Мисвокнинг фойдаси

4 Yan 2016 3100

     “Мисвок” сўзи луғатда “тиш тозалагич”, “тиш тозалаш воситаси” маъносини англатади. Ҳадиси шарифларда бу сўз асосан “сивак” шаклида келган. Қуръони каримда мисвок ҳақида маълумот йўқ бўлса-да, аммо ҳадисларда мисвок фазилатлари ва уни қўллаш усуллари борасида талайгина йўл-йўриқлар мавжуд.
      Мисвокнинг энг афзали арок деб аталувчи дарахт буталаридан олинганидир. Чунки ушбу дарахтда инсон соғлиғи учун фойдали бўлган кўп моддалар борлиги илмий нуқтаи назардан тасдиқланган.

 

عَنْ أَبِي زَيْدٍ الْغَافِقِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: الأَسْوِكَةُ ثَلاَثَةٌ: أَرَاكٌ فَإِنْ لَمْ يَكُنْ أَرَاكٌ فَعَنَمٌ أَوْ بُطْمٌ. قَالَ أَبُو وَهْبٍ: العَنَمُ: الزَّيْتُونُ. رَوَاهُ أَبُو نُعَيْمٍ فِي كِتَابِ السِّوَاكِ.

 

     Абу Зайд Ғофиқий розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Мисвоклар учтадир: арок. Агар арок бўлмаса, “анам” ёки “бутм”дир”. Абу Ваҳб айтади: “Анам зайтундир” (Абу Нуайм “Китабус сивак”да ривоят қилган).
    Арок шохлари мисвок қилинадиган дарахт тури бўлиб, унинг бўйи узун, ҳосилдор, барг ва шохлари зич ва навдаси ингичка бўлади. Арокнинг меваси “барийр” деб аталади. Шунингдек, арок дарахтининг илдизидан ҳам мисвок олинади. Баъзилар таъкидлашича, арокнинг шохларидан кўра илдизидан олинган мисвок сифатлироқ бўлар экан.
      Арок дарахти Саудия Арабистони, Судан, Жанубий Миср, Чад ва Ҳиндистоннинг шарқий қисмида ўсади. Арок дарахти ўсмайдиган мусулмон давлатларида бошқа дарахтлардан мисвок қилинади. Аммо ҳозирда арок дарахти мисвокининг экспорти кенг йўлга қўйилган ва бу барча мусулмонлар учун қулайлик туғдирмоқда.
    Ҳозирда баъзи ширкатлар арок ва шу каби дарахтлар навда ва илдизларининг экстрактидан фойдаланиб тиш ювиш маъжунлари (пасталари) ишлаб чиқармоқда. Аҳамиятли томони шундаки, арок дарахтининг экстракти қўшиб тайёрланган маъжунлар бошқа тозалаш воситаларига қараганда тишларни кўпроқ оқартиради ва самарали тозалайди. Бу арок дарахтининг илмий мўъжизасидир.

 

وَعَنْ أَبِي خَيْرَةَ الصُّبَاحِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ:كُنْتُ فِي الْوَفْدِ الَّذِينَ أَتَوْا رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَكُنَّا أَرْبَعِينَ رَجُلاً فَنَهَانَا عَنِ الدُّبَّاءِ وَالْحَنْتَمِ وَالنَّقِيرِ وَالْمُزَفَّتِ ، قَالَ: ثُمَّ أَمَرَ لَنَا بِأَرَاكٍ فَقَالَ: اسْتَاكُوا بِهَذَا ، قُلْنَا: يَا رَسُولَ اللهِ إِنَّ عِنْدَنَا الْعُشْبَ وَنَحْنُ نَجْتَزِئُ بِهِ فَرَفَعَ يَدَيْهِ وَقَالَ: اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِعَبْدِ الْقَيْسِ إِذْ أَسْلَمُوا طَائِعِينَ غَيْرَ كَارِهِينَ. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ فِي الْكَبِيرِ وَإِسْنَادُهُ حَسَنٌ.

 

    Абу Хайра Субоҳий розийаллоҳу анҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келган гуруҳлардан бирида эдим. Биз қирқ киши эдик. У зот бизни қовоқ идиш, сирғанчиқ модда суртилган кўза, ёғочдан қилинган идиш ва смола суртилган идиш(ларда набийз ичимлиги тайёрлаш)дан қайтардилар. Сўнгра бизни арокка буюриб: “У билан мисвок қилинглар!” дедилар. Биз: “Эй Расулуллоҳ, бизларда бир ўсимлик бор, ўшанинг ўзи бизларга кифоя қилади”, дедик. Шунда у зот қўлларини кўтариб: “Эй Аллоҳим, абдулқайсни мағфират қилгин! Улар ёқтирмасдан эмас, (балки) буйинсунган ҳолда мусулмон бўлдилар!” дедилар” (Табароний “Кабийр”да ривоят қилган. Ривоятнинг санади ҳасан).
    Абдулқайс қабиласи аъзолари ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўрталарида суҳбат бўлиб, улар ўз юртларига қайтиб кетаётганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга арокдан олинган мисвокни бериб, мисвок қилишга тарғиб қилдилар. Аммо улар: “Эй Расулуллоҳ, ўзимизда ҳам тиш тозалаш воситаси бўлган навда бор. Майли, сизнинг совғангизни ҳам олаверамиз”, дейишди. Шунда меҳрибон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳим, Ўзинг абдулқайсни мағфират қилгин! Менинг қавмим имон келтирмай, (устимиздан) кулиб, масхара қилиб турганида улар ўз хоҳишлари билан имон келтирдилар. Албатта, Машриқ аҳлининг энг яхшиси Абдулқайсдир”, дедилар .
      Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

 

1. Макка фатҳ қилингач, турли ўлка вакиллари келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ушрашгани;

 

2. Ачиб, маст қилувчи ичимликка айланиб қолиш хавфи бўлган идишларда набийз ичимлиги тайёрлаш мумкин эмаслиги;

 

3. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўмин-мусулмонларни мисвокка, хусусан арок дарахтининг навда ёки илдизларидан олинган мисвокка муттасил тарғиб қилганлари;

 

4. Ҳар бир юртда маълум турдаги тиш тозалаш воситаси бор экани;

 

5. Аллоҳнинг Пайғамбари айтган сўзларни қабул қилмаслик ёки ўз билганича иш тутиш яхши эмаслиги.

 

 

وَعَنْ زِرِّ بْنِ حُبَيْشٍ عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ أَنَّهُ كَانَ يَجْتَنِي سِوَاكًا مِنَ الأَرَاكِ وَكَانَ دَقِيقَ السَّاقَيْنِ فَجَعَلَتْ الرِّيحُ تَكْفَؤُهُ فَضَحِكَ الْقَوْمُ مِنْهُ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مِمَّ تَضْحَكُونَ ، قَالُوا: يَا نَبِيَّ اللهِ مِنْ دِقَّةِ سَاقَيْهِ فَقَالَ: وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لَهُمَا أَثْقَلُ فِي الْمِيزَانِ مِنْ أُحُدٍ. رَوَاهُ أَحْمَدُ فِي الْمُسْنَدِ وَابْنُ حِبَّانَ فِي صَحِيحِهِ وَالطَّبَرَانِيُّ فِي الْكَبِيرِ وَأَبُو يَعْلَى وَالطَّيَالِسِيُّ كِلاَهُمَا فِي مُسْنَدَيْهِمَا.

 

    Зирр ибн Ҳубайш ривоят қилишича, Ибн Масъуд арок (дарахти)дан мисвок олар эди. Унинг болдири шунчалик ингичкалигидан шамол учириб юборгудек бўларди. Қавм унинг устидан кулди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Нимадан куляпсизлар?!” дедилар. Улар: “Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, унинг болдирлари ингичкалигидан куляпмиз”, дейишди. Шунда у зот: “Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, албатта, унинг икки (болдири) Мезонда Уҳуд (тоғи)дан ҳам оғирроқдир!” дедилар (Аҳмад “Муснад”да, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да, Табароний “Кабийр”да, Абу Яъло ва Таёлисийлар ўз “Муснад”ларида ривоят қилишган).
    Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳунинг жуссаси жуда кичкина бўлган. Ҳатто арокдек кичкина ва одамни кўтара олмайдиган дарахтларга ҳам бемалол чиқиб кетаверган. Бу ҳақида Абдуллоҳнинг ўзи шундай ривоят қилади: “Мисвок олиш учун арок дарахтига чиқдим. Шунчалик енгил эканимдан биродарларим ҳайрон бўлишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Нега ажабланяпсизлар? Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, албатта, у қиёмат кунида Уҳуддан ҳам оғирроқ бўлади!” дедилар” (Табароний “Кабийр”да ривоят қилган).
      Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

 

1. Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун арок дарахтидан мисвок олиб бериши;

 

2. Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳунинг гавдаси жуда кичик бўлгани;

 

3. Жисмоний камчиликлари сабабли мўмин биродари устидан кулиш яхши эмаслиги;

 

4. Банданинг баъзи жисмоний камчилиги унинг Аллоҳ даргоҳидаги мартабасини камайтирмаслиги;

 

5. Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу қиёмат куни улуғ мартаба соҳиби бўлиши;

 

    Демак, иложи бўлса, арок дарахтидан олинган мисвок ишлатиш керак. Агар имкони топилмаса, зайтун дарахтининг мисвоки ишлатилади. Агар бу ҳам бўлмаса, “бутм” деб номланган дарахтнинг шохларидан олинган мисвок қўлланилади.
     Мисвок олинадиган дарахт турлари:

 

– арок;

 

– зайтун;

 

– бутм;

 

– хурмо;

 

– юнон ёнғоғи;

 

– яна бошқа аччиқ илдизли, заҳарли бўлмаган дарахтлардан мисвок олиниши мумкин. Сабаби зарарсиз бўлган аччиқ дарахтдан олинган мисвок оғизнинг ҳидини кеткизади ва тозалайди.

 

     Зайтун муборак ва баракали дарахт бўлиб, унинг зикри Қуръони каримда келган. Мевасидан фойдали ёғ, навда ва илдизларидан мисвок тайёрланадиган ушбу дарахт ҳақида ҳадиси шарифда қуйидагилар айтилган.

 

وَعَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: نِعْمُ السِّوَاكُ الزَّيْتُونُ مِنْ شَجَرَةٍ مُبَارَكَةٍ ، يُطِيبُ الْفَمَ وَيُذْهِبُ بِالْحَفَرِ ، هُوَ سِوَاكِي وَسِوَاكُ الأَنْبِيَاءِ قَبْلِي. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ فِي الأَوْسَطِ وَمُسْنَدِ الشَّامِيِّينَ.

 

     Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Мисвок учун муборак дарахт бўлмиш зайтун қандоқ ҳам яхши! У оғизни хушбўй қилади, (тишдаги) сариқ доғларни кеткизади. У менинг ва мендан олдинги пайғамбарларнинг мисвокидир”, деб айтганларини эшитганман” (Табароний “Авсат” ва “Муснадуш шамиййийн”да ривоят қилган).
Арок дарахтидан ташқари зайтундан олинган мисвок ҳам жуда фойдалидир. Жумладан, у ёқимсиз ҳидларни кетказиб, оғизни хушбўй қилади, тишдаги доғларни тозалайди. Шу сабаб ҳам уни аввалги ўтган пайғамбарлар, хусусан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ишлатганлар ва умматларини шунга тарғиб қилганлар.
      Баъзи турга мансуб дарахтлардан мисвок қилинмайди.

 

وَعَنْ ضَمْرَةَ بْنِ حَبِيبٍ رَحْمَةُ اللهِ عَلَيْهِ قَالَ: نَهَى رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنِ السِّوَاكِ بِعُودِ الرَّيْحَانِ وَبِالرُّمَّانِ وَقَالَ: إِنَّهُ يُحَرِّكُ عِرْقَ الْجُذَامِ. رَوَاهُ الْحَارِثُ فِي الْمُسْنَدِ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.

 

     Замра ибн Ҳабиб раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам райҳон ва анор навдасидан мисвок қилишдан қайтардилар ва: “Чунки у мохов (касаллиги)нинг илдизини қўзғатиб юборади”, дедилар” (Ҳорис “Муснад”да ривоят қилган. Ҳадиснинг санади заиф).
     Зарарли дарахтдан мисвок қилиш макруҳ, заҳарлисидан эса мисвок қилиш ҳаромдир. Райҳон ва анор шохчаларидан мисвок қилишнинг макруҳлигини бир қанча уламолар зикр қилганлар. “Наҳр”да келишича, анор ва қамишдан бошқа барча дарахтлардан мисвок қилса бўлади.
      Мисвок қилиш мумкин бўлмаган дарахт ва ўсимлик турлари:

 

– райҳон;

 

– анор;

 

– қамиш;

 

– ва яна заҳарли ва зарарли дарахт ҳамда ўсимликлардан мисвок қилиш мумкин эмас .

 

     Юқорида айтиб ўтганимиздек, “мисвок” сўзи “тиш тозалаш воситаси” маъносини англатади. Одатда, у маълум турдаги дарахтнинг навда ва илдизларидан олинади. Агар ўша турга оид дарахтдан тайёрланган мисвок топилмаса-чи. Бунда қандай йўл тутилади? Бу ҳақида келгуси мақоламизда тўхталиб ўтамиз.