Қуръони каримдан хато қидирган олим ҳайрати

29 Sen 2016 18337

    Шимолий Америкадаги энг йирик Торонто университети математика ва мантиқ фанлари устози профессор Горий Маляр насронийлик динига даъват қилувчи, муқаддас китоб Инжилдан хабардор киши эди. У ўз фан соҳаси математика, мантиқни жуда яхши кўрганидан ҳар бир ишга мантиқий ёндашишга ҳаракат қиларди.
   Кунларнинг бирида профессор мусулмонларни насронийлик динига даъват қилишида кўмак бўлади, деб Қуръони каримдан хатолар излашга киришади. У Қуръони каримни араблар маданияти, турмуш тарзлари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган, 14 аср олдин тушган қадимги китоб бўлса керак, деб ўйлайди.
   Кечки пайт хонасига кириб Қуръони каримни қўлига олади. Китобдаги жумлаларни ўқир экан, ўйлаган нарсаларидан умуман бошқа маълумотларни кўриб ажабланади. Қуръони карим дунёдаги бошқа бирорта китобда топилмаган маълумотларни ўз ичига олганини билади. Аслида, у ҳозир китобни очсам, биринчи бўлиб Муҳаммад пайғамбарнинг ҳаётидаги бошидан кечирган оғир кунлари; аёли Хадичанинг, фарзандларининг вафоти ҳақидаги маълумотларга дуч келсам керак, деб ўйлаган эди. Бироқ у ҳақда бирор маълумот топа олмади. Қуръони каримдаги бутун бошли бир сура Марям онамизнинг номи билан номланганини, сурада Марям онамизга кўрсатилган юксак эҳтиромларни кўриб ҳайратдан ёқа ушлайди. Сабаби бу олим ўзи ўқиган китоб Инжилда ҳам бундай эҳтиромларни учратмаган эди. Кейин у Қуръоннинг бошқа суралари пайғамбарнинг энг суюкли хотини Ойша ёки фарзанди Фотиманинг номи билан номланганмикан, деб қидирадию бирор сура бундай ном билан номланмаганини кўради. Қуръони каримни варақлаб Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) номлари бор йўғи 4 марта зикр қилинганини, Исо (алайҳиссалом) эса 25 маротаба зикр қилинганини кўриб ҳайрати янада ортади. Бундай маълумотларни ўқиётган Горий Маляр энди Қуръонни диққатлироқ ўқий бошлайди. Шояд, ундан бирор хато топса. Бу сафар у ажойиб бир оятга тўқнаш келади. У “Нисо” сурасининг 82 ояти эди: "Қуръон (оятларининг маънолари) ҳақида (чуқурроқ) фикр юритмайдиларми?! Агар (у) Аллоҳдан ўзганинг ҳузуридан (келган) бўлса эди, унда кўпгина қарама-қарши гапларни топган бўлур эдилар".
    Профессор бу оятни ўқиб бундай дейди: “Қизиқ, ҳозирги кундаги машҳур илмий принципга кўра ҳар хил назариялардаги хатоларни топиш, уларнинг сохталиги ёки ҳақиқийлигини ўрганиб тадқиқ қилиш бўлса, бу Қуръон карим мусулмонларни ҳам мусулмон бўлмаган барча инсонларни ҳам ўзидан хато топишга чорлаётганига қаранг, унинг устига Қуръон: “Ҳаргиз бирор хато топа олмайсизлар”, деб таъкидлаган. Дунёда бирор бир муаллиф китоб ёзиб: “Бу китоб хатолардан холи, қани бирор хато топиб кўрингларчи”, деб айтишга журъат қила олмайди. Лекин Қуръонда, бунинг акси ўлароқ сизга: “Унда бирор хато йўқ”, деб айтилган, аниқроғи сизга унда хато қидиришни таклиф қиляпти, кейин ортидан “Ҳаргиз топа олмайсиз”, дейишга журъат ҳам қиляпти”.
     Профессор яна бир оятни ўқиб узоқ ўйланиб қолади. Бу “Анбиё” сурасининг 30 ояти эди: "Кофир бўлганлар осмонлар ҳам, Ер ҳам (аввалда) яхлит бўлганини, бас, Биз уларни ёриб юборганимизни ва барча тирик мавжудотни сувдан (пайдо) қилганимизни кўрмадиларми?! Энди ҳам имон келтирмайдиларми?!" 
     Профессор бу оятни ўқиб қуйидагиларни айтган: “Аниқ айта оламанки, бу оят 1973 йили “Нобел” мукофотига эга бўлган илмий тадқиқотнинг мавзуси ҳисобланади. Тадқиқот “Big Bang”, яъни катта портлаш назарияси ҳақида эди. Унда келган маълумотларга кўра, борлиқ, ундаги еру осмонлар, юлдузлар айнан ана шу катта портлаш натижасида пайдо бўлган экан. Оятда келган (رتق) “Ротқ” калимаси, яхлит бир нарсани билдирса, ундан кейин келган (فتق) “Фатқ” калимаси, эса ўша яхлит нарсани парчаланганини, ёрилганини англатади. Қизиқ, мазкур назариянинг айни ўзи-ку! Оятнинг кейинги қисмига келсак, унда ҳаёт манбаи – сув ҳақида гап кетяпти, яъни: "...барча тирик мавжудотни сувдан (пайдо) қилганимизни кўрмадиларми?!" 
   Ҳозирги замон илм-фани тирик ҳужайра ситоплазмадан ташкил топганини, ситоплазманинг асосий қисми эса, яъни 80 фоизи сувдан иборатлигини исботлади. Шундай экан 1400 йил илгари ёзишни ҳам ўқишни ҳам билмайдиган Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу гапларни қаердан ҳам биларди, агар у Аллоҳ таоло томонидан ваҳий орқали билдирилмаса, деганча узоқ ўйга чўмади. Хонада сукунат, ниҳоят профессор Горий Маляр Қуръони карим Ҳақ таолонинг китоби эканини тан олиб Исломни қабул қилади. Бу ҳолат 1977 йили содир бўлади. Шундан кейин у дунёнинг турли ўлкаларида Ислом дини ҳақида маърузалар олиб боради. Хусусан, маърузаларининг бирида мусулмонларга қараб бундай дейди:

“Эй, мусулмонлар агар бошқа дин вакилларига қараганда сизларга берилган неъматларнинг ортиқлигини билсангиз эди, муслима онадан дунёга келиб ва унинг қарамоғида тарбия топганларингиз, мусулмон бўлганингизга шукр қилиб сажда қилар эдингиз. Агар сизлар ва бошқа дин вакилларидаги илоҳиёт, рисолат, пайғамбарлик, қайта тирилиш, ҳисоб-китоб бўлиши, жаннат ва жаҳаннам назарияларига эътибор бериб қарасангиз, Аллоҳ таоло сизларни мусулмон қилганига шукр қилиб сажда қилган бўлардингиз. Чунки бошқа дин вакиллари назидидаги бу назариялар мантиққа тўғри келмайди, уларни саломат ақл қабул қилмайди”.

     Профессорнинг “Ал-Қуръанул музҳил” (Ҳайратга солувчи Қуръон), “Ал-фарқ байнал Қуръан вал китаб ал-муқаддас” (Қуръон билан, муқаддас китоб орасидаги фарқ), “Назротун исламийятун ли асалибил мубашширин” (башорат берувчилар услубларига исломий қараш) каби Ислом дини ҳақида ёзган китоблари ва ундан бошқа бир қанча китоблари бор. Унинг кўплаб китоблари инглиз тилида интернет сайтларида чоп этилган. Горий Малярнинг маърузалари натижасида кўплаб инсонлар Ислом динини қабул қилдилар.

 

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Ғиёсиддин БАРАТОВнинг араб тилидан таржимаси

 

Манба: www.muslim.uz