Истихора дуоси

8 Noy 2015 18023

     “Истихора” сўзи луғатда “яхшилик сўраш” маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Аллоҳ наздида яхши саналган ишга йўллашини сўраши истихорадир. Уламолар истихора суннатлигига иттифоқ қилишган. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан нақл қилинган ривоятда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга ҳар бир ишда , худди Қуръондан сура ўргатгандек истихора қилишни таълим берардилар”, дейилган . Унга кўра, истихора қилмоқчи бўлган одам икки ракат нафл намоздан кейин дуо қилади.
Қуйида истихора дуосини келтирамиз.

 

اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْتَخِيرُكَ بِعِلْمِكَ وَأَسْتَقْدِرُكَ بِقُدْرَتِكَ وَأَسْأَلُكَ مِنْ فَضْلِكَ الْعَظِيمِ فَإِنَّكَ تَقْدِرُ وَلاَ أَقْدِرُ وَتَعْلَمُ وَلاَ أَعْلَمُ وَأَنْتَ عَلاَّمُ الْغُيُوبِ اللَّهُمَّ إِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنَّ هَذَا الأَمْرَ خَيْرٌ لِي فِي دِينِي وَمَعَاشِي وَعَاقِبَةِ أَمْرِي أَوْ قَالَ فِي عَاجِلِ أَمْرِي وَآجِلِهِ فَاقْدُرْهُ لِي وَإِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنَّ هَذَا الأَمْرَ شَرٌّ لِي فِي دِينِي وَمَعَاشِي وَعَاقِبَةِ أَمْرِي أَوْ قَالَ فِي عَاجِلِ أَمْرِي وَآجِلِهِ فَاصْرِفْهُ عَنِّي وَاصْرِفْنِي عَنْهُ وَاقْدُرْ لِي الْخَيْرَ حَيْثُ كَانَ ثُمَّ رَضِّنِي بِهِ.

 

Дуонинг ўқилиши: “Аллоҳумма инний астахийрука биъилмик, ва астақдирука биқудротик, ва асъалука мин фазликал ъазийм, фаиннака тақдиру ва лаа ақдир, ва таъламу ва лаа аълам, ва анта ъаллаамул ғуйувб. Аллоҳумма ин кунта таъламу анна ҳаазал амро хойрул-лий фий дийний ва маъааший ва ъаақибати амрий вақдурҳу лий, ва ин кунта таъламу анна ҳаазал амро шаррул-лий фий дийний ва маъааший ва ъаақибати амрий фасрифҳу ъанний васрифний ъанҳ, вақдур лиял хойро ҳайсу каана сумма роззиний биҳ”.
Дуонинг маъноси: “Ё Аллоҳ, илминг билан Сендан яхшилик сўрайман. Қудратинг билан Сендан қодирлик ва улуғ фазлингни сўрайман. Зеро, Сен қодирсан, мен ожизман. Сен билувчисан, мен билмайман. Сен ғайбни билувчисан. Ё Аллоҳ, агар мана шу ишим динимда, ҳаётимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун яхши бўлса, уни менга насиб эт. Агар мана шу ишим динимда, ҳаётимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун ёмон бўлса, уни мендан ва мени ундан узоқлаштир. Қаерда бўлса ҳам, мен учун яхшиликни тақдир қил ва мени ундан рози қил”.

 

Истихорада мана бу дуони ўқиш ҳам жоиз.

 

اللَّهُمَّ خِرْ لِي وَاخْتَرْ لِي.

 

Дуонинг ўқилиши: “Аллоҳумма хир лий, вахтар лий”.
Дуонинг маъноси: “Ё Аллоҳ, ишимни яхши қил. (Икки ишдан) яхшисини танлашимга мадад бер”.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбар алайҳиссалом бирон ишга киришмоқчи бўлсалар, “Аллоҳумма хир лий, вахтар лий”, деб дуо қилардилар .

 

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ قاَلَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: يَا أَنَسُ إِذَا هَمَمْتَ بِأَمْرٍ فَاسْتَخِرْ رَبَّكَ فِيهِ سَبْعَ مَرَّاتٍ ثُمَّ انْظُرْ إِلَى الَّذِى يَسْبِقُ إِلَى قَلْبِكَ فَإِنَّ الْخَيْرَ فِيهِ. رَوَاهُ ابْنُ السُّنِّيِّ فِي عَمَلِ الْيَوْمِ وَاللَّيْلَةِ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.

 

     Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Анас, агар бирон ишни ният қилсанг, бас, Парвардигорингга бу борада етти марта истихора қил. Кейин қалбингга устун келган нарсага қара. Зеро, яхшилик ўшандадир”, дедилар” (Ибн Сунний “Амалул явми вал-лайла”да ривоят қилган. Ривоят санади заиф).
     Истихора намози ёки дуоси етти мартагача ўқилади. Кейин Аллоҳ дуони ижобат қилиши сабр билан кутилади. Истихорадан кейин қалбнинг очилиши, ундан чигаллик ва иккиланишнинг кетиши истихоранинг қабул бўлгани аломатидир.

 

 

“Нажот келтирувчи дуолар” китоби асосида тайёрланди