Рўза тутувчиларга тиббий маслаҳатлар
22.5.2018 3524

Мана юртимизда, Рамазони шариф шукуҳи кезиб юрибди. Ушбу муқаддас ой инсонларни бир-бирига мисли кўрилмаган даражада яқинлаштиради десак, хато бўлмайди. Чунки, бутун дунё мусулмонлари ой давомида саҳардан то шомга қадар еб-ичишдан, нафснинг истакларидан воз кечиб куну-тунларини ибодатга бағишлайдилар.

Айтиб ўтиш жоизки, Аллоҳ Таоло буюрган Рамазон рўзаси саломатлиги жиҳатидан қодир бўлган ҳар бир мусулмонга фарз қилинган. Рўзанинг ажру-савоби беҳисоб бўлиши билан бирга у инсон саломатлиги учун жуда ҳам фойдали экани мана неча йиллардан буён ўтказилиб келаётган тадқиқотлар натижасида исботланиб келмоқда.

Ушбу мақоламизда биз, сиз азизларимизга Рамазон рўзасини адо этишда танамиз ҳам руҳимиз ҳам имкон қадар кўпроқ фойда олишига ёрдам берувчи бир неча тиббий маслаҳатларни бериб ўтамиз. Ўйлаймизки, ушбу шифокор маслаҳатлари рўзадорларимизга муқаддас ойни саломатликлари учун фойда билан ўтказишга ёрдам беради.

Овқат ҳазм бўлишида энг асосий мезон бу егуликнинг сифати ва таркибидир.

Таомни меҳр ва енгиллик билан тайёрланг. Ошқозон учун энг манзур таом бу – термик ишлов берилмаган табиий маҳсулотлардир. Хусусан, мева ва сабзавотлар минерал, витамин ва тўқималарга бой бўлиб ўта енгил ҳазм бўлади. Турли сабзавот ва мевалардан табиий қатиқ ва ўсимлик ёғлари (зайтун, писта, соя ва бошқалар) билан ростланган салатлар тайёрланг. Бундай салатлар ошқозон шиллиқ қаватини яллиғлантирмай, хазм қилиш тизимини яхшилайди.

Ошқозон шиллиқ қаватида турли эрозия (ёриқлар) ҳосил бўлишига сабаб бўлувчи хлорид кислотаси асосан таркибида турли кимёвий экстратлар аралашмаси мавжуд бўлган егуликлар сабаб ишлаб чиқарилади. Ана шундай кимёвий қўшимчалардан ҳоли бўлган сабзавотлар, балиқ гўшти, товуқ, ёғсиз мол (бузоқ) гўштларидан тайёрланган шўрвалар ошқозон учун “хуш ёқади”. Шўрвалар – ошқозон учун “малҳам” дейиш мумкин. Чунки, шўрвалар ошқозон яраси, гастрит, холецистит, қорин дам бўлиши ва иш қотишида ўта фойдалидир.

Гўшт маҳсулотларини димлаб, буғда ва газ печида пишириш мақсадга мувофиқдир. Парда пиширлиган балиқ гўшти, газ печида пиширилган мол гўшти, димланган қиймали котлетлар енгил ҳазм бўлиб пишириш жараёнида таркибидаги оқсил ва витаминларини ўзида сақлаб қолади. Бундай оқсил ва витаминларга бой таомлар рўзадорга кун давомида қувват беради.

Шунингдек, гуруч, нўхот, гречка ва бошқа дуккакли маҳсулотлардан тайёрланган бўтқалар организмни енгил ҳазм бўлувчи оқсил билан таъминлашда қўл келади. Дуккакли маҳсулотлар таркибида ҳазм қилиш фаолиятини яхшиловчи эрувчан пектин ва парчаланмайдиган клетчатка мавжуд. У сабаб узоқ муддат қайнатилиб пиширилган бўтқалар ошқозонга тушгач, унинг шиллиқ қаватини қоплаб олади ва гастрит, дуоденит, ошқозон эрозияси ва яра касалликларини олдини олади.

Меъёрни билинг.

Тўйиб кетгунча таомланманг. “Салгина тўймай” туриб овқатланишни тўхтатинг. Чунки, ошқозонингизни меъёридан ортиқ тўйдиришингизга жавобан меъдангиз сизга кўнгил айниши, жиғилдон қайнаши, кекириш, қорин дам бўлиши билан “жавоб қайтаради”. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамзод қориндан кўра ёмон бирор идишни тўлдирмаган. Одам боласи гавдасини тик тутишга бир-икки луқма озуқа етади. Агар кўпроқ егиси келса, унда ошқозонининг учдан бири овқатга, учдан бири ичимликка, учдан бири ҳавога тўлдирилиши керак”, деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).

“Ас-Сияр ал-Ҳалабия” китобининг соҳиби ҳазрати Умардан ривоят қиладилар: “Биз шундай қавмдирмизки, очликни ҳис қилмагунча таомланмаймиз, таомланганда ҳам тўйиб емаймиз!”.

Демак, Пайғамбаримиз (саллоллоҳу алайҳи васаллам) марҳамат қилганларидек,  тўйиб таомланиш ошқозон фаолиятининг бузилишига олиб келади. Шунингдек, оч ҳолда ухлаш ҳам тиббиёт нуқтаи – назаридан жоиз эмас.

Ифторликдан сўнг оч ҳолда ухлашга ётманг. Чунки, очлик сизни тунда безовта қилиши ва саҳарлик чоғида меъёридан ортиқ таом истеъмол қилишингизга олиб келиши мумкин. Шунингдек, очлик ҳисси уйқусизликни келтириб чиқариши мумкин. Ифторлик вақти учун енгил сабзавотли, сутли ва денгиз маҳсулотларидан таомлар ҳозирланг. Бундай таомлар кечки овқат учун айни муддаодир. Чунки, ифторликдан сўнг ошқозон гўштли ва оғир ҳазм бўлувчи таомларни қайта ишлаб, ҳазм қилишга “улгурмайди”, оқибатда, саҳарлик вақтида ошқозондаги оғирлик ҳисси, кўнгил айнаши ва меъда бузилиши каби ноқулайликлар билан уйғонишингиз мумкин.

Уйқу олдидан “бирор нима еб олиш” ҳиссидан бир стакан сут ёки табий қатиқ ичиш орқали ҳалос бўлишингиз мумкин. Айтиб ўтиш жоизки, олимлар табиий қатиқ таркибида ошқозон-ичак саратон касалликларини олдини олувчи канцероген моддаси борлигини тадқиқ қилишган.

Ошқозонни турли газланган салқин ичимликлар билан тўлдирманг. Таркибида газ ҳосил қилувчи кимёвий қўшимчалар ва шакарга бой бўлган бундай ичимликларни ошқозонимиз умуман “хуш кўрмайди” ва бунга жавобан қорин дам бўлиши, жиғилдон қайнаши, кекириш ва ҳиқичоқ тутиши каби ноҳуш ҳолатлар юзага келиши мумкин.

Зираворлардан фойдаланишда ҳам эҳтиёт бўлинг. Туз, гармдори, мурч, зира ва шу каби зираворларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш ошқозонда хлорид кислотасининг ишлаб чиқарилишини тезлаштиради, бу кислота эса ошқозон шиллиқ қаватини емиради. Шунингдек, саҳарлик чоғида туз ва аччиқ зираворларни кўп истеъмол қилиш кун давомида ташналик хиссини ошишига олиб келади.

Минтақамизнинг иссиқ иқлимини ҳисобга олиб суюқлик меъёрига ўта эътиборли бўлишимиз лозим. Бундай иссиқ иқлим шароитида инсон танаси кун давомида 2,5-3 литр суюқлик қабул қилиши шарт.

Энди энг нозик дақиқалар ифторлик вақти борасидаги маслаҳатимизга қулоқ тутинг. Кун давомидаги очилик ва ташналикдан сўнг ифторлик чоғида бирданига кўп сув ичиб, тез овқатланманг. Бизга ҳар соҳада ўрнак Расулимиз (саллоллоҳу алайҳи васаллам) бу борда ҳам гўзал намуна кўрсатганлар. Оғизни хурмо мевалари ёки тоза сув билан очинг. Бир неча хурмо меваларидан истеъмол қилгач, озгина сув ичинг ва намозни адо этишга туринг. Хурмо меваси таркибидаги шакар ўта енгил ҳазм бўлиш хусусиятига эга бўлиб, бир неча дақиқа ибодат билан машғул пайтимиздаёқ ҳазм бўлиб қонга сўрилишга улгуради. Оқибатда танамиз шакар қабули сабаб қувватга тўлиб, очлик ҳисси камаяди. Энди сиз меъёридан ортиқ таом истеъмол қилиб қўйишдан хавотирланмасангиз ҳам бўлади.

Ифторликни энг, аввало, гўшт ва нон маҳсулотларни истеъмол қилишни бошласангиз, ошқозонга тушган гўшт маҳсулоти қайта ишланиб ундаги моддалар қонга сўрилгунича ва тана қувватга тўлгунича жуда кўп вақт сарфланади. Бу вақт ичида эса киши очлик ҳиссини енгиш учун меъёридан ортиқ таом қабул қилиб қўйганини сезмай қолади.

Замонавий физиологларнинг фикрича, кўплаб ошқозон билан боғлиқ касалликлар салбий ҳиссиётлар, ёмон кайфият руҳий тушкунликлар сабаб юзага келар экан. Чунки, ошқозон “энг нозик” аъзолардан  бўлиб, инсон кайфиятига кўра ошқозон фаолияти ўзгарар экан. Шунинг учун, инсон мазкур ойда ўзини руҳий томонлама тайёрлаши ва эътиқодида мустаҳкам бўлиши лозим. Рўзани Аллоҳнинг розилиги учун чин кўнгилдан тутиш, ундаги қийинчиликларни енгишда ёрдам беради. Аллоҳ тутаётган рўзаларингизни танингизга даво, қалбингизгага шифо қилсин ва ажри билан мукофотласин!

 

 

 

 

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216293
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24549