Шайх Зайниддин кўйи Орифон
10.12.2016 8331

     Ўзбекистон заминида, яъни Бухорои шариф, Самарқанд, Хоразм, Тошкентдек азим шаҳарларда шундай улуғ азиз авлиёлар, шайху фузалолар ўтганки, уларнинг ҳаётини билиш, мақоматини ўрганиш ҳар бир инсон учун ҳам фойдадан холи эмас. Чунки, Тошкент шаҳрида ҳам шундай комил инсонлар, яъни Аллоҳнинг дўстлари кўп яшаб ўтган, жумладан, Шайх Зайниддин кўйи Орифони, Этемас Эшон, Шайх Умар Боғистоний, Шайх Ховондий Тоҳур, Хожа Убайдуллох Шоший, Хожа Аҳрор Валий, Ҳаким ота, Занги ота, Яланғоч бобо, Хожи Аламбардор, Шайх Хазрати Имомлар каби тасаввуф шайхларини айтиб ўтиш мумкин.
    Тошкентнинг Кўкча даҳасида Шайх Зайниддин бобо мақбараси жойлашган. Ҳазрати Абул Ҳакимий Самарқандийнинг "Қандия" асарида шундай келтирилган: "Нақл қилибдурларки, ҳазрати Нуриддин Басир вояга етганларида ул кишини Шайх Зайниддин кўйи Орифонининг ҳузурларига олиб боришади. Шайх Зайниддин Худо назар қилган бул ёш ва пок бандани кўриб, фарзандликка қабул қилиб тарбиялари билан машғул бўладилар. Айтишларича Ҳазрати Зайниддин Тошкентнинг Орифон деган мавзейидан бўлган, Орифон тоғи эса Тошкентдан бир фарсаҳ узоқликда жойлашган. Номларига кўйилган лақаб ҳам шу жиҳатдан берилгандир. Бу Шайх Зайниддин бобонинг Орифонга нисбатлари борасидаги бир фикрдир.
    Бошқа манбада қуйдагича келади: Маълумки, Шайх Зайниддин бобонинг тарихини ўрганишдан маълум бўлдики, уларнинг тўлиқ исми шарифлари Шайх Зайниддин Кўйи Орифони Тошкандий ибн шайх Шаҳобиддин Абу Хафс Умар Суҳровардий. Ул зот 1164 йилда тугалиб, 1259 йили 95 ёшларида вафот этганлар. Оталари Шайх Шаҳобиддин Абу Хафс Умар Суҳровардий 1144 йили туғилиб, 1235 йили 90 ёшларида оламдан ўтганлар. Сухровардий Ироқ мамлакатининг Хоразмшоҳ давлатидаги элчиси бўлиб, 25 йил хизмат қилган. Шайх Зайниддин бобо шу даврда Хоразмдан Тошкентга келиб қолган. Нақл қилишларича, Шайх Зайниддин бобо Тошкентга яқинлашганларида, шаҳарнинг Кўкча дарвозасидан бир неча чақирим нарида туя тўхтаб чўкади. Шайх Зайниддин бобога ўз жойларини Аллоҳнинг иродаси билан белгилаб беради. Кейинчалик ушбу жой Кўкча даҳасига айланади ва Орифон қишлоғи пайдо бўлади. Сўнгра бу ерда Ҳазрати Шайх Зайниддин бобо дафн қилиниб, Шайх Зайниддин бобо қабристонига айланади. Ўша даврда у ерда фақат чиллахона ва ҳужралар, кейинчалик масжид қурилган".

— Бир куни Ҳазрат Муҳаммад Мустафо саллоллоҳи алайҳи васаллам бундай марҳамат қилган эдилар: "Қиёмат куни гуноҳкор банда ўзининг феълидан ҳижил ва шарманда бўлиб, жаннатдан умидини узган маҳалда Ҳақ таолодан шундай хитоб келади: "Эй бандам, ёруғ дунёда фалон олим ва ё фалон орифни танирмидинг?. Банда: "Ҳа, танир эдам", — деб жавоб беради. Шунда Ҳақ таоло "Жаннатга боргил, сени унга бағишладим", — дейди". Бас, Худонинг дўстлари — орифлар, азиз авлиёларни таниш, улардан баҳра олиб яшамоқ қиёматда нажот топиш учун сабаб бўлар экан. Шайхулислом Ҳазрати Хожа Абдуллоҳ Ансорий васият қилиб: "Авлиёи Аллоҳнинг ҳар қайсиларидан бир сўзини ёд қилинглар ва агар сўзларидан ёд билмасангизлар, уларнинг табаррук исмларини ёд олинглар, мунинг бирла баҳра топурсизлар", — деган эканлар. Шундай экан, уларнинг зикрларини, хавориқ одат, кароматларини ихлос билан ўқиб ўрганиш жуда фойдалидир. 

      Келтирибдурларки, бир куни Шайх Замон Шайх Зайниддин кўйи Орифони ўз муридларига айтдилар:

— Ораларингиздан ким менинг маърифат ва ҳақиқат сири борасидаги саволимга жавоб берур? Муридлар хомуш ўтириб, жавоб бера олмадилар. Ҳазрати Шайх ушбу саволни уч маротаба қайтариб сўрадилар. Ҳамма ўтирганлар бошларини ҳам қилиб жавоб бермадилар. Ногаҳон, Нуриддин Басир ўрниларидан туриб, агар ижозат бўлса, фақир жавоб берурман, дедилар ва устозларининг саволларига чунон жавоб бердиларким, бу тўғри жавоб эди. Шайх Нуриддиннинг бу жавобларидан мажлис аҳли ҳайратда қолди ва ҳаммалари хушнуд бўлдилар. Яна нақл қилибдурларким, ҳазрати Нуриддин Басир ўз пирларининг таҳорат қилишлари учун ишлатиладиган офтобани доим ўзлари билан олиб юрар эдилар. Ўша вақтда қиш фасли бўлиб, кунлардан бир куни шайх Басир бошларини пирларининг остоналарига қўйиб, уйқуга кетдилар. Ўша кечаси ҳаво жуда совуқ бўлиб, қалин қор ёғиб, Шайх Нуриддин қор остида қолдилар. Эртасига эрталаб саҳарда Шайх Зайниддин ҳужраларидан ташқарига чиқдилар. Остонада ухлаб ётган шайх Нуриддин ҳам қор остидан чиқдилар ва ўз қўйниларидан пирларининг офтобаларини чиқариб берадиларки, офтобадаги сув шайх Нуриддин баданларининг ҳароратидан жуда иссиқ бўлган экан. Бу ҳолни кўрган шайх Зайниддин кўйи Орифони жуда хушнуд бўлиб айтадилар: 

— Сиз биздан зиёда бўлиб, камолга етибсиз, энди халқни Худои таоло йўлига даъват қилиш учун онангиз билан Самарқанд сари борингиз. Қачонким Самарқандга яқинлашсангиз қоп ортилган туяни етаклаган бир туркни учратасизким, ул туя ва қоп менга аталган ва у сизнинг рисқингиздир. Қачонким Самарқандга етганингизда фалон мавзеда бир чашма борким, "Чашмаи Наводон" дерлар. Туянгаз ўша чашма ёнида чўкади ва сизнинг жойингиз ўша ердир, — дейдилар ва шогирдлари Шайх Нуриддинга ижозат берадилар . Ушбу нақллардан кўриниб турибдики, Шайх Зайниддин бобо ўз замонасининг улуғ авлиёси Қутби Чаҳордум Шайх Нуриддин Басирнинг пирлари бўлган.
     Шайх Зайниддин бобо ўзлари комил инсон бўлиб, пиру муршидлик қилиб, кўп шогирдлар, яъни муридларни камолга етказган эканлар. Шулардан Этемас Эшон (ёшлигидан гўшт истеъмол қилмаганлиги туфайли шу ном сақланган). Кўкча даҳасида истиқомат қилувчи, жомеъ масжидининг фаолларидан бири 70 ёшли Саидазимҳожи ота Саидаҳмедовнинг нақл қилишларича: "Бир куни кўнгилда ҳасади бор бир неча киши Этемас Эшонни меҳмонга чақиришибди. Унинг гўшт емаслиги устадан кулмоқчи бўлиб, мушук гўштидан ош пишириб узатибдилар. Палов дастурхонга тортилибди ва ҳурмат юзасидан Этемас Эшонга сиз бошланг дейишибди. Шунда Этемас Эшон лагандаги катта гўштга қараб: "Сенга кўп азоб беришибди-ку, эй, худонинг маҳлуқи", деб дуо ўқиб, қўллари билан ишора қилган эканлар лагандаги гўшт мушукка айланиб ерга сакраб тушиб кетибди. Ўз қилмишидан афсусланган кишилар Этемас Эшондан узр сўраб, мулзам бўлиб, кароматларидан лол қолишибди.
      Шайх Абу Бакр Шиблий айтган эканлар:

— Агар бутун оламда ўша кишиларнинг сўзига мувофиқ бирон сўз айта оладиган одамни топсанг, унинг этагини ўпгин ва қаттиқ ушлагин. Дарҳақиқат, Шайх Нуриддин Басир, Этемас Эшон каби муридлар Шайх Зайниддин бобонинг этагини маҳкам ушлаб, юксак мақомга эришганлар.
      XII асрда яшаб ўтган Шайх Умар Боғистоний, уларнинг фарзандлари Шайх Хованди Тоҳур ва кўплаб шайху уламолар Ҳазрати Шайх Зайниддин бобога ихлос қўйганлар. Шу ўринда Шайх Хованди Тохурнинг туғилиши ҳақидаги бир ривоятни келтириш мумкин. Ўз замонасининг авлиёси бўлмиш Шайх Умар Боғистоний умр йўлдошлари билан бирга ҳазрат Шайх Зайниддин Кўйи Орифоннинг мозорларига келиб, Аллоҳдан фарзанд ато қилишни илтижо қилибдилар. Шайх Зайниддиннинг ҳурматлари билан Ҳақ таоло Шайх Умар Боғистонийга бир ўғил насиб этибдурки, у машҳур Шайх Хованди Тоҳурдир. Шайх Хованди Тоҳур дунёга келгач, Шайх Умар чақалоқни Шайх Зайниддин бобо мозорларига олиб борибди, у ердаги каптарлар чақалоқни кўриб, «Ат-Таҳур» деб сайрай бошлашибди. Ана шу кароматли мужда сабабли чақалоққа Тоҳур деб ном қўйибдилар.
     Эслатиб ўтиш жоизки, Шайх Умар Боғистоний фарзандни вафот этган пирларидан эмас, Аллоҳ таолодан сўрганлар, фақат усозларини васила қилиб, ҳурматларини ўртага қўйганлар. Аммо ҳозирда инсонлар бу каби ишларни нотўғри талқин қилиб, улуғ авлиёлар, валий зотлар қабристонига бориб, марҳумлардан нажот, бахт, фарзанд, бойлик ҳамда соғлик тилайдилар. Бу айни ширкдир.
     Шайх Зайниддин бобонинг ўтган асрларда 19 қозикалон муҳри босилган шажараси бизгача етиб келган. Шажара 1200 йиллик даврни ўз ичига олиб, Сухровардийнинг ўзи 14 – авлод, Шайх Зайниддин бобо 15 – авлод. Ҳозир 44, 45, 46, 47-авлодлари яшаб келмоқда, кўпчилиги Кўкча даҳасида. Шоирхислат, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Омонулла Файзуллаев, Ўзбекистон телевидениясишгаг фахрийси Музаффар ота Асадуллаев Шайх Зайниддин бобо авлодларидандир. Кўкча даҳасининг Насибулла Ҳабибуллаев кўчаси 1-уйда Шайх Зайниддин бобонинг авлодлари истиқомат қилади.

 

Тошкент ислом институти ўқитувчиси Фахриддин Муҳаммад Носир

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216420
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24554