Никоҳга рахна солувчи 5 асосий сабаб
Никоҳ ҳар мўминнинг бахтидир. Зеро, у мўъжаз оила ва мўмин ва мўминаларнинг янада кўпайишига сабаб бўладиган ҳолат саналади. Муқаддас, динимизда никоҳ ва оила қуриш масаласига катта эътибор қаратилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким менинг фитратим (хулқим, табиатим)ни яхши кўрса, менинг суннатларимга одатлансин. Ва никоҳ албатта менинг суннатимдандир”. Байҳақий ривоят қилган.
Ва яна “Агар банда оила қурса, бас, динининг ярмини тўлдирибди. Қолган ярмини тўлдириш учун Аллоҳга тақво қилсин”, дедилар(Байҳақий ривоят қилган). Шу ва бошқа яна бир неча ҳадисларда оила саодат манзили сифатида таъкидланади.
Бироқ, “Турмуш – мушт”, деганларидек, оилада турли келишмовчилик ва жанжаллар содир бўлиб туради. Булар ўз вақтида оқиллик билан бартараф қилинмаса, оила парокандалиги, яъни ажримгача бориб етиши мумкин. Мутахассислар ажралишнинг 5 та асосий сабабини келтиришади.
1. Қайнона (хотиннинг онаси)
Ажримнинг асосий сабабчиларидан бири сифатида хотиннинг онаси (қайнона) муҳимдир. Кўп ҳолларда айнан шу шахснинг қизининг ҳаётига аралашуви ва ҳар қандай ҳолатда қизининг ҳимоясига шай туриши жараённи тезлаштириб юборади. Мустақил фикри йўқ, эрнинг ҳаётидаги ўрни ҳақида хабари бўлмаган қизлар, биринчи галда, онасининг гапига ишонади ва унинг йўриғига юради.
Аслида оқил она қизининг оилавий муаммоларини босиқлик билан тинглаб, ҳар қандай ҳолатда оиланинг бутлигини асрашга ҳаракат қилиши кераклигини тушунтириши керак. Чунки оила ва никоҳ муқаддас. Унга раҳна солишга сабабчи бўлган, эр-хотин орасига нифоқ солган инсоннинг гуноҳи катта. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: «Хотинни эрига ва қулни хўжайинига қарши алдаб йўлдан урган кимса биздан эмас» (Абу Довуд, Насоий, Ибн Ҳиббон ривояти).
2. Қайнона (эрнинг онаси)
Ажралишларнинг аксар қисмида бировларнинг аралашуви асосий сабаблар сирасида қайд этилади. Жумладан, эрнинг онаси. Баъзи аёллар бир неча йиллар меҳр бериб катта қилган ўғлининг бегона аёлга яқин бўлиб қолишини қабул қила олмайди. Фарзандини ҳадеганда гоҳ ошкор, гоҳ пинхон қизғанаверади. Фарзанди энди катта одам, бир оиланинг бошлиғи бўлганини тан олмайди. Шундай ҳолатда ўғлининг ҳаётида ўзининг ўрни қанчалар катта эканини келинига билдириб қўйгиси келади. Ўғлига келиннинг қусурлари ҳақида айтиб, кўп ўринда уқувсиз эканини таъкидлайверади. Эркак, табиийки, онасининг гапларига ишонади ва хотинига бўлган муносабати ўзгаради. Бундай ҳолатда оқил йигитгина тарозининг икки палласини тенг ушлаб, ҳам онаси, ҳам аёлининг кўнглига йўл топади ва оиласини ҳар қандай парокандаликдан сақлаб қолади. Акс ҳолда онанинг келини ҳақида кунда айтадиган негатив фикрлари сабаб гулдек оила бузилиб кетиши мумкин. Қайноналар муқаддас никоҳ ва оила парокандалигига сабабчи бўлишнинг оғир гуноҳ экани ҳақида билиб олсалар, мақсадга мувофиқ бўларди.
3. Муштумзўр эр
Айрим эркаклар негадир ўзини оилада қаттиққўл, баджаҳл қилиб кўрсатишга уринади ва шу орқали аёлини итоатга ўргатмоқчи бўлади. Аслида бу бутунлай нотўғри тушунча ва динимизда ҳам қораланади. Муслим эркаклар учун бу борада пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўллари ва тутумлари ибрат ва намуна. Зеро, расулимиз бирор марта ҳам аёлларига қўл кўтармаганлар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари Оиша (розиёллоҳу анҳу) айтадилар:
عن عائشة قالت: ما ضرب رسول الله صلى الله عليه وسلم بيده شيئا قط, ولا امرأة ولا خادما إلا أن يجاهد في سبيل الله
«Пайғамбар саллолоҳу алайҳи васаллам ҳеч кимни(на аёли, на хизматчисини) ҳеч қачон қўллари билан урмаганлар. Аллоҳ йўлида қилган жанглардан бошқа” (имом Муслим).
Аслида ақлли ва кучли эркак аёли кўнглини меҳр-муҳаббат билан забт этади, ҳурмат қозонади. Жаҳл, қўрслик, қаттиққўллик ожизлик аломати. Оила парокандалиги кўпинча жоҳил эрларнинг аёлига кўрсатган зулмидан юзага келади.
4. Молиявий муаммолар
Оиланинг моддий таъминоти – бу эркакнинг зиммасидаги вазифа. Лекин ҳаммада ҳам маош, топиш-тутиш яхши бўлмаслиги мумкин ёки баъзан молиявий қийинчиликлар учраб туради. Ана шундай вазиятда айрим ҳаражатларни қисқартириб, баъзи истакларни кейинга қолдириш ҳақида эр-хотин гаплашиб олишлари мақсадга мувофиқ. Оқила аёл бу вазиятни тўғри тушуниб, эрига ортиқча муаммолар чиқаришга интилмайди.
Аммо айрим аёлларда сабр-тоқатнинг етишмаслиги ва доимий равишда эрига шикоят қилиши кузатилади. Яна шундай тоифа хотинлар борки, эри қанча кўп пул топмасин, барибир унга камлик қилади.
Бу борада аёллар учун энг муносиб намуна сифатида пайғамбаримизнинг завжаларини мисол қилиб келтириш мумкин. Рўзғорда доим ҳам истеъмол қилишга емак бўлмаган. Бир неча кунлаб сабр қилганлар ва заррача пайғамбаримизга нисбатан ҳурматни камайтирмаганлар.
Азиз, опа-сингиллар! Доим турмуш ўртоғингизга тиргак бўлинг, қўллаб-қувватланг! Уйда хотиржамлик, тинчлик муҳити ҳукмрон бўлса, эркак киши ҳар қандай муаммога муносиб ечим топади.
5. Хиёнат
Турмушга путур етказадиган яна бир муҳим сабаб – бу эр ёки хотиннинг хиёнати, яъни зино. Бу энг оғир жиноят бўлиб, оилани сўзсиз парчаловчи ҳолатдир. Ислом динида зино гуноҳи кабиралар қаторида таъкидланади.
Аллоҳ ўз каломида марҳамат қилиб “Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир” (Исро сураси, 32-оят), дейди. Бу ояти калимада мўмин киши зино қилиш тугул, унинг яқинига ҳам йўламаслиги, зинога олиб борувчи нарсалардан ҳам узоқда бўлиши лозимлиги айтилган. Шу сўзларнинг ўзи бу гуноҳнинг нақадар катта эканини таъкидлаб, мўминнинг ҳатто унга яқинлашмасликка буюрган.
Оилада кўпинча эрларнинг хиёнати сабаб, парокандалик юзага келади. Бу аёл учун кутилмаган зарба ўлароқ, унинг қалбида катта жароҳат қолдиради. Оқибатда, ўзаро ишонч ва муҳаббат йўқолиб, никоҳнинг бузилишигача олиб бориши мумкин.
Ҳар бир оила бошлиғи, залолатга элтувчи, оилани ва тўкис бахтни парчаловчи хиёнат, фахш ва маъсиятдан узоқ бўлса, хонадонида тинчлик-тотувлик ҳамда бахт ҳукмрон бўлади.
Алишер Мирзаев,
Шайх Зайниддин жоме масжиди имом ноиби