ҚИЛДИ ЖАВР ИЗҲОР ДЎСТ

9 Fev 2016 947

Алишер Навоий
ҚИЛДИ ЖАВР ИЗҲОР ДЎСТ
(ғазал)

 

 

Қилди душман раҳм, баским қилди жавр изҳор дўст,
Эй кўнгул, душман топ эмди, тутмағил зинҳор дўст.

Ҳар замон душманларим озурдадур, эй дўстлар,
Баски, ҳар дам еткурур мен зорга озор дўст.

Душман ар жонимни афгор айласа, қилдим биҳил,
Жавр тиғидин чу кўнглим айламиш афгор дўст.

Кеча душманларғаким, ноламдин уйқу келмади,
Ранжамен мундин дағиким, бўлмади бедор дўст.

Мен ўлар ҳолатда, душманлар кўрунуб дўстваш,
Невчун ўлмайким, келур бошимға душманвор дўст.

Кулса душман айб эмаским, кўрмадим оз ҳам вафо,
Гарчи қозғандим қилиб жоним фидо бисёр дўст.

Чархнинг меҳрига мағрур ўлмағилким, ғадри бор,
Ҳаргиз ўлмас кимсага ул душмани ғаддор дўст.

Соқиё, қил дўстлуқ, тут бодаким йўқтур ғами,
Бўлса олам душмани ҳар кимга сендек бор дўст.

Итларинг ғавғо қилур гўё Навоий ўлдиким,
Боши узра жамъ ўлуб афғон қилурлар ёр-дўст.

 

(маъноси)

 

Ҳаёт ўта мураккаб, инсон хилқати, унинг ички дунёси, ташқи дунёга муносабати янада мураккаброқ.

 

Гоҳида душмандан раҳм, дўстдан эса жабр кўрасан ва айтасанки: “Эй кўнгил! Энди зинхор дўстлашма, аксинча, ўзингга бир душман топгин. Сабаби дўстнинг дўстга ҳар дамда етказаётган озори шу қадарки, ҳатта душманлар ҳам бундан таъсирланадилар, уларнинг ҳам кўнгли озор чекади.

 

Дўст дўстининг кўнглини афгор қилаётган экан, унда душмандан нимани кутиш мумкин? Уни айбламаса ҳам, ундан хафа бўлмаса ҳам бўлади.

 

Тун бўйи нола қилдим. Менинг нолаларим таъсирида душманларим ухлай олмадилар, бедор бўлдилар, аммо дўст деб билганим бедор бўлмади.

 

Менинг бу ўлар ҳолатимда душманларнинг бари кўзларимга дўст бўлиб кўриндилар, лекин бошимга келган дўстларим душманвор эди!..

 

Душман устимдан кулса айб эмас, чунки мен жонимни фидо қилиб кўп дўстлар орттирдим, бироқ улардан оз бўлсада вафо кўрмадим!

 

Сен дўст, чархнинг меҳрига мағрур бўлма... унинг ғадри ҳам бор. Бундай ғаддор ҳеч қачон инсонга дўст бўлган эмас.

 

Эй соқий, менга дўстлик қил, бода тут, ишқ тут, зеро бутун олам душман бўлса ҳам, сендек дўсти бор кишининг ғами йўқ.

 

Итларинг ғавғо қилаяпти, гуё Навоий ўлгану ёр-дўстлар менинг бошимда жам бўлишиб афғон чекмоқдалар, йиғламоқдалар. 

 

 

Қодиржон ЭРГАШЕВ
Филология фанлари номзоди