Кечиккан истиржоъ
Бугун бироз нохуш воқеа юз берди. Чорраҳадан бурилаётган пайтимда ён томонимдан нексия машинаси ҳайдовчиси маркабимни бироз туртиб юборди. Иккала улов ҳам бироз шикастланди. Воқеанинг дастлабки пайтида хам, кейинида ҳам иккала томон босиқлик, хотиржамлик билан муомала қилдик. Айб нексия автомашина ҳайдовчисидалиги аник бўлса ҳам, ҳеч қандай даъвоим йўқлигини айтдим. Ҳазил мутойиба, яхши ният билан хайрлашдик. Машинам устахонада қолди. Машинамнинг бамфер ва қанот эҳтиёт қисмлари алмашадиган бўлди. Тахминан 850.000-900.000 минг сўм ҳаражат билан эртага кечгача маркабим таъмирдан чиқадиган бўлди.
Хўш, нима бўпти энди? Буни нима учун ёзаяпман? Айни дам ушбу воқеани эслаб, ўзимдан катта бир хато топдим. Мусибатни илк дақиқаларида истиржоъ айтиш эсимдан чиқибди. Қилинган харажатга эмас, айнан шу нарсага афсусланаяпман. Чунки бўлиб ўтган воқеа мудҳишроқ бўлиб, бу ҳаётимизнинг сўнгги лаҳзалари бўлиши мумкин эди-ку.Тўғри асабийлашиш ҳолати бўлмади. Мутлоқ хотиржамлик, самимийлик ила ҳал қилдик. Лекин барибир...
Умримизни сўнгги лаҳзаларида ҳам бир калимани айтиш пайти келади. Илоҳим ўша пайтда тилимизни равон қилсин, қалбимизни тубидан отилиб чиқишига қодир қилсин. Нохуш кайфиятим мана шундан.
Аслида, дунёда ноҳак азоб тортаётган мусулмонларни олдида буни мусибат деб айтишим ҳам ўринсиз. Лекин воқеанинг иқтисодий томони эътиборга олинмаса мени тушуниш мумкин бўлади. Аллоҳим,барчамизга хайрли хотима бергин. Омин.
Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун.
Абдувоҳид Атаметов