Фарзандларга бўлинган меҳр тақсими
4.11.2016 7413

    Ота-оналарга бир нарсани айтиб ўтамиз: сиз фарзандларингизга бир хилда муомала қилинг. Улар орасини ажратманг, бирини иккинчисидан устун қўйманг, барчасини тенг кўринг. Чунки фарзандларга турлича муносабатда бўлиш улар орасига ҳасад (ғайрлик) уруғини сочади.
     Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам фарзандларга бирдек муомала қилишга чақирганлар, унисига бошқача, бунисига бошқача муносабатдан бўлишдан қайтарганлар.
 

 

عَنْ يَحْيَى بْنِ أَبِي كَثِيرٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: سَاوُوا بَيْنَ أَوْلاَدِكُمْ فِي الْعَطِيَّةِ وَلَوْ كُنْتَ مُؤْثِرًا أَحَدًا لآثَرْتَ النِّسَاءَ عَلَى الرِّجَالِ. رَوَاهُ سَعِيدُ بْنُ مَنْصُورٍ.

 

    Яҳё ибн Абу Касирдан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Совға беришда фарзандларингизни тенг кўринглар! Агар биронтасини афзал кўришинг керак бўлса, қизларни ўғил болалардан афзал кўрасан”, деганлар (Саид ибн Мансур ривоят қилган). Яъни, агар фарзандингизга совға-салом ёки бирон ҳадя берсангиз, уларни ўғил ёки қиз, катта ёки кичикка ажаратмасдан, ҳаммасини бирдек кўринг, ўрталарида адолат билан тақсимлаб беринг. Агар фарзандлардан бирини иккинчисидан афзал кўриш лозим бўлса, у ҳолда биринчи қизлардан бошланади, кейин ўғил болаларга берилади.
    Ислом шариатида қиз болаларнинг ҳурматини жойига қўйиш, уларни эъзозлаш ҳақида алоҳида кўрсатмалар келган. Қиз фарзанд туғилганда хурсанд бўлиш, совғани аввал қизлардан бошлаш, уч нафар қизни имонли-эътиқодли, одобли қилиб тарбияласа, жаннатий бўлиш ҳақидаги ҳадиси шарифлар фикримиз исботидир.
      Жоҳилият даврида қиз болалар ҳурмати топталган, уларга керакмас бир буюдек қаралган, ҳатто қиз кўрганидан ор қиладиган “ота”лар фарзандини тириклайин кўмишгача борган, қиз фарзанд кўргани ҳақида эшитганида тепа сочи тикка бўлган. Мана шу жоҳилий одатга барҳам бериш мақсадида Ислом динида қизларга, умуман аёллар ҳақ-ҳуқуқларига алоҳида эътибор билан қаралади, уларни камситмаслик, ерга урмаслик таъкидланади. Совға олиб келганда биринчи қизларга бериш ҳақидаги кўрсатма ҳам Исломда қиз фарзанднинг ўрни нечоғли катта эканини билдиради.

 

عَنْ عَامِرٍ قَالَ سَمِعْتُ النُّعْمَانَ بْنَ بَشِيرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا وَهُوَ عَلَى الْمِنْبَرِ يَقُولُ: أَعْطَانِي أَبِي عَطِيَّةً فَقَالَتْ عَمْرَةُ بِنْتُ رَوَاحَةَ: لاَ أَرْضَى حَتَّى تُشْهِدَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَأَتَى رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: إِنِّي أَعْطَيْتُ ابْنِي مِنْ عَمْرَةَ بِنْتِ رَوَاحَةَ عَطِيَّةً فَأَمَرَتْنِي أَنْ أُشْهِدَكَ يَا رَسُولَ اللهِ قَالَ: أَعْطَيْتَ سَائِرَ وَلَدِكَ مِثْلَ هَذَا قَالَ: لاَ قَالَ: فَاتَّقُوا اللهَ وَاعْدِلُوا بَيْنَ أَوْلاَدِكُمْ قَالَ: فَرَجَعَ فَرَدَّ عَطِيَّتَهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

 

    Омирдан ривоят қилинишича, у Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу минбарда туриб шундай деганини эшитган экан: “Отам менга бир ҳадя қилди. Шунда (онам) Амра бинти Равоҳа: “Сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни гувоҳ қилиб келтирмагунингча рози эмасман” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келганларида, (отам) деди: “Мен Амра бинти Равоҳадан (туғилган) ўғлимга бир ҳадя қилдим. Аёлим унга сизни гувоҳ қилишимни сўради, эй Расулулллоҳ!” деди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: “Қолган фарзандларингга ҳам шундай ҳадя бердингми?” деб сўрадилар. У: “Йўқ”, деди. Шунда у зот: “Аллоҳдан қўрқинглар, фарзандларингиз орасида адолат қилинглар!” деб таъкидладилар. Шунда отам қайтиб келиб, ҳадясини қайтариб олди” (Бухорий ривоят қилган).
    Бу ерда Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳунинг отаси фарзандларини тенг кўрмаганини билган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Аллоҳдан қўрқинглар, фарзандларингиз орасида адолат қилинглар”, деб таъкидлаганлари айтилмоқда. Бошқа ривоятда бу жумла турли сийғаларда келган. Жумладан:

 

1. Уни ортига қайтар.

 

2. Ундай бўлса, мени бунга гувоҳ қилма. Чунки мен жавр-зулмга гувоҳ бўлмайман.

 

3. Мени зулмга гувоҳ қилма.

 

4. Бунга мендан бошқасини гувоҳ қил.

 

5. Мен фақат ҳаққа гувоҳ бўламан.

 

6. Шунинг учун ундай қилма.

 

     Нўъмон ибн Башир Ансорий розияллоҳу анҳудан келтирилган бошқа бир ривоятда айтилишича, унинг онаси Амра бинти Равоҳа эридан ўғлига бирон ҳадя қилишни сўраган. Башир бу масалани бир йил чўзиб юрганидан кейин унга рози бўлган. Шунда Амра: “Сен бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни гувоҳ қилиб келтирмагунингча рози эмасман”, деган. Шунда отаси: “Эй Расулуллоҳ, мана бу ўғлимнинг онаси Бинти Равоҳа ўғлимга берганим ҳадя ҳақида мен билан баҳслашди”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Башир, сенинг бундан бошқа ўғилларинг борми?” деб сўрадилар. Отаси: “Ҳа”, деб жавоб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна савол бердилар: “Уларнинг ҳаммасига мана шу ўғлингга берганинг каби ҳадя улашганмисан?” Отаси бу саволга: “Йўқ”, деб жавоб қайтарди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У ҳолда мени бунга гувоҳ қилма! Чунки мен жавр-зулмга гувоҳ бўлмайман!” дедилар (Муслим, Насоий ва Аҳмад ривоят қилган).
    Ушбу ривоятдан олинадиган хулосалар:

 

1. Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳунинг отаси унга айрим ҳадя ва тортиқлар ато этгани.

 

2. Нўъмоннинг онаси Амра бинти Равоҳа розияллоҳу анҳо эрининг бу ишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни гувоҳ қилишни талаб қилгани.

 

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фарзандлар орасида тенг бўлинмагани, адолат қилинмагани сабаб бу ишга рози эмасликларини очиқ баён қилганлари.

 

4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ботилга эмас, фақат ҳаққа гувоҳ бўлганлари, жавр-зулмга рози эмасликлари.

 

5. Ота фарзандлари ўртасида адолатли тақсимот қилиши, уларни биридан иккинчисини афзал билиб, унга кўпроқ нарсаларни ҳадя қилиши тўғри эмаслиги. Шундай бўлган тақдирда, афзал кўрилга ўғил ёки қизга берилган нарсалар ортга қайтарилиши. 

 

6. Тақводор одам ҳар бир ишда адолат қилиши, ҳар бир ҳақ эгасининг ҳақини адо этиши лозимлиги.

 

Фарзандлар орасини ажратиш, уларни тенг кўрмаслик қуйидаги кўринишларда бўлади:

 

1. Бирини мақтаб, бошқасини ёмонлаш, бирини ақлли, деб бошқасини “аҳмоқ”, деб мурожаат қилиш.

 

2. Бошқаларини қўйиб, фақат биттасини эътибор бериш, унга ҳадялар улашиш, яхши муомала қилиш, қолганларини урушиб-тергаш, танбеҳ бериш, ҳақини поймол қилиш.

 

3. Севимли ўғилни кечириб, бошқасини арзимас сабаблар билан жазолаш.

 

4. Фарзандлари орасидан фақат биттасини яхши кўриш. Бу унга бирон нарса бериш қолганларини эса ман этиш билан, маҳбуб фарзандни ўпиб, суюб-эркалаб, бошқаларига эътиборсизлик қилиш биланбўлади. 

 

     Санаб ўтилган ҳолатларнинг ҳеч бири жоиз эмас. Чунки бундай қилиш фарзандлар ўртасида ҳасад, адоват ва нафратни пайдо қилади. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни бу ишдан қайтарган. Мусулмон банда учун Расулуллоҳнинг “Бундай қилма!” деган сўзлари етарли бўлади. Ортиқча изоҳга ҳожат йўқ.

 

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216907
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24589