Ҳаром ўлган ҳайвон гўштига таъқиқ
Ислом дини мусулмонларни ҳалол ва пок бўлишга, ҳамда покиза нарсалардан таомланишга буюради. Шу сабабдан ҳам ҳар бир инсон ҳалол ва ҳаромни яхши фарқлаши, истеъмол қилаётган таоми ҳалолдан бўлишига тарғиб қилади, ҳаром ўлган ҳайвон гўштиши ейишдан қайтаради.
Хўш, аслида қайси ҳайвонларнинг гўшти ҳаром? Ислом дини бунга қуйидагича изоҳ беради. Касалликдан, бўғилиб, бошидан зарба еб ўлган, баланд жойдан йиқилиб парчаланиб кетган, яраланиб ўлган ёки бошқа йўллар орқали ўлдирилган ҳайвон гўшти ҳаром ҳисобланади.
Ёввойи ҳайвонлар томонидан ўлдирилган ёки ғажиб ташланган ҳайвонлар ҳам худди шу таркибга киради. Улар ҳам ҳаром ўлган бўлиб, гўшти нопок ҳисобланади. Аллоҳ таоло “Моида” сураси 3-оятида шундай марҳамат қилади:
“Ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан ўзганинг номи айтиб сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузишдан ўлган ва йиртқич ҳайвон (қисман) еган (ҳайвонлар) сизларга ҳаром қилинди, илло (шаръан) сўйганингиз (ҳалолдир)”.
Ушбу ояти каримадан яна шу нарса маълум бўладики, охирги беш ҳолатдаги ҳайвонларнинг жони чиқмай туриб, типирчилаб турган пайтида топиб, “бисмиллоҳ”ни айтиб сўйишга улгурилса, уларнинг гўшти ҳалол ҳисобланади.
Шу ўринда кишида савол пайдо бўлиши табиий. Ҳаром ўлган ҳайвон гўштини ейиш нима сабабдан таъқиқланган? Биринчидан, ҳаром ўлган ҳайвонларнинг жасади одамнинг кўнглини айнитиб, жирканишни келтириб чиқаради. Иккинчидан, у инсон саломатлиги учун зарарли. Чунки, шаръий йўл билан ва гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда сўйилмаган ҳайвон гўштида инсон организми учун зарарли моддалар бўлади. Ўз ажали билан ҳалок бўлган бундай ҳайвонларнинг ўлимига аксарият ҳолларда касаллик ёки захарланиш сабаб бўлган бўлади. Шу сабабдан ҳам уларнинг гўштини истеъмол қилиш одам саломатлигини хавфга қўйиши эҳтимоли катта.
Умида Қодирова
"Ziyo" студияси муҳаррири
Манба: www.ziyo.uz