Фарзанд тарбияси масъулияти
11.10.2017 7660

Муқаддас динимизда фарзанд тарбиясига ота-оналар масъул экани, яна ҳам аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, оилани моддий тарафдан таъминлаш ота зиммасида бўлганидек, фарзандлар таълим-тарбияси ҳам асосан отанинг вазифаси экани кўплаб ҳадиси шарифларда таъкидланган.

 

Фарзанд тарбияси ҳақида жуда кўп маълумотларни келтириш мумкин. Биз ушбу мўъжаз мақолада фарзанд тарбиясига ким масъул эканига урғу бериб, шу хусусда баъзи мулоҳазаларни айтиб ўтишни лозим топдик.

 

Аллоҳ таоло шундай деган: “Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли-оилангизни дўзахдан сақлангизки, унинг ўтини одамлар ва тошлардир. У (дўзах)нинг устида қаттиқдил ва қаттиққўл, (фақат) ўзларига буюрилган нарсани қиладиган фаришталар турур” (Таҳрим, 6).

 

Ушбу оятда мўмин киши ўзи ва оила аъзоларини Аллоҳга итоа этиш, У Зот қайтарган ишлардан тийилишга чақириш орқали жаҳаннам азобидан қутқариши лозимлиги таъкидланмоқда.

 

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “ўзларингизни ва аҳли-оилангизни дўзахдан сақланглар!” оятини тиловат қилдилар. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, биз оиламизни дўзахдан қандай қилиб сақлаймиз?” дейилди. Шунда у зот: “Уларни Аллоҳ яхши кўрадиган нарсага буюрасизлар, Аллоҳ ёмон кўрадиган нарсадан қайтарасизлар”, дедилар” (Ибн Мардавайҳ ривояти).

 

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу бу оятни: “Оила аъзоларингизга яхшиликни таълим беринг, уларга одобни ўргатинг!” деб тафсир қилган (Ҳоким, Байҳақий ва Ибн Жарир ривояти).

 

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу бу оят ҳақида: “Аллоҳга итоат этинглар, У Зотга осий бўлишдан сақланинглар, аҳлингизни жаҳаннам азобидан сақловчи Аллоҳнинг зикрига ўргатинглар!” деган (Ибн Жарир ва Ибн Мунзир ривояти).

 

عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: كُلُّكُمْ رَاعٍ فَمَسْئُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ فَالأَمِيرُ الَّذِي عَلَى النَّاسِ رَاعٍ وَهُوَ مَسْئُولٌ عَنْهُمْ وَالرَّجُلُ رَاعٍ عَلَى أَهْلِ بَيْتِهِ وَهُوَ مَسْئُولٌ عَنْهُمْ وَالْمَرْأَةُ رَاعِيَةٌ عَلَى بَيْتِ بَعْلِهَا وَوَلَدِهِ وَهِيَ مَسْئُولَةٌ عَنْهُمْ وَالْعَبْدُ رَاعٍ عَلَى مَالِ سَيِّدِهِ وَهُوَ مَسْئُولٌ عَنْهُ أَلاَ فَكُلُّكُمْ رَاعٍ وَكُلُّكُمْ مَسْئُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوَدُ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ.

 

Абдуллоҳ (ибн Умар) розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ҳар бирингиз раҳбардирсиз. Ҳар бирингиз қўл остингиздагилар ҳақида сўраласизлар. Одамларга амир бўлган одам раҳбардир, улар ҳақида сўралади. Киши ўз оиласига раҳбардир, улар ҳақида сўралади. Хотин эрининг уйи ва болаларига раҳбардир, улар ҳақида сўралади. Қул хожаси молига раҳбардир, ўша ҳақида сўралади. Огоҳ бўлинглар, ҳар бирингиз раҳбарсизлар, қўл остингиздагилар ҳақида сўраласизлар!” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ривоят қилган).

 

Ушбу ривоятда ҳар бир банда, ким бўлишидан қатъи назар, ўз қўл остидагиларга раҳбар экани, уларнинг риояси ва ҳимояси бўйича масъул экани, адолат билан иш тутиши лозимлиги маълум қилинмоқда.

 

Ривоятда аёл эрининг уйини чиройли тадбир билан ҳимоя қилиши, молини омонат билан сақлаши ва фарзандларига қарашда масъул эканига ҳам урғу берилмоқда. Бундан келиб чиқади, фарзанд тарбияси фақат эркакнинг зиммасида эмас, балки аёл бу борада эрига яқиндан кўмаклашади.

 

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ يُحَدِّثُ عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَكْرِمُوا أَوْلاَدَكُمْ وَأَحْسِنُوا أَدَبَهُمْ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.

 

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Сизлар фарзандларингизни ҳурмат қилинглар ва уларнинг одобини гўзал қилинглар!” (Ибн Можа ривояти. Ривоят санади заиф).

 

Ушбу ҳадисга кўра, ота фарзандларига чиройли муомалада бўлиши, уларни иззат-икром қилиши керак. Аммо бунда меъёрни билиш лозим. Акс ҳолда отанинг тантилиги, еб-ичиш ва либос бобида ҳаддан ташқари хотамтойлик қилиши болалар тарбиясига салбий таъсир ўтказиши мумкин. Шу сабаб бўлса керак, ҳадиснинг давомида болалар одобини чиройли қилишга чақирилмоқда.

 

Фарзанд тарбиясига асосан ота жавобгар экан, биз бу нарсага қандай қарамоқдамиз? Динимиз бизга буюрган вазифаларни тўлиқ ҳис қилиб, ўз зиммамиздаги мажбуриятларни бажара оляпмизми ёки бу ишларда камчиликка йўл қўйилмоқдами?

 

Шукрки, кўп оталар шариат кўрсатмаларига амал қилиб, фарзанд тарбиясига ўзлари бош-қош бўлиб турадилар. Бунинг натижаси ўлароқ фарзандлари салоҳияти ва одобли бўлиб вояга етади. Аммо кишилар орасида бу вазифага панжа ортидан қараб, фарзанд тарбиясини аёли ёки мактабдаги устозларга ташлаб қўядиганлар ҳам йўқ эмас. Тўғри, оилада она ҳам фарзандлар тарбиясига кўмак беради, устозлар ҳам мактабда ўз ўқувчиларига таълим бериш баробарида одоб-ахлоқни ўргатадилар. Аммо барибир болалар тарбияси учун жавобгар ота эканини унумаслигимиз керак. Сабаби охиратда айнан ота сўралади бу хусусда.

 

Яна бир камчилигимиз шуки, баъзи оилаларда фарзанд тарбияси тўлиғича телевизор ёки телефон аппаратларига топшириб қўйилган. Уларнинг фарзандларини ўзлари эмас, балки ўша техник жиҳозлар “тарбиялайди”. Аммо унутмаслик керак, телевизор кун бўйи маънавий-маърифий кўрсатувлар бергани билан бола тарбиясида ота-онанинг ўрнини ҳеч ким ва ҳеч нарса босолмайди! Ваҳоланки, “жим ўтирсин”, деб болаларини телевизор ихтиёрига тўлиқ топшириб қўяётган ота-оналар зангори экранда болалар учун умуман тўғри келмайдиган нарсалар берилишини яхши биладилар. Шуни билиб туриб ҳам соф табиатли фарзандларининг одоби бузулиши, хулқи ёмонлашишига сабабчи бўлиб қоладилар...

 

Шундай экан, масъулиятли вазифа бўлган фарзанд тарбиясига панжа ортидан қараб бўлмайди. Бунга ҳаққимиз ҳам йўқ. Сабаби бу иккинчи ёки учинчи даражадаги иш эмас. Балки наслимиз давомчиси бўлган фарзандларимиз таълим-тарбияси бизнинг асосий вазифаларимиздан биридир. Бу вазифа бизга Аллоҳ ва Расули тарафидан юкланган. Шуни ёддан чиқармаслик лозим.

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216179
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24530