КОНСТИТУЦИЯ – МИЛЛИЙ ҚОМУСИМИЗ
7.12.2016 8325

    Конституция - “Соnstitutio” атамаси лотинча “таъсис қилмоқ”, “тизимга солмоқ” маъноларини англатиб, қадим-қадимдан давлатларнинг асосий қонун нормаси ҳисобланган. Қадимги Римда император ҳокимиятининг баъзи ҳужжатлари шундай деб юритилган. Биринчи маротаба “Конституция” тушунчасининг таърифи французларнинг 1789 йилда қабул қилинган машҳур “Одам ва фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари декларацияси”да тилга олинган эди. Унда шундай сўзлар ёзилган эди: “Жамиятдаги ҳуқуқ ва ҳокимиятчилик бўлиниши кафолатланмаган жойда Конституция бўлмайди”.
    Ўзбекистон заминида, Туркистонда, жумладан Конституция XIV асрда Соҳибқурон Амир Темур томонидан “Темур тузуклари” тарзида тузилган Конституциянинг ўзига хос кўриниши эди. Унда раият яъни эл билан тиллашиш, қўшин тўплаш ва унга раҳбарлик қилиш, қўшни давлатлар билан дипломатик алоқалар олиб бориш ва ҳоказо муҳим ҳаётий масалалар тартибга солинган эди. Темур давлатини бошқаришда шариат қонунларидан кенг фойдаланар эди. Шунинг учун ҳам Амир Темур бобомиз “Куч — адолатдадир” – деган таомилга қатъий риоя қилар эди. Алоқа қилмоқчи бўлган мамлакатлар, юртлар билан дўстона муносабат қилиш намунасини кўрсатар эди. Шунинг учун ҳам Ғарб элчилари ва саёҳатчилари Амир Темур ҳақида, мамлакатдаги мавжуд тартиб ҳақида кўплаб эсдаликлар қолдирганлар. Ибн Арабшоҳ, Вамбери ва Клавихо каби тарихчиларнинг ва сайёҳларнинг қолдирган эсдаликлари шулар жумласидандир. Ўзбекистон мустақил бўлгач, суверен давлатнинг Конституциясини яратишга кескин эҳтиёж пайдо бўлди. Айниқса, бозор муносабатлари ва республиканинг жаҳон ҳамжамиятига мустақил равишда киришда мавжуд конституцион тузумни қайтиб кўриб чиқишни талаб этар эди.
    Маълумки, Конституцияни тақдим қилиш осон иш эмас. Шунинг учун ҳам бу ишга мустақил Республикамизнинг энг сара ҳуқуқшунослари, назариётчи ва амалиётчилари жалб этилган эди. Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов Конституция ишлаб чиқиш ва қабул қилиш комиссиясини шахсан ўзлари назорат қилиб, халқ манфаатларини ирода қилувчи бандларга алоҳида аҳамият қаратганлар.
    Янги, ёш давлатнинг Асосий қонуни жаҳон афкор оммасига янги давлатнинг истиқболи ва миллий қадриятларини билдириши керак эди. Қолаверса, мустақил мамлакатнинг асосий рамзлари ҳисобланган унинг миллий тили, байроғи, муҳри, мадҳияси бўлиши шарт бўлганидек, унинг Конституцияси ҳам бўлиши лозим эди. Чунки Конституция – мустақилликнинг кафолатидир. Конституция яратилишида ана шу кишиларнинг ҳар бирининг фикр ва мулоҳазалари алоҳида эътиборга олинди. Комиссия номига мамлакатимизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган кўпмиллатли кишилардан 6 мингдан ортиқ хатлар келгани маълум. Ушбу хатлар, таклиф ва мулоҳазалар комиссия раҳбари Ислом Каримовнинг таклифи билан доимий сақлашга олинган, чунки уларда мустақил мамлакат аҳолисининг ўз Асосий қонуни тақдирига бўлган эътибор мужассамлашган.
    Конституция боблари, бўлимлари ва моддаларини яратиш бошлажараёнида дунёдаги 97 та Конституциялар қиёсий ўрганиб чиқилди. Бу эса Конституциямизнинг пухта-пишиқлигини, жаҳон амалиётидаги шундай ҳужжатлардан қолишмаслигини кафолатлади. Мустақил Ўзбекистон Конституциясининг қабул қилиниши жаҳондаги ушбу амалиёт тарихини бойитгани ҳақида дунё матбуоти ёзгани ҳам ҳаммамизга маълум. Республикамиз Конституция ижодкорлиги тарихида илк марта давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъул эканлиги белгилаб қўйилди. Шўро тузуми даврида давлат манфаатлари шахс манфаатидан устунлиги қатъий белгиланган бўлса, мустақил Ўзбекистон Конституциясида инсон манфаати олий қадрият, деб белгиланишидан ташқари, шахс манфаати давлат манфаатидан устунлиги (13-модда) эътироф этилди.
    Мамлакатимизнинг биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуслари билан ушбу асосий Қонунни болаларимиз онгига ёшликданоқ сингдириш учун уни мактабда ўқитиш анъанага киритилди. Асосий қонунлар мажмуамизда мамлакатнинг муқаддас қадриятлари мужассамлашган. Масалан, мамлакатимизда 140 га яқин миллат ва элат ёнма-ён яшайди. Уларнинг ҳеч бирлари бошқасидан ортиқ ёки кам эмас. Ҳаммаси Конституцияда назарда тутилган имтиёз ва эркинликлардан тенг ва бирдек фойдаланадилар. Конституциянинг 8 моддасида “Ўзбекистон халқини миллатидан қатъий назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади”, — дейилган. Дунёнинг у ер-бу ерларида миллий, диний, этник келишмовчиликлар бўлиб турган ҳозирги паллада бизнинг мамлакатимизда турли миллат ва элатларнинг юздан ортиқ миллий-маданий марказлари ўз фаолиятларини эмин-эркин давом эттираётгани, ўз миллий-маданий эҳтиёжларини тўла қондираётгани диққатга сазовордир.
     Унча узоқ бўлмаган қўшни мамлакатларда маҳаллий миллатга алоҳида имтиёзлар берилиши ҳақида очиқ сиёсат олиб борилаётган бир пайтда бизда миллат ажратмасдан, “Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиорига қатъий амал қилиб келаётганимизни ҳам афкор омма кўриб турибди, албатта. Ўзбекистон ўз қўшнилари билан иккитомонлама ва кўптомонлама иқтисодий-сиёсий ҳамкорлик қилишни мақсад қилиб муносабатга киришмоқда. Бу ҳақда Конституциямизда ҳам аниқ-тиниқ ёзиб қўйилган. Ўзаро ҳамкорлик ташқи сиёсатимизнинг муҳим принципидир. Ана шундай ҳолатлар Асосий қонунимизнинг нақадар халқчил ва адолатли эканлигига мисолдир.

 

Хадичаи Кубро билим юрти ўқитувчиси Н.Саидакбарова

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216292
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24549