Қадр кечасида лозим бўлган савоби улуғ амаллар
11.6.2018 3310

Рамазон ойининг энг фазилатли ва муборак кечалари гултожи бўлган Қадр кечасини интизор кутаётган диндошим, ушбу шарафли тунда қилинажак амаллар ва ибодатларингизни Аллоҳ ўз ажри билан мукофотласин. Ушбу кечани қай тарзда ўтказиш ва бу тунда қандай амаллардан сақланиш лозим экани ҳақида сизга ўз билганларимизни баён қилмоқчимиз.

Демак, шукуҳли Рамазоннинг охирги ўн кунлигидаги тоқ кечалардан бирида яширин бўлган Қадр кечасини ибодатда қоим бўлиб ўтказишни ният қилган эканмиз, ушбу кечани шунчаки бедорликда эмас савобли амаллар билан ўтказишга ҳаракат қилмоғимиз лозим.

Бу ҳақда Абу Ҳурайра (рз.)дан ҳадис ривоят қилинади. Расул акрам (сав):

“Кимки Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлари мағфират қилинур”, - дедилар. Демак, ушбу кечанинг энг асосий мезон иймон, ихлос ва ниятдир. Яъни, амаллар ниятга боғлиқ бўлганидек, кимки ушбу кечани қай ниятда ўтказса ниятига етишажак. Яъни, кечани ибодат ва ва солиҳ амаллар билан ўтказиб савоб ва ажрлардан умид қилган инсон Иншааллоҳ ажру савоблар билан мукофотланажак.

Ривоят қилинишича, бир куни Мусо (а.с.) Аллоҳ таолога нидо қилиб: “Илоҳо, сенинг яқинлигингни билишни истайман”, - деди. Аллоҳ таоло: “Мен Қадр тунида уйғоқ бўлганларга яқиндирман”, - деди. Мусо (а.с.) яна: “Илоҳо, сенинг раҳматингнинг орзусидаман”, - деди. Аллоҳ таоло: “Менинг раҳматим Қадр кечасида мискинларга раҳм қилганларгадир”, - деди. Мусо (а.с.): “Илоҳо, сирот кўпригидан яшиндек ўтишни истайман”, - деганларида, Аллоҳ таоло: “Қадр кечасида фақирларга садақа берганларни олдинроқ ўтказаман”, - деди. Мусо (а.с.) нидоларини давом этиб: “Илоҳо, жаннат боғларида бўлишни ва уларнинг мевасидан тановул қилишни истайман”, - деди. “Қадр кечасида тасбеҳ айтиб, Мени зикр этиш билан машғул бўлганлар жаннат боғларига сазовор бўлишади”, - деди Аллоҳ. Мусо (а.с.): “Илоҳо, дўзахдан нажот топишни истайман”, - деганларида, Аллоҳ таоло “Қадр кечасида истиғфорни кўп айтганлар дўзахдан нажот топадилар”, - деди. Мусо (а.с.) яна илтижо қилиб: “Илоҳо, сенинг розилигингни топишни истайман”, - деганларида, Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таоло: “Эй Мусо, Менинг розилигимни қадр кечасида икки ракъат нафл намоз ўқиганлар топадилар”, - деди (“Зубдатул воъизин” китобидан). Ушбу фазилатли кечада Қуръони Карим тиловати, Аллоҳнинг зикри ва Пайғамбаримиз (саллоллоҳу алайҳи васаллам)нинг саловоти билан машғул бўлиш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, Қадр кечасида қалбдаги кибр ва гиналарни унутиш, аразлашиб қолганлар билан ўртани ислоҳ қилиш ва ўзаро келишмовчилик, ҳамда тортишувлардан ўзни сақламоқ жоиз. Чунки, Ибни Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда шундай ривоят қилинади: "Қадр кечасида Аллоҳ таоло амри ила Жаброил алайҳиссалом фаришталар жамоати билан ер юзига тушадилар, Жаброил алайҳиссаломнинг тўққиз юзта қаноти бўлиб, улардан иккитасини фақат Қадр кечасидагина очади. Жаброил алайҳиссалом ва фаришталар туриб, ўтириб, намоз ўқиб, зикр қилиб ибодат қилаётганларга салом берадилар ва уларнинг қилаётган дуоларини ижобатини сўраб, то тонг отгунча "омин" деб турадилар. Кимнинг бадани титраб, қалби юмшаса ва кўзларига ёш келса, бу Жаброил алайҳиссаломни бу одам билан кўришганининг аломатидир. Тонг отиши билан Жаброил алайҳиссалом "қайтиш, қайтиш" деб нидо қиладилар. Фаришталар Жаброил алайҳиссаломдан Аллоҳ таоло бу кечада Муҳаммад алайҳиссалом умматига нима қилди деб сўрашганда, у зот "Аллоҳ таоло уларга назар қилди ва тўрт тоифа инсонлардан бошқаларининг гуноҳларини кечирди" - дейдилар. Биз Расулуллоҳ (с.а.в.)дан бу тўрт тоифа кимлар эканлигини сўраганимизда, у киши: "Ичкиликка ружу қўйган, ота-онасига оқ бўлган, қариндошлик алоқаларини узган, ўзаро аразлашиб гаплашмай юрган одамлар тоифасидир" - дея жавоб бердилар." (Байҳақий ривояти, "Мажолис-уш -шуҳур" китобидан). Демак, Қадр кечасида Аллоҳнинг ваъдасидаги фазлу-марҳаматлардан умидвор киши юқоридаги тўрт тоифадагилардан бўлиб қолишдан ўзини сақлаш лозим.

Ушбу кечада келгуси бир йиллик тақдирингиз — ризқ, соғлиқ, мол-дунё, атрофдагилар билан муомала, илм, бахт-саодат, муваффақият, ютуқ, фарзандлар — ўлчаб-ёзиб қўйилади. Ўзингизга, аҳли оилангиз, яқин ва яхши кўрган кишиларингиз ҳаққига дуо қилишда бахиллик қилманг. Ҳар бир дуонгиз сўнгида фаришталар "Омийн! Сенга ҳам худди шундайи бўлсин", деб туришини ҳам унутманг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша онамизга ўргатган дуо бу кечада қилинадиган дуоларнинг энг афзалидир:

"Аллоҳумма иннака афуввун туҳиббул-афва фаъфу ъанний" (Эй Аллоҳ! Албатта сен афв қилгувчисан, афв қилишни яхши кўрасан. Мени афв қил (гуноҳларимни кечир).

Барча оламлар подшоҳи, неъмат бергувчи, қудрат эгаси бўлган Аллоҳ сизга афви билан муомала қилса, Унинг фазли, ризқи, розилиги ва раҳмати ҳам устингизга қуйилиб келаётганини аниқ кўрасиз.

Ушбу муборак оқшомни ғафлат уйқусида ёки тунни кўнгилочар масканларда ўтказишдан, вақтни ғийбат ва ножўя суҳбатда ўтказишдан, фазилатли тунни телевизор томоша қилиш ёки дўстлар даврасида бекорчи суҳбатлар билан ўтказишдан, дастурхонга ҳаддан ортиқ эътибор бериб, исрофгарчиликка йўл қўйиб қўйишдан ўзимизни сақлашимиз лозим. Бунинг ўрнига ушбу кунда кўпроқ хайру-эҳсон қилиб, ўзгаларнинг ҳожатини чиқаришга ёрдам беришга ғайрат қилишнинг ажри беқиёсдир. Зеро, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Садақаларнинг энг афзали рамазон ойидаги садақадир» — деганлар. (Термизий ривояти).

Азизлар, вақтни Аллоҳнинг тоат-ибодатидан бошқа нарсаларда зое қилиш ғафлат ва Аллоҳнинг рахматлари-ю инъомларидан маҳрумликдир. Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи рози бўладиган амалларни қилишимизда ёру мададкор бўлсин!

 

 

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216317
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24551