Ғийбат жоиз этилган ўринлар бор(ми?)
7.3.2017 11156

   Динимизда ғийбат ҳаром бўлса-да, баъзи ҳолатларда ислоҳ учун рухсат этилган. Ана шу ислоҳ саҳиҳ, шаръий мақсадда бўлиб, фақат ғийбат йўл билан унга етишиш мумкин бўлмаса, ўшанда рухсат этилган. У қуйидаги олтита сабабларнинг бирида бўлади: 
   

 

Биринчиси – мазлум султонга ёки қозига ёки золимни инсофга чақиришга кучи етадиган одамга бировни айбини айтиб шикоят қилиши. 
  

 

Иккинчиси – мункар нарсани ўзгартиришга ва осийни тўғри йўлга қайтаришга ёрдам сўрамоқ. У ана шу мункар нарсани кетказишга қудрати етадиган кишига "Фалон киши бундай ишларни қилиб юрибди, уни бундан тўхтатиб қўйинг", каби сўзларни айтади. Ана шу пайтда унинг мақсади мункар нарсани кетказишга бўлмоғи керак. Унинг мақсади бундай бўлмаса, ҳаром бўлади. 
   

 

Учинчиси – фикр-мулоҳаза сўраш. Масалан, муфтига "Отам ёки иним ёки фалончи менга зулм қилди, ундан халос бўлиш, ҳаққимни олиш ва зулмни ўзимдан даф этиш йўли қанақа?" деб айтмоғи жоиз. Ва шу сингари "Хотиним мени ундай қилди" ёки 'Эрим бундай қилди", деб ҳожати учун айтмоғи жоиз. Яна ҳам тўғрироғи, "Бир кишини ана бу ишида нима дейсиз?" ёки 'Эр ёки хотин бундай қилди", деб тайин қилмасдан мақсадини ҳосил қилмоғи ҳам дуруст. 
    Кейинги бобда зикр этиладиган Ҳинд розияллоҳу анҳодан қилинган ривоят таъйин қилишнинг жоизлигини кўрсатади. У эри Абу Суфённинг бахил-зиқна эканини айтганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни бу ғийбатидан қайтармадилар. 
   

 

Тўртинчиси – мусулмонларни ёмонликдан огоҳ этиб, уларга насиҳат қилиш. У бир нечта кўринишда бўлади. Улардан ҳадис ривоят қилувчи ровийларнинг гувоҳлик кўрсатмаларини мажруҳлиги учун рад этмоқ. Мана шу мусулмонлар ижмоъи билан жоиздир. Балки эҳтиёж бўлгани учун вожибдир. Айтадилар: "Бир киши никоҳ йўли билан қариндошлик муносабатларига киришини ёки ишда шерик бўлишини ёки омонат олишини ёки унинг ҳузурига омонат қўйишни ёки бундан бошқа нарсаларда муомала қилишни сендан маслаҳат сўраса, насиҳат юзасидан у ҳақда билган нарсангни айтмоғинг вожиб бўлади. Агар сен унга "Муомала қилиш ёки никоҳ ила қариндош бўлиш дуруст бўлмайди" ёки "Бундай қилмагин', деб айтиш билан мақсад ҳосил бўлса, ёмонлигини ортиқча зикр қилиш жоиз эмас. Энди борди-ю, мақсад ҳосил бўлмаса, унда очиқчасига зикр қилавергин". 
    Ва яна айтадилар: "Ўғирлиги, зинокорлиги, ичувчилиги ила машҳур бўлган қулни сотиб олаётган кишини кўрсанг, уни ўша сотиб олувчи киши билмайдиган бўлса, баён қилмоғинг лозим бўлади. Нафақат бу қул сотиб олишда, балки ҳар бир сотиб олинаётган нарсанинг айбини билсанг, агар сотиб олувчи билмаса, баён этмоғинг вожиб бўлади". 
   Яна айтадилар: "Агар бир фиқҳ ўрганувчи бидъатчи ёки фосиқ ҳузурига бориб, ундан илм ўрганаётган бўлса ва сен у фиқҳ ўрганувчи зарар топмоғидан қўрқсанг, унга насиҳат қилмоғинг ва ҳолини баён қилмоғинг лозим бўлади. Шу шарт биланки, сен бунда насиҳатни қасд қилмоғинг керак. Мана шу нарсада кўпинча хатога йўл қўйилади. Гоҳида ҳасадга олиб келади ёки шайтон алдаб қўяди. У эса бу қилган ишини насиҳат ва шафқат, деб хаёл қилади. Сен буни идрок этиб, фаросатли бўл". 
    Яна айтадилар: "Бир киши бошлиқ бўлса-ю, солиҳ бўлмагани ёки фосиқ ва муғаффал бўлгани сабабли ишни яхши кўринишда бажармаса, ундан ҳам каттароқ бўлган бошлиққа унинг айбини зикр қилмоғинг вожиб бўлади. Ана шу катта бошлиқ уни ишдан четлатиб, ундан-да салоҳиятлисини тайинлайди. Ёки унинг ҳолатини билса, уни тўғри йўлда бўлишга ундайди". 
    

 

Бешинчиси – фосиқлиги, бидъатчилиги ошкора бўлган кишиларни ғийбат қилиш жоиз. Масалан, ароқни ошкора ичувчи, кишиларнинг молини солиқ солиб, мусодара қилиб, зулм билан тортиб олувчи ҳамда ботил ишларни юргизувчилар шулар жумласидандир. Мана шу ишларни ошкора қилувчини ғийбат қилиш жоиз. Аммо бундан бошқаларида, яъни, юқоридаги зикр қилганларимиздан ташқари ҳолатларда жоиз эмас. 
    

 

Олтинчиси – танишлик учун. Агар киши кўзи хира, оқсоқ, кар, кўр, ғилай, бурни пачоқ ва шунга ўхшаш нуқсонли лақаб билан танилган бўлса, танитиш ниятида танитмоқлик жоиз. Аммо ноқислик томонини бундан бошқа мақсадда айтиш ҳаром. Агар айбини айтмасдан бошқа йўл билан бўлса, жуда ҳам яхши. 

    Мана шу зикр қилинган олтита сабабларда уламолар ғийбат қилиш жоиз, деб айтишган. Бунинг далили саҳиҳ ҳадисларда зоҳирий ҳолда келтирилган. 

 


Мансуров Шокиржон

Учқўрғон тумани бош имом-хатиби, Саййидхон Эшон жомеъ масжиди имоми

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216215
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24534