боиси нима? деган саволларга замонамиз олимлари ўз илмий тадқиқотлари орқали жавоб бердилар.

Инсон организмида кун, ой ва йиллар оқимига боғлиқ мураккаб биоритмлар механизми мавжуд. Яъни, одам организмидаги Биологик Фаол Нуқталар (БФТ) орқали электромагнит майдонларидан қувват олади ва ортиқчасини меридианлар орқали чиқариб юборади. Ушбу энерготизим оқибатида биоритм юзага келади. Бола организмида энг биринчи кунлик биоритм ва энергетик меридианлар 7 ёшдан бошлаб вужудга келади ва бола ритмларни ҳис қила бошлайди. Жуфт меридиан тизимининг шаклланиши бола 10-12 ёшга етгунига қадар шаклланиб боради. Бу ёшда бола кунлик биоритмларни тўлиғича ҳис қилиб, катталардек ўша ритм асосида яшаш тарзига амал қила бошлайди.

 

 

Балоғат ёшига етгач бола органимзидаги барча меридианлар фаол ишлай бошлайди. Масалан, Хитой тиббиётида шу ёшдан бошлаб турли касалликларни даволашда меридианларнинг акупунктура нуқталаридан фойдаланишни бошлайдилар. Оддий қилиб айтганда, бизга маълум бўлган хитойча нуқталар билан даволаш усули айнан мана даврдан бошлаб қўлланилсагина, самара бериши мумкин экан.

Инсон организмидаги қувват тизими унинг фикрлаш жараёнига ҳам таъсир қилади. Ушбу узвийликда қувватнинг организмдаги меридианлар ва ягона энергетик тизимда тўғри тақсимланишини назорат қилиш ғоят муҳим. Сабаби, организмдаги ҳар бир меридиан доим куннинг маълум вақтларида танадаги қувват нуқталари орқали янги энергияни қабул қилади ва ишлатилиб бўлинган қувватни чиқариб ташлайди. Ушбу нуқталар 66 та бўлиб, улар асосан тананинг биз таҳорат олишда сув етказишимиз керак бўлган қисмларида жойлашган экан. Шу сабаб бола намоздан аввал таҳорат олаётганида ўзи билмаган ҳолда мана шу нуқталарга таъсир қилади ва автоматик тарзда, худди масофадан бошқарилаётган пульт каби қувват нуқталаридаги энергия оқимини тартибга солади. Ушбу мураккаб механизм бола руҳиятидаги ички психологик ўзгаришлар оқибатида  намоз вақтларига кўникишни ҳосил қилади.

Хронопсия (вақтнинг организмга таъсири) текширувларининг натижасига кўра, намоз вақтлари йил фасллари ва куннинг узун-қисқалигига кўра ўзгариб туради. Ўз навбатида инсон организмидаги биоритмлар ҳам шунга мувофиқ ўзгаради.

Тиббиёт фанлари доктори Б.С.Алякринскийнинг маълумотларига кўра, инсон организми бир суткада 50 та кичик ва 5 та катта биоритм алмашинувини ўтказади.

Биоритм асли бу - куннинг маълум вақтигача бўлган муддатдир. Шу муддат келгач, организм қолган куннинг яна маълум қисмигача организмдаги қувват тизимини таъминлаш учун ўзини тайёрлайди. Агарда инсон мана ритмлар алмашинуви вақтини ўтказиб юборса, яъни биоритм янгиланиши вақтида уни тартибга солишни унутса (бу таҳорат ва намоз орқали амалга оширилишини юқорида баён қилдик), тана салбий ташқи таъсирларга чидамсиз бўлиб қолади.

Профессор Франц Холбернинг сўзларига кўра ўтказиб юборилган ушбу вақт, “инсон организмининг чидамлилигини ва курашувчанлигини йўқотади”.

Ислом динида намозни ўз вақтида ўқишга алоҳида урғу берилади. Ҳадиси шарифларда ҳам “Энг яхши амал – ўз вақтида ўқилган намоздир”, дейилиши бежиз эмас. Намоз вақтларини “қалтис дақиқалар жадвали (яъни, инсон танасидаги биоритмлари тизимини бузиб қўйиш мумкин бўлган вақтлар)” дейиш ҳам мумкин.

Намоз вақтлари организмдаги биоритмлар алмашиш вақти билан айнан тўғри келиши мўъжизанинг ўзи. Демак, Ислом дини буюрганидек болани ёшлик чоғидан балоғатга етгунича намозга аста-секин ўргатиб бориш, унга ҳар намоз вақтида таҳорат олишни одат қилдириш унинг организмидаги биологик ритмларни тартибли фаолият юритишига ва шу орқали боланинг кейинги хаётида намоз ўқиш оддий турмуш тарзига айланишига сабаб бўлар экан. 

Таҳорат ва намознинг хитой ва тибет рефлексотерапиясидаги нуқтали даволашдаги фойдали жиҳатларидан ташқари, замонавий тиббиёт ҳам унинг фойдали жиҳатларини кашф қилди.

Англиялик олим У.Пенфильд 1956 йили таҳорат ва мия фаолиятининг узвий боғлиқлиги борасида илмий кашфиёт қилди. Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатдики, агар терининг маълум соҳаларига таъсир кўрсатилса, мия пўстлоғидаги нерв толалари қўзғалиши юзага келади. Таҳорат қилиш айнан мана шундай қўзғатувчиларнинг энг оптимал тури экан. У.Пенфильд тузиб чиққан жадвалда таҳорат олганда мия пўстлоғидаги нерв толаларининг 83% қўзғалганини кўриш мумкин. Бу ерда таҳорат вақтида тананинг маълум қисмларини ишқалаш бутун танани ювгандан кўра кўпроқ мияга таъсир кўрсатиши исботланган. Мия пўстлоғидаги нерв толалалрининг қўзғалиши нима учун керак? деяётган бўлсангиз, айтиб ўтиш жоиз бу жараён инсон ақлий фаолиятини бир нуқтага жамлаш, ақлий меҳнат жараёни ва фикрлаш жараёнларини тартибга солишда асосисий вазифани бажаради. Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам нафақат намоз ўқишдан аввал, балки муҳим қарор қабул қилиниш лозим бўлган вазиятлар, ёки илм олишни бошлашдан аввал, умуман ақл иштирок этиши лозим бўлган жараёнлардан аввал таҳорат олишни тавсия қилганлар.

Ислом шариатида бола балоғатга етгач намоз ўқиши шартлиги, агар ўқишни хоҳламаса уни жазолаш орқали бўлса ҳам намоз ўқишга ўргатишга рухсат берилган. Классик медицина маълумотларига кўра, балоғат ёшида жисмоний жазо беришга рухсат этилишининг сабаби, бола мана шу даврдан жинсий ривожланишни бошлайди. Унинг ҳаракатлари онгли равишда амалга оширила бошлайди ва бу, бола онгида ортиқча салбий ҳаракат - жисмоний жазоланишга сабаб бўлишини муҳрлайди. Айнан мана шу даврда бола организмида эндокрин безларининг фаол ишлай бошлаши натижасида, болада жинсий ўзгаришлар содир бўла бошлайди, у атрофда қизиқ бўлиб кўринган ҳар бир нарсани татиб кўришни, ҳамма ишни қилиб кўришни истаб қолади. Шу вақтда ўсмирлар орасида жиноятчилик ва қонунбузарликнинг авж олишини кузатиш мумкин. Шунинг учун бу ёш энг қийин давр, яъни “ўсмирликнинг мураккаб даври”( “ўтиш даври”) деб аталади.

Психологиянинг “Ўсмирлар ва болаларда ўтиш даврни назорат қилиш” соҳасининг кузатувлари шуни кўрсатдики, болалигиданоқ намоз ўқишга одатланган болалар орасида “ўтиш даври муаммолари” умуман учрамайди. Бунга сабаб эса таҳорат ва намозга одатланиш экани ҳали ҳам кўпчиликка маълум эмас.

 

 

 

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216854
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24587