"АЛ-АЗҲАР" НИНГ НУФУЗЛИ УЛАМОЛАРИ: "БИЗ ИШИДГА ЙЎҚ ДЕЙМИЗ!"
14.10.2015 3741

    "Ал-Азҳар" университети дунёнинг энг қадимий таълим даргоҳларидан бири бўлиб, Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида жойлашган. 988 йилда Фотимийлар томонидан ташкил этилган. Бугун университет Мисрнинг фахрий рамзи ҳисобланади. Миср конституциясидаги алоҳида моддалар бевосита университетга бағишланган. «Ал-Азҳар» нафақат Мисрда балки, бутун араб-мусулмон дунёсида энг нуфузли таълим маскани сифатида ном қозонган. 
   «Ал-Азҳар» универси-тетининг дунёга машҳур уламолари дунёда содир бўлаётган ҳодисаларга ислом дини таълимотлари нуқтаи назаридан ўз фикрларини билдириб борадилар. «Ал-Азҳар» уламолари бутун дунёда қўрқув, оммавий қирғин ва ваҳшийликка сабаб бўлаёт-ган «ИШИД» террорчилик ташкилотини қоралаб, унинг муқаддас ислом динига умуман дахли йўқлигини қатъий таъкидладилар.

 

«АЛ-АЗҲАР» УЛАМОЛАРИНИНГ ИШИДГА РАДДИЯЛАРИ 

 

    Шайхул Азҳар Доктор Аҳмад Таййиб ИШИДнинг Ислом динидан йироқ тузилма эканини таъкидлаб, шундай дейди: «Ироқ халқи барча имконият ва кучини мамлакатда оқаётган қонларни тўхтатиш ҳамда ИШИД томонидан олиб борилаётган ноҳақ одам ўлдириш, инсонларнинг обрўсини поймол қилиш, масжидларни харобага айлантириш, насроний ҳамда бошқа дин вакилларининг қувғин қилиниши каби аянчли ҳолатларни бартараф қилишга сарфлашлари зарур. Ислом дини вайронагарчилик ва қотиллик каби ишларни амалга оширадиган қуролли ҳаракатларни рад қилади. Ислом бундай ишлардан мутлақо йироқ!» Шунингдек, Аҳмад Таййиб Ироқдаги ваҳший хатти-ҳаракатларни миллати, дини ва эътиқодидан қатъи назар шу ерда яшаётган фуқароларнинг тинчлигига раҳна солиш, дея баҳолаб, бундай вазиятларда самовий динлар тарғиб қилиб келган бағрикенглик қадриятларини янада мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро тинч-фаровон яшаш зарурлигини таъкидлади. «Ал-Азҳар»даги Нуфузли олимлар ҳайъати аъзоси Доктор Маҳмуд Маҳно ИШИД борасида ўз фикрларини баён қилар экан, жумладан шундай дейди: «Ироқ ва Сурияда фаолият олиб бораётган ушбу террорчи ташкилот баъзилар хато талқин қилаётганидек, «Аҳли сунна» намоёндалари эмас. Чунки «Аҳли сунна» эътиқоди тинч аҳолига ва мусулмонларга тажовуз қилишга зинҳор рухсат бермайди. У ноҳақ қон тўкишнинг ҳаром эканини қатъий таъкидлайди. ИШИД суннани боши берк кўчага олиб кирмоқда. Ислом динини бутунлай салбий суратда гавдалантириб, уни беҳуда, ўйинчоқ ва қотиллик дини сифатида намоён қилмоқда. Мусулмон ўз биродарига қилич кўтармайди. Ҳатто ўзга дин вакиллари модомики мусулмонларга қарши жанг қилишмас экан, уларга ҳам қилич кўтариш мумкин эмас. Ҳозир бутун олам Ислом динини тажовузкор дин сифатида тасаввур қилмоқда. Ислом дини қон тўкиш билан халифаликка эришишни мутлақо ёқламайди». 
    «Ал-Азҳар» вакили Нуфузли олимлар ҳайъати бош котиби Доктор Аббос Шумон «Ал-Азҳар»нинг ИШИД содир этаётган жиноятларига қарши эканини таъкидлаб, шундай дейди: «Ал-Азҳар» уламолари Ислом ниқоби остида фаолият юритаётган жиноятчи ва қотилларнинг хатти-ҳаракатлари шариатга зид эканини маълум қилади. Дарҳақиқат, Ислом башарият учун тинчлик ва раҳмат дини! Ироқ ва Суриядаги хунрезлик ишлари эса Исломдан эмас! Мусулмон одам бошқа дин ва ақида вакилларига нисбатан раҳм-шафқатли, кечиримли ва бағрикенг бўлиши лозим. Мусулмон киши ақида сабабли бировга зулм қилиши, террорчилик ҳаракатларини амалга ошириши ва қўполлик қилиши, хусусан, бу ишларни мусулмонга нисбатан амалга ошириши асло мумкин эмас. «Ал-Азҳар» ИШИД содир этаётган бегуноҳ одамларнинг қонини тўкиш, насронийларни қувғин қилиш ва язидий тоифасини қатл қилиш каби жиноятларни рад этиб, шариатга зид эканини эълон қилган. Бу кимсалар диний эркинлик тушунчасини тўлиқ англаб етишмаган. Куфрнинг гуноҳи куфр келтирганнинг зиммасига юкланади. Қиёматда Аллоҳнинг ҳузурида ўзи жавоб беради. Биз унинг куфр келтирганидан сўралмаймиз». 
   Миср диёри муфтийси Доктор Шавқий Аллом ИШИД уюшмасини «Шайтон ўсимлиги» дея таърифлаб, қуйидагиларни сўзлади: «ИШИД – адашган террористик гуруҳ! Ғарб ОАВ бу уюшмани исломий атама ва номлар билан атаб, ИШИДнинг Ислом суратида намоён бўлишига ҳисса қўшмоқдалар. Лекин араб ОАВ воқеликни бу тарзда ёритишдан ниҳоятда ҳушёр бўлиши лозим. Чунки қаршимизда Ислом динига умуман алоқаси бўлмаган бир террорчилик ташкилоти турибди. ИШИД Ислом дини олиб келган исломий қадриятлар ва шаръий мақсадларга хилоф бўлиш билан бирга умуминсоний қадриятларга ҳам раҳна солмоқда. Биз бу адашган уюшманинг қонли ва мутаассиб ҳаракатлари Ислом дини учун хатарли экани, ер юзида бузғунчиликни тарқатиб, мамлакатларни заифлаштираётганини кўрмоқдамиз. Терроризм ва мутаассибликка қарши курашиш биздан кенг миқёсдаги халқаро ва минтақавий ҳамкорликни талаб қилади». Доктор Шавқий сўзининг охирида араб ва Ислом оламидаги барча исломий муассасаларни ИШИД уюшмасига қарши тарғибот ишларини олиб боришга ва одамларни унинг салбий натижаларидан огоҳлантиришга чақирди. Миср Вақф ишлари вазири Муҳаммад Мухтор Жумъа мамлакатда бузғунчиликни режалаштираётган ИШИД уюшмасига қарши кураш фуқароларнинг ҳам шаръий, ҳам фуқаролик вазифаси эканини таъкидлаб, шундай деди: «ИШИД ҳамда унинг тарафдорлари ва атрофидаги ҳамкорлари содир этаётган қотиллик, вайронагарчилик ва ёш қизларни зўрлаш каби жиноятларни инсоният тарихи кўрмаган. Башарият душмани бўлган бу жиноятчиларга қарши кураш барчамизнинг бурчимиздир. Бу каби бузғунчи ташкилотларга Ислом номини беришдан сақланишимиз даркор». 
    «Ал-Азҳар» университетининг собиқ раҳбари Нуфузли олимлар ҳайъати аъзоси Доктор Аҳмад Умар Ҳошим ИШИД уюшмасини «Ҳозирги аср хорижийлари» дея таърифлаб, ўз сўзини қуйидагича асослади: «ИШИД» террорчи ташкилоти ғояларида Расулуллоҳ (с.а.в.) таърифлаб берган хорижийларнинг ақида ва сифатлари бор. Бу сифатларнинг энг муҳими динда адашишдир. Бу тоифа вакиллари Аллоҳ изн бермаган зоҳидлик ва хушуъни зоҳир қилиб, ҳатто ҳаж мавсумидан бошқа вақтда соч олдиришни ибодат санашади. Яна бир жиҳати, уларга тўғри йўлни ажрата олмайдиган уқувсиз йигит раҳбарлик қилади. Зеро, Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар: «Охири замонда ёшлари кичик бир қавм чиқади ...» ИШИД тарафдорларининг сифатларидан яна бири шуки, улар шаръий илмдан бехабардир. Улар оят ва ҳадисларни нотўғри, хато тушунчалари асосида англаб, ишончли олимларга мурожаат қилишмайди. Шу боис, бу тоифа ўзи адашгани етмаганидек, ўзгаларни ҳам тўғри йўлдан оздирмоқда. Расулуллоҳ (с.а.в.) улар ҳақида шундай деганлар: «Машриқ тарафдан бир тоифа одамлар чиқади. Улар Қуръон ўқийдилар. Лекин Қуръон уларнинг халқумидан ўтмайди. Улар ўқ камондан чиққанидек диндан чиқадилар ...» Яъни, улар Қуръонни ўқиб, ундан илмсиз далил келтиришади, улар Қуръонни тушунмасдан, ундаги аҳкомларни англамасдан ва муташобеҳларини билмасдан ўқийдилар. Ҳозирги янги хорижийлар ҳам ўзларини ибодатгўй кўрсатиб одамларни алдамоқдалар. ИШИД тарафдорларининг фаолиятини кузатар экансиз, Аҳли суннанинг етук олимларига таъна тошларини отаётганини ва қолган оддий мусулмонларни ва ҳокиму давлат раҳбарларини куфрда айблаётганини кўрасиз. Улар фақат ўзларинигина ҳақ йўлда деб биладилар. Шу боис улар Аҳли сунна уламоларининг насиҳатларига қулоқ солмайдилар». 
    Нуфузли олимлар ҳайъати аъзоси Доктор Аҳмад Маъбад ИШИД террорчилик ташкилотини замонамиз хорижийлари деб таърифлаб, қуйидагиларни таъкидлайди: «ИШИД мусулмонларнинг қонини тўкиш, уларни обрўсизлантириш ва мол-мулкларига тажовуз қилишни ҳалол деб ҳисоблайдилар. Улар ўзларига қарши бўлган мусулмонларни куфрда айблаб, Қуръони каримнинг Нисо сураси 93-оятидаги қуйидаги муҳим кўрсатмани унутишмоқда: «Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай». «ИШИД» тарафдорлари кофирлар хусусида нозил бўлган оятларни мўминларга тадбиқ қилиб, ҳатто айрим ҳадисларни инкор ҳам қилишмоқда. Уларнинг ақидасига кўра, ҳокимга қарши бош кўтариш ҳалол саналади. Аслида эса, шаръий ҳокимга ноҳақ қарши чиқиш боғийлик деб аталади. Шу боис, бу янги хорижийларга қарши курашиш вожибдир. Чунки улар шариатимизга қарши чиқишмоқда. Аҳмад ибн Ҳанбал хорижийлар ҳақида шундай деган: «Хорижийлар энг ёмон қавмдир. Мен ер юзида улардан-да ёмонроқ қавмни билмайман». Хорижийлар асрлар оша шу сифат билан танилиб келган. Умматнинг олими Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) улар ҳақида шундай деган: «Мен қўлини ишлатишда хорижийлардан-да ашаддийроқ қавмни кўрмадим». Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) эса хорижийларни қуйидагича таърифлаган: «Улар кофирлар учун нозил бўлган оятларни мўминларга тадбиқ қилганлар». 
    Нуфузли олимлар ҳайъати аъзоси Муҳаммад Раъфат Усмон ИШИД даъво қилаётган давлатчилик ҳақида қуйидагиларни сўзлади: «Ўзига ақида, ғоя ва мазҳабда мухолиф бўлганларнинг қонини тўкишни ҳалол санаш бу қандай халифалик?! Бу қандай шариат?! Улар турли вайронагарчилик, қонхўрлик ва бузғунчиликларни содир этиш орқали янги исломий халифаликни тиклаймиз деб эълон қилишмоқда. Бу Аллоҳ ва Унинг Расулига туҳмат ва ёлғон!» Раъфат Усмон «ИШИД»нинг мақсади Исломга зарба беришдан иборатлигини таъкидлаб, шундай деди: «ИШИДнинг фаолияти одамларда турли қарашларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Баъзилар ИШИДни ношаръий ташкилот сифатида қабул қилса, айримлар уни янги исломий халифалик давлати барпо қилиш учун ҳаракат қилаётган мустақил ташкилот сифатида тушунмоқда. Учинчи тоифа одамлар ИШИДга ўз мухолифларини маҳв этиш учун ташкил қилинган уюшма деб қарамоқда. Тўртинчи тоифа инсонлар эса уни халифалик ниқоби остида минтақадаги давлатларни кичик давлатчаларга парчалаб ташлашни режалаштирган ташкилот деб ҳисобламоқдалар». Олимнинг таъкидлашича, ИШИД ва унга ўхшаган адашган гуруҳлар Исломдан юз ўгирган гуруҳлардир.

 

 

www.muslim.uz 

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216387
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24553