Абу Лайс Самарқандий ҳаёти
24.4.2017 6760

 

                

    Юртдошимиз,    улуғ    факиҳ    Абу  Лайс   Самарқандийнинг   тўлиқ    исми       Наср     ибн  Муҳаммад    ибн   Аҳмад    ибн     Иброҳим    Абуллайс   ас-Самарқандий    ал-Ҳанафийдир.   Тафсир,   фиқҳ  усул,  ақида,  зуҳд илмлари  бўйича  кўплаб  асарлар  яратган  буюк  аллома,  Самарқанд шайхулисломи бўлган.   У  яшаган   даврда   юртимизда   луғат,   тафсир,  ҳадис, фиқҳ илмлари ривожланган.        Мана   шундай   илмий  муҳитда    яшаб ижод этган аллома самарали мерос  қолдирган.

              

   Алломанинг туғилган йили сифатида муаррихлар ҳижрий 301-310 йиллар ораси ва 911 милодий йилни кўрсатадилар. Ул зотнинг куняси Абу Лайс, яъни “Лайснинг отаси” дегани. “Лайс” луғатда “шер”, “арcлон” деган маънони билдиради. У зотнинг Лайс деган фарзандлари бўлганми ёки "Абу Туроб" сингари мажозий лақабми, номаълум. Ҳар ҳолда куня экани аниқ.

        

       Ал­­ факиҳ   Имомул ҳуда   Шайхул  Ислом   унвонлари  билан   ҳам   машхурдирлар.              

    

     Унвонларидан бири “ал-фақиҳ” бўлиб, бу унвон билан у жаҳонга танилган. Аллома фиқҳ илмида юксак мартабага эришган, ўз замонасида унга тенг келадиган олим топилмас эди.

          

    Абуллайснинг  ўзи  ҳам “ал-фақиҳ” лақабини яхши кўрар эди. Чунки, ривоятларга қараганда, “Танбеҳул ғофилин” китобини ёзган вақтларида бир кеча у кишининг тушларига Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб, ёзган китобларини тутқазиб: “Ё фақиҳ! Китобингни ол!” деб айтадилар. Уйғонганларида китобларида Пайғамбаримиз муборак қўлларини, изларини кўрадилар. Шундан кейин “Фақиҳ” деган номни севадилар ва у туфайли кўп барокотларга ноил бўладилар.

      

    Иккинчи унвонлари “Имомул-ҳуда”.  “Ҳак йўл имоми” маьносидадир.  Бу унвонда ҳазрат  Имом  Абу   Мансурал -Мотуридий  билан  баробардир.

   

          У зот  Самарқанд  шайхул  исломи  бўлганлари  учун   Шайхул  Ислом   деган   ном  билан  ҳам  чакирилган  .

    

   Абуллайснинг вафоти ҳақида ҳам муаррихлар турли саналарни кўрсатадилар. Довудий ўзининг “Табақот ал-Муфассирин” китобида 393-ҳижрий йилнинг жумод ас-сони ойининг сешанба 11-кечасида вафот этган, деган. “Жавоҳир ал-мўзиъа”  асарида 373-сешанба кечасида, “Кашф аз-зунун” асарида 376, ёки 383, ёки 375-ҳижрий йилда вафот этган дейилади. Яъни, аллома 985 ва 1003-милодий йиллар орасида вафот этган. Манбаларда унинг оиласи ҳақида ҳеч нарса ёзиб қолдирилмаган.

         

   Абу Лайс Самарқандийдан баракали илмий мерос қолди. Илм, фан, адаб борасида қирқдан зиёд китоблар тасниф этдилар. Фиқҳ, усули дин, тиб ва фалсафа илмларида шуҳрат ва мартаба қозондилар.

      

  Абу Лайс ас-Самарқандий илмий-маънавий меросидан унинг тафсирлари “Баҳр ал-улум” (“Илмлар денгизи”) номли тафсирлари  алоҳида аҳамият касб этади. У тафсирида Қуръонга тўлиқ - "Фотиҳа" сурасидан "Нас" сурасигача шарҳ берган. Олим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобий киромлар, тобиийнларнинг 2000 дан ортиқ ривоятларини жамлаган ва улардан унумли фойдаланган. Шу билан бирга, у асарда араб тилшунос олимлари асарларидан, ўз ижтиҳод-раъйидан ҳам истифода этган. Унинг раъйи ижтиҳоди Қуръоннинг тарбиявий жиҳатларини ёритишда намоён бўлади. Шу сабабли, ушбу асар Мовароуннаҳрда яратилган мўътабар тафсирлардан бўлиб, кейинги кўплаб асарларга манба бўлиб хизмат қилган. Ҳозирдаушбу тафсирнинг 77 нусхаси мавжуд, улар Берлин, Мюнхен, Лейден, Иерусалим, Тунис, Стамбул, Санкт Петербург, Тошкент фондларида сақланмоқда.

      

   “Бўстон ал-орифин” (“Орифлар Бўстони”). Бу одоб ахлоқ масалаларига оид асар бўлиб,   унда таълим тарбияга оид жуда кўп тарихий   воқеалар, ҳикоялар ва ҳадислар келтирилган. Асар  159 бобдан иборат бўлиб,   унинг “Илм ўрганиш”, “Салом бериш”, “Ақл ҳақида айтилган нарсалар”, “Одоб”, “Овқат ейиш  қоидалари”,  “Ичкилик”,  “Табобат”,  “Касб”,  “Илм  ва адаб фазилатлари”   каби   боблари   айниқсадиққатга   сазовордир.   “Бўстон   ал-орифин” жуда кенг тарқалган асар бўлиб, унинг босма ва қўлёзма нусхалари турли   мамлакатларнинг   кутубхоналарида  сақланмоқда.   1815   йили   ёзиб тугатилган қўлёзма ва 1814 йил ёзилган иккинчи бир қўлёзма    нусхалари  Фанлар Академиясининг  Шарқшунослик институтида сақланмоқда.

     

   “Танбеҳул ғофилин” китоби 91 бобдан иборат бўлиб, бу бобларда ихлос билан ибодат қилиш, Аллоҳнинг раҳматидан умид қилиш, яхши ишларга буюриш ва ёмон ишлардан қайтариш, тавба қилиш, ота ва онанинг хаққи ва фарзанднинг хаққини адо қилиш, қариндошлик ришталарини боғлаш, силаи раҳм қилиш, кўшничилик ҳақкини адо қилиш, арок ичишдан қайтариш, ёлгондан қайтариш, ғийбат қилишдан сакланиш, чакимчилик ва ҳасаднинг ёмон оқибатларидан огоҳ қилиш, дунёдан юз ўгириш, машаққатларга сабр қилиш, намоз, таҳорат, рўза, ҳаж, садақа, масжид одоблари, ойларнинг фазилатлари, дуолар ва Қуръон фазилатлари, шукр, таваккал, ҳаё ва илмли бўлишга   тарғиб қиладиган   ҳадислар баён қилинган. Шулар қаторида қабр азоби, дўзах азоби, кибр, ғурурланиш, ўлим шиддати, қиёмат қўрқинчи, тил офати, зино қилиш, судхўрлик ҳаромдан хазар қилиш, зулм қилишдан қайтарадиган ва огоҳлантирадиган ҳадислар мажмуасидан иборатдир.

       

  Бизнинг жаннат монанд юртимиздан етишиб чиққан улуғ аждодларимиз бизга қолдирган меросларини чуқур ўрганиб, фарзандаларимизни одобли ва ахлоқли қилиб тарбиялашимизда муҳим ўрин тутади. 

 

 

Муҳаммадхон Абдураҳмонов

Наманган шаҳар “Мулла Исмоил”

жоме масжиди имом-хатиби

 

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216891
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24588