Дўлана меваси фойдалари
18.3.2016 9884

   Ўлкамизда бу меванинг 3 та тури истеъмол қилинади. Фармацевтика саноатида асосан қизил, сариқ рангли дўланадан фойдаланилади. Дўлана мевалари турига қараб, қизил, сариқ ва қора рангли бўлади. Унинг барги, гуллари ва мевалари шифобахшдир.
    Дўлананинг бир ҳовучи истеъмол этилса, кун бўйи кишининг нафақат ташналик балки очликда ҳам асқотиб, унга яхши кайфият, бардамлик ва қувват ҳам ҳадя этади. Шу боисдан бўлса керак, дўланани лотин тилида "гратас" (кучли) деб атайдилар.
    Дўлана меваларининг таркибида 20 фоиз қанд, 8 фоиз ёғ, флавоноидлар, холин, ацетилхолин, ошловчи моддалар, каротин, С витамини, органик кислоталар каби моддалар мавжуд. Ўзбекистон шароитида ўсадиган дўлананинг баъзи турларида В1, В2, РР, С, Е витаминлари борлиги аниқланган.
    Ўсимлик гулларида юқорида қайд қилинган моддалардан ташқари 0,16 фоизга яқин эфир мойлари бор. Абу Али ибн Сино дўлананинг шифобахш хусусиятлари тўғрисида бундай деб ёзган: "Дўлана сафрони сўндиради. Бошқа меваларга қараганда суюқликларнинг оқишини кучлироқ тўхтатади. Ич кетишини бартараф қилади ва сийдик тутилишидан сақлайди".
    Дўлана халқ табобатида кенг қўлланилади. Кўпгина жаҳон халқлари халқ табобатида дўлана ич кетишида, толиқишда, ақлий ҳорғинликда, уйқусизликда, асабийлашганда, юрак оғриганда, климакс даврида, ревматизм асоратидан пайдо бўлган ревмокардитда, атеросклерозда, қон босими ошганда, бош айланиши, йўталда истеъмол қилинади. Олтой халқ табобатида қизил дўлана бош айланиши ва асаб бузилганида фойдали шифобахш мева ҳисобланади. Франция халқ табобатида қизил дўлана мевалари, гули ва барги асабни тинчлантирувчи, спазмга қарши, юракка дармон сифатида фойдаланилади. Ҳозирги кунда фармацевтика саноатида дўлана гулларидан тайёрланган тиндирма ва турли бошқа гиёҳлар билан бирга тайёрланган дори воситалари атеросклероз, невроз, асаб тизими ва юрак қон томир касалликларида кенг фойдаланилмоқда.
   Шунингдек, дўлананинг эрта баҳордаги ёш новдалари пўстлоғи алаҳсираш ва ич кетишига яхши даводир. Немис халқ табобатида дўлана гуллари ва мевалари юрак қуввати сустлигида ва қон айланиш фаолияти бузилганида, айниқса, кексалар учун жуда фойдали ҳисобланади. Австрия халқ табобатида дўлана гуллари ҳамда мевалари асосида тайёрланадиган дамлама, спиртли тиндирма (настойка) ва экстрактлар (қиём) юракнинг қон томирларини кенгайтирувчи ва қон босимини пасайтирувчи даво сифатида фойдаланилади. Полша халқ табобатида дўлана мавжуд дориворлар мияга қон қуйилганда, атеросклерозда, асаб касалликларида тавсия этилади. Замонавий тиббиётда қизил дўлана танглай муртаклари яллиғланишида, сут безларининг фаолиятини яхшилашда ҳам тавсия этилади.

 

Эслатма:

 

      Дўланани оч қоринга истеъмол қилмаслик керак. Чунки, у ичакни қисиб (спазм) қайт қилдиради. Бу мевани истеъмол қилгандан ке­йин устидан совуқ сув ичиш мумкин эмас, акс ҳолда у меъда-ичак санчиғига сабаб бўлишини унутманг.
      Шунингдек, уни ортиқча истеъмол қилиш буйракка зарарли бўлиб, меъда-ичакни заифлаштириб, қуланж (колит) хас­талиги, кўнгил айниши, қайт қилишни пайдо қилади.
Меванинг қайнатма, дамлама, қиём ва ундан тайёрланган препаратлар билан даволаниш фақат шифокор маслаҳати билан ва унинг назорати остида қўлланиши лозим.

 


“Саййид Муҳйиддин махдум” ўртамахсус Ислом билим юрти ходими Қаҳрамонжон Исраилов тайёрлади.

 

www.muslim.uz 

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216318
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24551