Ислом бирдамлик ва ҳамжиҳатлик динидир

20 Apr 2017 601




   Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам юборилган жамият тарқоқ, худбин ва ирқчиликка берилган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиммаларига ўша жамиятни аҳил ва иноқ жамиятга айлантиришдек оғир масъулият топширилган эди. Барча ишни мукаммал бажарганларидек, бу оғир масъулиятни ҳам узот соллаллоҳу алайҳи васаллам чиройли ва энг мукаммал тарзда адо қилдилар. Ҳатто қариб бир асрдан буён урушиб келаётган Авс ва Хазраж қабилалари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган ҳидоят сабабли орасидан қил ҳам ўтмайдиган иноқ қабилага айланди.

 

   Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни бирлаштириш учун: «Жамоат намози ёлғиз ўқилган намоздан йигирма етти даража афзалдир», дедилар. Зеро, бежиз “Меҳр кўзда”, дейилмаган.

 

   Агар саҳобалардан бирортаси бир неча кун намозда кўринмаса, ундан бориб ҳол аҳвол сўрар эдилар. Саҳобаларни ҳам бир-биридан хабар олиб туриши ва бирга бўлиши учун: «Аллоҳнинг баракаси жамоат билан бирга», дедилар.

 

   Жамиятнинг кичик бўғини ҳисобланган, оилада тарқоқлик ва ихтилоф бўлмаслиги учун: «Қайси аёл эрининг тўшагини тарк қилиб(аразлаган ҳолда алоҳида ётса), уни фаришталар тонг отгунча лаънатлаб чиқурлар», дедилар. Бошқа бир ҳадисда аёлларни эрларини рози қилишга чақириб: «Қай бир хотин ўлса-ю, эри ундан рози бўлса, у жаннатга киради», дедилар.

 

   Ўз навбатида Эркаклар ўз аёлларини эъзозлаши ва ҳурмат кўрсатиши учун уларга: «Аёлларга доимо яхшилик қилинг! Улар сизнинг ҳузурингизда омонандирлар», дедилар. Бошқа бир ҳадисда: «Сизларнинг энг яхшиларингиз аҳлига яхшилик қиладиганларингиздир. Мен сизларнинг орангизда ўз аҳлига яхшилик қиладиганларнинг энг яхшисиман», дедилар. Болалар ўртасида адолат қилмаслик ҳам оилада келишмовчиликни келтириб чиқарувчи омиллардан бири ҳисобланади. Бу муаммони ҳал қилиш учун ҳикмат эгаси бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга тақво қилинглар ва фарзандларингиз орасида адолатли бўлинглар», деганлар. Бошқа бир ривоятда: «Совға бериш борасида фарзандларингиз орасида адолатли бўлинглар», деганлар.

 

   Зеро, оиланинг иноқлиги жамиятнинг иноқлиги ва ҳамжиҳатлигини таминловчи асосий омил ҳисобланади.
Икки мусулмон аразлашиб қолса ва бунинг олди олинмаса, бунақа аразлашувчиларнинг сони кўпаяди. Натижада жамиятдаги ҳамжиҳатлик йўқолади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бунинг олдини олиш мақсадида: «Мусулмон учун ўз биродари билан уч кундан ортиқ аразлашиш мумкин эмас», дедилар.

 

Ўзаро аразлашиб қолганларни яраштириш мақсадида: «Биринчи салом берган киши Аллоҳга яқинроқ бўлади», дедилар.

 

   Икки мусулмон ўртасида уруш чиқиш эҳтимоли бор ўринда, ўзининг фикри гарчи тўғри бўлсада, ораларида келишмовчилик туғулмаслиги учун ўртоғига: «Сеники тўғри», деса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келишмовчиликни олдини олган одамга жаннатнинг ўртасидан жой берилишини ваъда қилдилар.

 

   Жамиятда бировнинг бошига кулфат ёки мусибат тушганда, бошқалар унга бепарво бўлмаслиги учун: «Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бир машаққатни аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат куни машаққатларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охират ишларини енгиллатади. Модомики, банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади», деганлар. Ва мусулмонларни бир-бирига аҳил ва иноқлигини: «Мўминлар ўзаро бир-бирига меҳр – мурувват кўрсатиш борасида бир жасадга ўхшайди. Жасаддаги бир аъзо дардга жалиниб қолса, ундаги бошқа барча аъзолар тонгача иситмалаб ухламасдан унга шерик бўлиб чиққади(мўминлар ҳам ўзаро манашундай бўлади)», деб ифодалаганлар.

 

   Жамиятдаги ҳамжиҳатликни кетқазувчи ва тоифаликни келтириб чиқарувчи катта иллатлардан бири бу уруғчилик ҳисобланади. Оламларга раҳмат бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу иллатни ҳам даволаб: «Огоҳ бўлинг! Арабни ажамдан, ажамни арабдан, оқни қорадан, қорани оқдан устун жўйи йўқ. Устунлик фақат тақво билан бўлади», дедилар.


   Шундай қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг гўзал иршодлари билан оз муддат ичида аҳил, иноқ, бир-бирига меҳрибон, бегоналарни ғамини ўйлайдиган, одамларни қийинчилигини енгиллатадиган, худбинликдан йироқ бўлган бир жамиятни шакиллантирдилар.

 

   Одилхон қори Юнусхон ўғли