Ахборот эзгуликка хизмат қилсин
16.7.2015 4804

 

        Жахон ягона ахборот майдонига айланиб бўлди. Таҳлилчиларнинг фикрича, матбуот фақат ахборот тарқатувчи восита бўлмай, у ёки бу давлатлар, маълум гуруҳлар, ўз манфаатларини турли йўллар билан ҳимоя қиладиган, ўз қарашлари, турмуш тарзини ўзгаларга сингдиришга уринаётган доиралар қўлидаги энг ишончли қуролга айланиб қолди. 21 аср мафкура қуролига айланди. Аслида ахборот эзгуликка, бунёдкор ғояларга хизмат қилиши керак. Аммо жахон матбуотини, айниқса Интернет сайтларини кузатар экансиз, телевидение кўрсатувларини кўрар экансиз, бунинг акси бўлаётганига ишонасиз.

Яқинда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети талабалари билан учрашувда иштирок этдим. Талабаларни қизиқтирган саволларга имкон қадар жавоб беришга харакат қилдим. Шунда талабалардан бири “ўзбек журналистикасининг ғарб журналистикаси билан фарқи нимада?” деган саволни ўртага ташлади. Шу ўринда ўхшатиш сифатида стакандаги сув билан боғлиқ мисолни келтирдим. Ғарб матбуотида “стаканнинг ярми сув билан тўлмаган”, дейилса, биз “стаканнинг ярми сув билан тўлган” деймиз. Бизда келажакка ишонч (оптимизм)га катта аҳамият берилса, ғарб журналистлари одамларда тушкунликни (пессимизмни) уйғотишга уринишади.

Талабалар билан учрашув тугагач анча вақт мана шу савол устида бош қотирдим. “Балки саволга етарлича жавоб бермагандирман”, деган фикрда юрдим. Яқинда Интернетда ўқиган ғарб матбуотига бағишланган латифа бу саволга тўлиқроқ жавоб бўлиши мумкин дея қўлга қалам олдим. Мана ўша латифа:

Парижга келган Рим папасини аэропортда кутиб олган журналистлар, ундан “Фоҳишахоналарга муносабатингиз қандай?” дея сўрашади. Шунда Рим папаси “Нима, Парижда фоҳишахоналар борми?” дея саволга савол билан жавоб беради. Эртаси куни газеталарда “Рим папаси аэропортда “Парижда фоҳишахоналар борми?” дея сўради” сарлавҳаси остида мақола босилди. Мана шу латифанинг ўзиёқ ғарб матбуотида воқеалар нотўғри талқин қилинишини, сўзлар матндан суғуриб олинишини англатади.

Шу ўринда яна бир латифа. АҚШ кўчаларида сайр қилиб юрган бир қизга ит хужум қилибди. Воқеага гувоҳ бўлган бир йигит қизни ҳимоя қилиш мақсадида итни ўлдирибди. Эртаси куни газеталар “Америкалик қаҳрамон йигит қизни қутқариб қолди” деган сарлавҳа остида мақола эълон қилади. Йигит “мен бу мамлакат фуқароси эмасман” дейди. Газеталар “Хорижлик мард йигит ватандош қизимизни қутқарди” дейишади. Шунда йигит “кечирасизлар мен арабистонлик мусулмонман” деб айтади. Энди газеталар “Исломий террорчи бегуноҳ кучукни уриб ўлдирди...” дея урғуни қизнинг қутқарилишига эмас, итнинг ўлдирилишига беришади.

Мана шу икки латифанинг ўзиёқ жамоатчилик фикрини чалғитишга уриниш Оммавий Ахборот воситалари қўли билан амалга оширилаётганини кўрсатмоқда. Латифалар ўз йўлига. Энди воқеликка қайтайлик. Сўнгги вақтларда Покистонда кунлар исиб кетди, одамлар иссиқдан вафот этиши билан боғлиқ ходисалар учрамоқда. Ғарб матбуоти буни кенг ёритар экан, одамларнинг ўлимига Рамазон ойини хам қистириб ўтишди. Гўёки одамларнинг иссиқдан ўлаётганига рамазон ойи хам айбдордек. Худди шу каби ходисалар Европада бўлмоқда, аммо у ерда бу ҳолат глобал иқлим ўзгариши сифатида кўрилмоқда. Бу каби ғаразли ахборотларни тарқатиш ортида тор манфаатлар ётгани аниқ.

Шу ўринда ислом дини хизмати йўлида бор - куч ғайратини сарфлаган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг вафот этган кунларида интернет саҳифалари, ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган хабарларни мисол сифатида келтирамиз. Жаноза ва дафн маросимида 200 минг киши қатнашди. Ўша кунлари Шайх ҳазратларининг эзгу ишлари, дин йўлидаги хизматлари, маънавиятимизни юксалтиришдаги фаолиятлари ёритилиши ўрнига, дафн маросимида иштирок этган бир - икки кишининг ножўя ҳаракатлари, селфи усулини қўллаб расмга тушиши ахборот сифатида тарқатилди. Хориж радиолари эса туҳмат қилишгача борди. Айрим сайтларда “жанозада чет элдан фалончи келди”, деган хабарлар тарқатилди. Бир хамкасбимиз ёзганидек, ахир буюк бир инсон бу дунёдан кетдику, жанозада кимлар қатнашгани шунчалик қизиқми? Жаноза маросимида 200 минг киши қатнашгани рост. Бирорта кўнгилсиз воқеа қайд қилинмагани хам айни хақиқат. Бундан асло кўз юмиш керак эмас. Атиги 0,01 фоиз кишининг хатти харакати деб 200 минг кишининг савоб ишини унутиш керак эмас. Улар Буюк Устозни сўнгги йўлга кузатиш учун республикамизнинг барча вилоятларидан етиб келишди. Уларни ҳеч ким мажбурлаб олиб келмади. Жаноза қачон ва қаерда бўлиши ҳам эълон қилинмади. Одамларнинг ўзлари билиб, етиб келишди. Маълумки, жаноза намози кўпи билан 5 дақиқада ўқилади. Мана шу 5 дақиқани деб одамлар 5 соатлик йўлни босиб келдилар. Нахотки 0,01 фоиз кишининг ножўя харакати мана шу узоқ йўл босиб келганларнинг савоб ишларини ювиб кетса?!

Одамлар онги, дунёқарашини у ёки бу ғоялар таъсирига бўйсинтиришда ахборотнинг ўрни беқиёс. Бундан молпараст, шуҳратпараст ва амалпараст кучлар ўз мақсадларига эришиш, дунёни ўз ҳоҳиш иродаларига бўйсинтиришда фойдаланмоқда. Эълон қилинмаган ахборот урушларининг замирида ёлғон ахборот тарқатиш, ижтимоий онгини эгаллаш, миллий ва маданий қадриятларни йўқ қилиш, турмуш тарзимизга ёт ва бегона қадриятларни сингдириш мақсади ётгани аниқ. Бундан огоҳ бўлишимиз керак.

Шу ўринда “бир жинслилар никоҳи билан боғлиқ ахборотларни тарқатишдан мақсад нима?” деган саволни ўзимизга бериб кўрайлик. Қабихлик қачондан бери қадрият, инсон хуқуқлари сифатида талқин қилинадиган бўлиб қолди? Бундай ахборот оқимлари омма тафаккурга жиддий таъсир кўрсатмоқда. Маънавиятсизликни тарғиб қилиш шармандалик эмасми? Энди улар одамлар кўз ўнгида табиат қонунларини ҳам, жамият қонунларини хам поймол қилишгача боришди. Нима учун улар инсоний қадриятларни эмас, биз уларнинг шармандаликларини хурмат қилишимиз керак?! Табиат қонуни эркак ва аёл жуфтлигини, жамият қонуни эркак ва аёл никохини кўзда тутади. Аммо эркакнинг эркак билан, аёлнинг аёл билан никоҳдан расман ўтишини қонунийлаштиришни нима билан оқлаб бўлади. Ғарбнинг эркин матбуоти мана шу аҳлоқсизликни тарғиб қилиш билан овора. Лут қавми билан боғлиқ воқеани эсга олишимиз ва бу каби иллатнинг оқибати нима билан якунланганини асло унутмаслигимиз керак.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, кўзни каттароқ очиб, ён атрофимизда бўлаётган воқеа -ҳодисаларни теранроқ англасак айни муддао бўлар эди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табригида “Биз бугун қандай шиддат билан ўзгараётган ва ривож топаётган, илгари учрамаган, ечими ўта оғир ва мураккаб бўлган турли - турли муаммоларни туғдираётган ХХI асрда яшаётганимизни ҳеч эсимиздан чиқармаслигимизни истардим”, дейилади.

 

Шарофиддин Тўлаганов

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216420
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24554