Қутлуғ ой остонасида
Аллоҳ таоло бандаларга шарафли қилиб берган улуғ ой, муборак Рамазон ойи эшик қоқмоқда. Бу ойнинг фазли, саодати, савобу раҳмати бисёрки, унинг ҳар сонияси мукаррам. Унинг бир даҳаси мағфират, яна бир даҳаси дўзаҳдан озод қилади. Аллоҳ таоло бу ойда жаннат дарвозаларини ланг очиб қўяди, дўзаҳ эшикларини беркитади. Қайси-ки банданинг зикри қалбидан тилига, тилидан дилига кўчиб, Аллоҳдан дуо қилар экан, дуоси ижобат бўлади. Шу сабаб, жаннатдан умидвор мўмин бу ойнинг совғасини жуда яхши билади.
Барчамиз Муборак ойга тадорик қилаяпмиз. Бугун узр-манзурлар айтиб, қарзларимиз бўлса, уларни адо қилиб, қавму қариндошлар орасида силайи раҳмни кучайтириш, дўсту ёр, қуда-анда, орасида араз, гина-кудурат бўлса, уни ислоҳ қилиш фурсати келди.
Рамазон олдидан тавбани кўпайтирайлик—Рамазонга Аллоҳ бизни мувофиқ қабул қилсин. Истиғфор айтайлик—Рамазон биздан рози бўлсин! Рамазон—тақво ойи экан, кўзимиз, қалбимиз, жисмимиз билан рўза тутиб, ибодатни янада юксалтирайлик.
Қуръон ўқишни доимийлигини йўлга қўяйлик. Бунинг йўллар жуда осон: ҳар куни ният қилиб қўйинг—бомдодда 4 бет, пешинда 4 бет, асрда 4 бет, шомда 4 бет, хуфтонда 4 бет ва яна 2 вароқ.
Ҳисоблаб кўрсак, бир кунда 20 бет Қуръон. Бу 10 вароқ дегани, бу “бир жуз” дегани, бу Қуръони Каримнинг 30 жузидан бир жуз, бир пора ўқилди, дегани. Қаранг, бир кунда қанча мукофот, бир ойда қанча саодат!
Аллоҳ таоло биз учун шайтонларни занжирбанд қилиб, жинларни боғлаб, ҳамма зарар- зиёндан асрайдиган, мўмин бандаларини ҳифзи ҳимоясига оладиган бу ойни юксак тайёргарлик билан кутиб олайлик. Бу ойни аҳли оиламиз билан, улуғлар бошчилигида, аҳил-иноқликда ўтказиб, Яратганнинг марҳаматига эришайлик!
Одилхон қори Юнусхон ўғли