Мусулмон табиблари семизлик ҳақида нима дейди?

16 Apr 2017 585

Семириш – янги касаллик. У билан қадимда ҳеч ким касалланмаган ва у билан тиббиёт мутахассислари қизиқишган. Семизлик ҳақида 1620 йилларда Томас Веннер иш олиб боргани маълум холос.

 

Ўрта аср Европасида юнон-рум даври тиббиёти тугаётган пайтда бу соҳада Уйғониш даврига қадар ривожланиш кўзга ташланмади. Бу пайтда эса шарқда исломнинг кенг ёйилиши билан тиббиёт ривожланиш босқичига киради.

 

Жумладан, Муҳаммад ибн Закариё Ал-Розий ўзининг “Тиббиёт қомуси” китобида семизлик ҳақида ўз қарашларини ёзади. Олим ўзидан аввал ўтган Гиппократ, Руфус, Гален, Орибаскус каби тиббиёт билимдонларининг бу борадаги фикрларини таҳлил қилади. Ва улардан фарқли жиҳатларни қайд этади. Семиришга қарши курашиш борасида ҳам ўзгача фикр билдиради.

 

Масалан, Жолинус(Гален)нинг фикрича, ментал фаоллик инсоннинг семириб кетишининг олдини олади. Ар-Розий эса семиришга қарши курашда ўз даволаш методини яратди. Яъни семиришга қарши турли дорилар, парҳез, жисмоний машқлар, массаж, сув билан муолажа қилиш(гидротерапия) ва турмуш тарзини ўзгартириш сингари услубларни қўллайди.

 

Абу Али ибн Сино(980–1037) “Тиб қонунлари” китобида бу ҳақида алоҳида тўхталиб ўтган. Ибн Ҳубал ал-Бағдодий (1121–1213) ҳам семириш касаллиги ҳақида қизиққани маълум. Улар семиришга қарши курашда оч қоринга оғир жисмоний машқларни тавсия қилишган.

 

Ибн ал-Нафис (1207–1288) ўзининг «Ал Мужаз Фит-Тибб» асарида семизликнинг юрак-қон томир ва респиратор касалликлари билан боғлиқ томонлари ҳақида ёзади:

 

«Семириш – бу инсон организмнинг сиқилиши, эркин ҳаракатларининг чекланиши ва нафас олишининг қийинлашиши. Семиз одамларда қон томирларининг ёрилиши оқибатида вафот этиши ҳавфи юқори бўлади. Яъни мия ёки юракдаги қон томирларининг ёрилиши кутилмаган ўлимга олиб боради. Улар нафас сиқиши ва юрак ўйноғидан азият чекишади».

 

Бундан ташқари, Ибн ал-Нафис семизлик алоҳида тури – туғма семизликни аниқлади. Бу ҳақида “Субфертиль одамларнинг томири юпқа бўлади, улар овқатсиз узоқ чидай олишмайди”, деб ёзган эди.

 

Муслим Мирзажонов тайёрлади