Муслима аёлнинг асосий 10 қоидаси

6 Sen 2015 10968

     Дунёда турмуш ўртоғининг доимий муҳаббатига сазовор бўлишни истамайдиган аёл бўлмаса керак. Чунки бахтнинг асосий мезони ҳам эр-хотин ўртасидаги ўзаро меҳр-муҳаббатдир. Қолаверса, икки дунё саодатига эришмоқчи бўлган солиҳа аёл, биринчи галда, эрининг юксак муҳаббатини қозонмоғи лозим. Ана шу бахтдан умидвор ҳар бир солиҳанинг асосий 10 қоидани билиши эса нур устига нур.

 

1. Ўз эрингиз учун жозибали бўлинг!
Аллоҳ Таоло барча аёлларни ўз эрлари учун пардоз-андоз қилишга, доим гўзал, покиза ва ораста бўлиб юришни буюрган. Аллоҳ амр этганидек эрингиз юрагини забт этиш учун ўз чиройингизни ишга солинг!

 

2. Яхши кайфият билан қаршиланг!
Тасаввур қилинг, эрингиз ишдан қайтди: саранжом-саришта уй, ширин калом, яхши кайфият билан кулиб қарши олган гўзал аёли, у севиб истеъмол қиладиган мазали таомлар, озода фарзандлар. Шунда ҳам эрингизда салбий муносабат кузатилармикан?!

 

3. Жаннатдаги аёлларни ўрганиб чиқинг ва уларга тақлид қилинг.
Қуръони Каримда битилишича, Жаннатдаги аёллар ипак матоли кўйлаклар кийган, йирик қора кўзли, эрлари учун қўшиқлар куйловчи ва ҳаказо сифатларга эга. Сиз ҳам турмуш ўртоғингиз учун нафис ипак матолардан тикилган кўйлаклар кийинг, кўзингизни йирикроқ кўрсатувчи қора қаламдан фойдаланинг, эрингиз учун қўшиқлар куйлаб беринг.

 

4. Уйингизда гўзал тақинчоқларга бурканинг ва ўзингизга оро беринг.
Барча аёллар болалигидан нафис сирғалар, билакузуклар тақади, чиройли кийимлар кийишади. Ана шу одатни энди уйингизда давом эттиринг. Бу эрингизга маъқул бўлади.

 

5. Хазиллашинг, кайфиятини кўтаринг!
Бир сир мавжуд: эркаклар кўпинча хушчақчақ аёлларга талпинишади. Бир куни Расули Акрам (с.а.в) Жобир исмли саҳобасига уни кулишга мажбур қила оладиган аёлга уйланиш маслаҳатини берди.

 

6. Оиласи учун қилаётган барча эзгу ҳаракатлари ва меҳнатлари учун миннадорлик билдириб туринг!
Жаннати аёлнинг безаги шукрона ва эрини доимий қўллаб-қувватлаш, оиласи бахту фаровонлиги учун қилаётгани ишларига ижобий баҳо бериш, раҳмат айтиш.

 

7. Баҳс пайтида, айбингиз бўлмаса-да, “кечиринг”, “узр” деган сўзни канда қилманг.
Албатта, ҳар бир хонадонда келишмовчилик, катта-кичик жанжалли ҳолатлар кузатилиши табиий. Ана шундай пайтларда баҳслашманг, оловга мой сепманг. Вазиятни кутинг ва “Кечиринг, жаҳлингизни чиқардим. Илтимос, баҳслашмайлик, дадаси”, денг — олам гулистон.

 

8. Доим “Жаннат калити” бўлган эрингизнинг кўнгилини олишга ҳаракат қилинг.
Набийлар султони (с.а.в) қазосига етганида эридан рози-ризолик, чин миннаторлик ола билган ҳар бир муслима Жаннатга киришини айтдилар.

 

9. Тингланг ва итоат қилинг!
Эрига итоат этиш — фарз. Сизнинг умр йўлдошингиз — оила бошлиғи. Унга ана шу туйғуни ҳис этиш имконини беринг ва ҳурматига сазовор бўлинг.

 

10. Никоҳингиз мустаҳкам, оилавий муносабатларингиз абадий бўлишини Аллоҳдан сўранг.
Барча неъмат буюк Аллоҳдан. Ибодат чоғи дуога қўл очганингизда Яратган Эгам инъом этган никоҳ ришталари мустаҳкам бўлишини сўрашни ва ана шундай сийлов учун шукрона билдиришни ҳеч қачон унутманг.

 

Аллоҳ таоло барча оилаларга икки дунё саодатини берсин! Омин!