Сабрнинг иккинчи тури
27.9.2016 6139

    Сабрнинг бу тури кўпроқ ёшларга керак бўлади. Азиз ёшлар, гапларимга диққат билан қулоқ солишингизни истардим. Мен сизларга маъсиятларга қандай сабр қилиш кераклигига бир мисол келтираман. Бугунги кунда ёшлар орасида тарқаган энг хатарли мусибатлардан бири эркак ва аёлнинг ўзаро муносабатидир. Бу каби муносабат Юсуф (а.с.) билан Миср ҳокимининг хотини Зулайҳо ўртасида ҳам бўлиб ўтган. Юсуф (а.с.) навқирон, соғлом ва жуда чиройли йигит бўлган. Шу билан бирга қул эди. Маълумки, қулларда масъулият кам бўлади, улар ҳур одамларга қараганда журъатлироқ бўлишади. Яна Юсуф (а.с.) бегона юртдан келган ғариб киши бўлган, у зотни ҳеч ким танимаган, хоҳлаган ишни қилишга имконияти бўлган.
    Эътиборингизни яна бир жиҳатга қаратмоқчиман. Зулайҳо! У ҳам гўзал, мансабдор аёл бўлган. Унинг ўзи Юсуф (а.с.)ни гуноҳга тарғиб қилган, эшикларни қулфлаган, уларни ҳеч ким кўрмас эди, ҳатто зино қилмаса, зинодонга ташлашини айтиб таҳдид ҳам қилган.
    Азиз ёшлар! Сизларда ҳам шундай шароит бўлганми?! Бу синовдан ҳам қийинроқ имтиҳон борми?! Юсуф (а.с.)да маъсият қилиш учун имкониятлар бундан ҳам кўп эди, яъни саройдаги барча аёллар Юсуф (а.с.)ни тинмай маъсиятга чорлашарди.
    Қалбингиздан “Амаллар ниятга қараб белгиланади”, деган фикрлар ўтаётишидан қўрқаман. Ахир, Юсуф (а.с.)нинг туши эмас! У зотнинг Зулайҳога берган жавобини эшитинг: “Аллоҳ сақласин. Ахир у (яъни, эринг) менга яхши жойлар берган ҳожам-ку! Албатта, золим кимсалар (яъни, зинокорлар) асло нажот топмаслар” (Юсуф, 23). Сиз ҳам шундай бўла оласизми? Унда ҳозирдан бошланг! Бегона аёллар билан гаплашиш, учрашиш, уларга табассум қилиш...лардан ўзингизни тийинг! Аллоҳга қасамки, Юсуф (а.с.) ёшлар учун ҳеч қандай узр қолдирмаганлар! Баъзи ёшлар эътироз билдириши мумкин: “Юсуф (а.с.) университетни кўрмаганлар-да!” Мен сизга айтманки: “Сиз Юсуф (а.с.) яшаган саройни кўрмагансиз-да!” Сезиб турибман, яна эътироз билдиряпсиз: “Ахир, у замонларда телевидения, кино ва сериаллар бўлмаган-да!” Мен сизга яна айтаманки: “Сиз эшикларни қулфлаб, зино учун барча шароитларни ҳозирлаб, ёш йигитни зинога мажбурлаган ва зиндон билан таҳдид қилган аёлни кўрмагансиз-да!” Сезяпман, ҳозир сизнинг ҳар қандай баҳонангиз Юсуф (а.с.) ҳолати олдига ҳеч нарсага арзимаслигини ҳис қиляпсиз!
     Қуйидаги оятга ҳам яхшилаб эътибор беринг: "(Зулайхо) деди: "Мени у тўғрида маломат қилганларинг шу (йигит) эди. Ҳақиқатан, ундан нафси (жинсий яқинлиги)ни талаб қилганимда, у сақланди. Қасамки, агар (у) менинг буйруғимни бажармас экан, албатта, зиндонбанд қилиниб, ҳақирлардан бўлиб қолур" (Юсуф, 32). Оятдаги “у сақланди” иборасини кўз олдингизда гавдалантиринг! Бу сўз сизга қанчалик таъсир қилганига эътибор беринг. Бирор марта бўлса ҳам, нафсингизга шу сўзни айтганмисиз?! Бу сўзни ҳозирдан ўзингизга шиор қилиб олинг! Нафсингизни заиф ва қалбингизни кучсизлигини сезсангиз, бошингизни баланд кўтаринг ва мазкур шиорни баралла айтинг!
     Азиз ёшлар! Турмуш қургунга қадар ўзингизни тийинг, сабр қилинг! Зеро, Юсуф (а.с.) сизларга ҳеч қандай узр ва баҳонага имконият қолдирмаганлар! Хаёлингизга “Бизнинг замон қийин-да”, деган фикр келганида нафсингизга “Юсуф (а.с.)нинг шароитлари осон ва оддий бўлганми?”, деган саволни беринг! Эй қизлар билан суҳбатлашишни тарк қила олмаётган йигит! Эй қизлар билан телефонда гаплашишдан ўзини тия олмаётган ёшлар! Юсуф (а.с.)дан ўрнак олинг! Ким ҳозирдан маъсиятлардан сабр қилиш ва Аллоҳдан кўмак сўрашни ният қилган бўлса, ундай кимсани Жаннат билан табриклайман! “Одамларга аёллар, фарзандлар, уюм-уюм олтин-кумушлар, саман отлар, чорва моллари ва экинларга нисбатан меҳр қўйиш зийнатли қилиб қўйилди. Булар (аслида) дунё ҳаётининг (ўткинчи) матоҳидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса (бунданда) чиройли жой (жаннат) бордир. Айтинг (эй, Муҳаммад!): "Сизларга булардан ҳам яхшироқ нарса ҳақида хабар берайми? Тақводор кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида остидан анҳорлар оқиб турадиган, абадий яшаладиган боғлар (жаннат боғлари), пок хотинлар ва Аллоҳ тарафидан ризолик (мўминлар учун улуғ неъмат -ризвон) бор. Аллоҳ бандаларни кўриб (кузатиб) турувчидир" (Оли Имрон, 14-15).
     Юқорида Юсуф (а.с.)нинг қиссаси маъсиятларга сабр қилишда энг яхши мисол эканини билиб олдик. Энди, тамаки чекувчи биродаримга тавсияларим бор. Эй тамакини ташлашга қийналаётган дўстим! Сизга бўлган бир воқеани айтиб бераман. 40 йил тамаки чеккан бир одам ниҳоят ундан воз кечиб, Аллоҳнинг марҳаматига эришишга қарор қилди ва Аллоҳдан ёрдам сўраб, чин ихлос билан ибодатларни бажара бошлади. Ниҳоят тамакини ташлашга муяссар бўлди. Субҳаналлоҳ!! Маъсиятларга сабр қилиш сизни мўъжиза яратишгача олиб боради! Кўпчилик тамакидан умуман қутулиб бўлмайди, деб ўйлашади. Лекин воқелик кўрсатиб турибдики, 40 йил тамаки чеккан одам сабр қилиш натижасида тамакидан қутилди. Маъсиятдан сақланишда сизга ёрдам берадиган омиллардан яна бири ёмон одамлардан узоқлашиш ва улар билан дўстлашмасликдир.
    Аксарият аёлларнинг маъсияти айнан шу нарсадан бошланади! Кўпчилик аёлларнинг гуноҳга йўл қўйишлари бошқаларнинг ҳаётига бўлган қизиқишдан бошланди. Аёллар фалончи актриса ёки қўшиқчига ўхшашга интилади, бошқаларнинг маъсиятли ҳаётига қарамасликка сабр қила олмайдилар. Ҳатто эридан пул ундирмагунча хархаша қиладилар. “Сиз (кофирлардан айрим) тоифаларни синашимиз учун баҳраманд қилган дунё ҳаёти гўзалликларидан иборат нарсаларга кўзларингизни термултирманг! Раббингизнинг ризқи яхшироқ ва боқийроқдир" (Тоҳа, 131). Лекин Аллоҳ берган неъматларга қаноат қиладиган мўмина аёллар ҳам кам эмас! Сиз ҳам шулардансиз, деб ўйлайман.
     Маъсиятларга сабр қилишда Юсуф (а.с.)нинг қиссаси сизга кифоя қилади, деган умиддаман. Ўйлайманки, қисса ҳар бир йигит ва қизнинг қалбига кириб борди! Юсуф (а.с.)нинг қиссасини кўз олдингизга келтиринг! “Юсуф” сурасини ўқинг, айниқса, қуйидаги оятга диққат қилинг: “(Юсуф) деди: "Эй, Раббим! Менга таклиф этишаётган нарсадан кўра зиндон маъқулроқдир. Агар уларнинг макрларини мендан дариғ тутмасанг, уларга мойил бўлиб, жоҳиллардан бўлиб қолурман" (Юсуф, 33). Айтингчи, бу оятни ўқиганингизда, ўзингизни қандай ҳис қилдингиз? Маъсият қилишни хоҳлаяпсизми ёки бу сўзни ҳатто эшитишга тоқатингиз йўқлигини ҳис қиляпсизми? Дарҳақиқат, Юсуф (а.с.) қиссаси сизга куч бағишлайди, нафс шайтоннинг зиндонидан озод бўлади. Шунинг учун ҳам “Юсуф” сурасини ўқиган ҳар қандай маҳзун, азият чеккан ёки шаҳватига қул бўлган одам ўқиса, бу каби иллатлардан халос бўлади. Келинг, сиз ҳам “Юсуф” сурасини шундай ниятда ўқинг ва сабрлилардан бўлинг!

 

Одилхон қори Юнусхон ўғлининг “Жаннат калити” китобидан

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216386
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24553