Фитна фожиаси
26.4.2016 5441

   Бугунги кунда кўплаб залолатдаги тоифалар, динни ўзларининг сиёсий мақсадларида ниқоб қилиб олган террорчи тўдалар интернет тармоғидан жуда ҳам унумли равишда фойдаланаётганлиги, интернет орқали кўплаб ёшларимизнинг онгини заҳарлаб, уларни ўз туғилиб ўсган ватанига, халқига қарши қайраётганлиги сир эмас.
    Фитна шундай нарса-ки, унинг юзи жуда кўп бўлади ёки бошқача қилиб айтсак унинг асл башарасини кўриш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Фитна келганда ёки инсон бирор фитна таъсирига тушаётганда ўзининг фитнадан таъсирланиб қолаётганини инсон сезмай қолади. Фитна салафи солиҳларимиз айтиб кетганларидек, келганда ўзининг асл моҳиятини кўрсатмай келади. Фитна шуниси билан ҳам фитнаки, у зоҳирда умуман бошқача бўлиб кўринади. Нуайм бин Ҳаммод "китобул-фитан" ("фитналар") номли китобида Ҳузайфа ибн Ямон ва Абдуллоҳ ибн Масъуд (разияллоҳу анҳумо)лардан қуйидаги сўзларни ривоят қилади: "фитна шундай нарса-ки, келганда ўз моҳиятини одамларга иштибоҳли, ноаниқ қилиб келади. Фақат кетгандагина ўзининг асл башарасини очиб кетади". Одамлар сўрашди: "У ҳолда унинг келиши қандоғу кетиши қандоқ бўлади?". Ҳузайфа жавоб бердилар: "келиши - қиличнинг яланғочланишидир, кетиши - қиличнинг қинга солинишидир".
    Инсон фитнага тушиб қолмаслик учун Аллоҳдан доимо офият сўрамоғи, турли фитналардан сақланишини сўраб дуода бўлиши керак. Шунингдек, ташқаридаги “олимлар”га эмас, кўпроқ ўз юртидаги халқ таниган, ҳамма таниган уламоларга эргашмоғи даркор. Акс ҳолда интернет тармоғига қўйилган тузоқларга тушиб қолиб, ҳалокатга юз тутиш ҳеч гап эмас.
    Бугунги кунда глобаллашув деган қалтис бир вазиятда яшар эканмиз, ғанимлар урушнинг, мустамлаканинг янги-янги усулларини ўйлаб топаётганларини билиб олишимиз керак. Энди, қурол ва бошқа қўшин орқали уруш қилишдан кўра маълум халқнинг онгига қарши, маданиятига қарши мафкуравий ҳужум қилиш кўпроқ самара беряпти улар учун.
    Ҳозирда муайян мамлакатни забт этиш, бирор халқни бўйсундириш воситалари тубдан ўзгариб кетди. Илгари бу мақсадларга эришиш учун қанчадан-қанча қурол-аслаҳалар, қимммат-баҳо техника, минглаб аскарлар ва анча-мунча вақт ҳам керак бўлар эди.
    Ҳозир эса бирор мамлакат ёки халқни бўйсиндириш учун оммавий ахборот воситаларининг ўзи кифоя қилмоқда. Куч ишлатиш, мажбурлаш ва зўравонлик ахборот орқали таъсир қилиш, одамларни бирор бир ғояга ишонтириш ва онгни бошқариш технологияларига ўрин бўшатмоқда.
    Куч орқали мақсадга эришиш инсоният томонидан бирдек қораланади, чунки бунда инсонга жисмоний оғриқ, шикаст, моддий зарар етказилади. Ишонтириш воситасида харакат қилаётганларни эса бирор нарсада айблаш қийин, зеро, улар тарғиб қилаётган ғоялари ортида қандай манфаатлар яширинганини билиш осон эмас. Ваҳоланки, сўз, фикр, ахборот орқали инсон тафаккурини забт этиш ҳам халқ, мамлакат, ҳудудни босиб олишнинг бироз маданийлашган кўриниши ҳисобланади, бироқ бунда истилочининг ким экани номаълум бўлади, ҳатто аҳоли ўзини босиб олиш учун ким кураш олиб бораётганини англамайди ҳам.
    Турли-туман жиҳодчи гуруҳлар, салафийлар, ҳизбут таҳрир, Қуръонийлар, барилавийлар, қодиёнийлар, шиалар ва бошқа адашган, залолатдаги террорчи тўдаларнинг ҳар бирининг интернетда ўз сайтлари, бузғунчи мақолалари ва бошқа кўплаб фаолиятларига бор. Энг ёмони шундаки, улар ўз мақолаларидаги ўзларининг ғояларини худди соф Исломнинг моҳияти сифатида талқин қиладилар. Динни ҳурмат қиладиган мўмин мусулмон киши, айниқса талабаларимиз шу нарсаларга дуч келиб қолишса, улардан таъсирланиб қолмасликларига ҳечким кафолат беролмайди. Шунинг учун эҳтиёт бўлиш керак, диний масалаларда зинҳор базинҳор номаълум сайтлар, “uz” доменида жойлаштирилмаган интернет саҳифаларга мурожаат қилмаслик лозим. “Фейсбук”, “одноклассники” деган ижтимоий тармоқлардан эса инсон жуда эҳтиёт бўлиб фойдаланиши керак. Иложи бўлса кишининг маънавий илмлари бирор савияга етиб, мафкуравий иммунитет деган нарса онгида шакллангунга қадар бундай сайтлардан фойдаланмагани ҳам маъқул аслида. Чунки, кўряпмиз, қанча-қанча ёшларимиз мазкур ижтимоий тармоқлар ва интернет саҳифаларига ортиқча берилиш оқибатида қандай ҳолларга тушганларини. Шу боис турли арабча ёки ўзбекча, русча ёхуд қайси тилда бўлишидан қатъий назар ўзимизнинг юртда очилмаган, диний сайтларнинг материалларидан фойдаланмаслик маъқул. Чунки, Бунинг ортида нималар турганини билмаймиз. Бундай сайтлар ортида бизларни ўз йўлига оғдирмоқчи бўлаётган бир ғаразгўй шахс турибдими, билолмаймиз.
     Ҳозирги кунда дунёда содир бўлаётган воқеа ҳодисаларни кузатар эканмиз Ислом номидан террор ишларини амалга оширувчи ал-Қоида, ИШИД каби террорчи ташкилотлар ва яна ЎИҲ (Ўзбекистон Ислом ҳаракати), Ансорул-Ислом, Жабаҳатун-нусра (Нусраҳ фронти) каби турли-туман номлар остида ҳаракат қиладиган барча радикал, террорчи, жиҳодчи гуруҳларнинг маслаги Исломнинг илк фитнаси, илк бидъати ва илк мусибати бўлган хорижийлар маслаги билан бирхил эканлигининг гувоҳи бўламиз. Мазкур гуруҳлар мусулмонларни интернет орқали ва яна бошқа хил “онгни ювиш” услубларини ишга солган ҳолда жон-жаҳди билан ўз йўлларига оғдирмоқчи бўладилар. Қуръоний оятлар ва набавий ҳадисларни бузиб талқин қилиш орқали содда мусулмонларни туғилиб ўсган ватанларидан ҳижрат қилиш фарз эканлигига, яшаб турган давлатларини эса “дорул куфр” (куфр диёри) эканлигига ишонтиришга уриниб, ўз давлати сиёсатига қарши чиқишга ундайдилар. Таассуфлар билан айтиш лозимки, бу дажжолларнинг фитнасига кўплаб диний билими саёз бўлган ёшларимиз учиб қолаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди. Юқорида номлари тилга олинган террорчи оқимлар ва ташкилотларнинг асосий белгилари ҳам худди хаворижлар сингари давлат раҳбарларига қарши чиқиш, уларни куфрда айблаш, Ислом олимларини эса уларнинг йўриғига юрмаганлари учун хоинликда айблаб, кофирга чиқаришдан иборат. Ваҳоланки, кўплаб ҳадиси шарифларида Набий алайҳиссалом давлат раҳбарларига қарши бош кўтаришдан қатъий равишда қайтарганлар ва раҳбарларга итоат қилишдан бўйин товлаган кимса жоҳилият ўлимини топишидан огоҳлантирганлар. Жумладан, Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Агар устингизга боши майиз донасидек (қопқора) ҳабаш қул раҳбар қилинса ҳам тинглаб, итоат этинг!”(Имом Бухорий ривояти: 693-ҳадис).
    Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломдан ривоят қилади: "Кимки, ўз (давлат) бошлиғининг бирор ишини ёқтирмаса, сабр қилсин! Зеро, кимки, султоннинг амридан бир қарич чиққудек бўлса, жоҳилият ўлимини топади" (Имом Бухорий (7053) ва Имом Муслим (1849) ривояти).
     Ўтган улуғ зотлар, ўтган буюк имомларимиз ўз даврларидаги давлат бошлиқлари ва халифалар ҳатто золим бўлишса ҳам, очиқчасига фисқу фужур ишларини қилишса ҳам уларга қарши чиқмаганлар, одамларни уларга қарши қайрамаганлар, балки, итоат қилганлар. Чунки, улар идеал бўлмаган мавжуд раҳбарга қарши одамларни қўзғаш халқ бошига мавжуд ҳолатдан ёмонроқ ҳолатларни солиши, кети узилмайдиган фитналарга эшик очиши ва тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада аянчли оқибатларга олиб келиши муқаррарлигини яхши англаганлар. Шунингдек, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳарқандай ҳолатда ҳам давлат бошлиқларига итоат қилишга чақирувчи ўгитларини ҳам доимо ёдда тутганлар.
    Хавориж бўлиш учун инсон ўзини хорижий деб аташи шарт эмас. Ёки тарихдаги хорижийлар тоифасининг ақидавий қарашларини олиши ҳам шарт эмас. Зеро, хорижийликнинг асосий белгилари мавжуд ҳокимиятга қарши бош кўтариш, уларни тан олмаслик, мусулмон раҳбарларни куфрда айблаш, улардан юз фоиз Ислом ҳукми билан ҳукм юритишни талаб қилиш, ўз маслагини тан олмаган мусулмонларни кофирлар сафига қўшиб, молу жонларини ҳалол санаш, уммат уламоларининг сўзларини тан олмаслик, уларни маломат қилиш ва ҳоказолардан иборат. Айнан шу нарсалар хорижийликнинг асосий белгиси бўлиб, улар ҳозирги кунимизда Ислом номидан ҳаракат қилаётган барча террорчи ташкилотларда мужассамдир. Улар амалга ошираётган хунрезликлар ҳам хорижийларнинг хунрезликлари билан бир хил. Зотан, хорижийларнинг номи ҳам “раҳбарларга қарши чиқувчилар” маъносини англатади. Хорижийлар ҳам замонавий ибора билан айтадиган бўлсак, террорчи оқим эди. Ахир, террор аслида қўрқитиш, ваҳима олиш маъноларини англатади.

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216915
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24589