Ливан шайхи имом Бухорийнинг хокини нега олиб кетмоқчи бўлганди?
21.7.2018 256

Ўтган асрнинг 50-йилларидан бошлаб араб давлатлари нефтига бўлган қизиқиш собиқ СССР раҳбариятининг "Мусулмон олами билан дўстлик" шиорини олға суришига сабаб бўлади ва шу асосда араб давлатлари билан боғланиш чоралари излана бошланади, дея ҳикоя қилинади “Зарафшон” газетасида.

Дастлабки босқичда бир даражада советларга хайрихоҳ Ливан давлатига эътибор қаратилиб, расмий доирадаги ишларга киришилади, таклиф-у ташрифлар бошланади. Илк меҳмон 1956 йилда Ливаннинг таниқли сиёсат ва жамоат арбобларидан бири, парламент депутати, мамлакатдаги етакчи "Жаридат Тарабул" – "Тарабулис" газетаси соҳиби Шайх Надим ал-Жиср бўлади. Бу муҳтарам зот томошаталаб бўлмаган. У Имом Бухорий мангу қўним топган мақбарани излаб келган.

Кремль режасига кўра, шайхни Москвадаги олий ўқув юртларига, шунингдек, Киев, Ялта, Сочи шаҳарларига олиб бориш мўлжалланган. Аммо меҳмон таклифларни рад этиб, асл мақсади Имом Бухорий қабрини зиёрат қилиш эканлигини айтади. Расмий доиралар тадбирлар қатъий белгиланганини ҳар қанча уқтиришмасин, меҳмон ўз ниятидан чекинмаслигини, акс ҳолда қайтиб кетажагини баён этади. Қайтиб кетиш дипломатик алоқаларнинг барбод бўлиши эканлигидан чўчиган ҳукумат раҳбарлари мартабали меҳмоннинг талабини қондиришга чора ахтаришади.

Зудлик билан СССР Фанлар академиясидан Имом Бухорий ҳақида маълумот олиниб, Шайх Надимни Ўзбекистонга олиб бориш режалаштирилади ва Ўзбекистон раҳбариятига бу ҳақда тезкор топшириқ берилади.

Тошкентдагилар Имом Бухорий аталган шахс бўлса, бухоролик бўлади-да, гумони билан Бухоро вилояти раҳбарларига қўнғироқ қилиб, зиёратгоҳни шошилинч тартибга келтириш топшириғини беради. Бухородагилар Тошкентга "Қабр Самарқандда экан", деган хабарни етказишади.

Самарқанд раҳбарияти оёққа туриб, қабрни ахтаришга тушади. Қабр Самарқанд шаҳридан тахминан 15-20 километр узоқликда, Пайариқ туманининг Хартанг қишлоғида эканини билишгач, бориб кўришса, вайрона ва ташландиқ бир жой. Тартибга келтириш бир-икки кунлик иш эмасди.

Бу ҳолат ҳақида Самарқанд Тошкентга, Тошкент эса Москвага хабар қилади. Тепадагилар ҳар қанча столни муштлашмасин, тезликда эпақага келтиришнинг иложи йўқлигини билиб турар эди. Шунинг учун вақтни чўзиш чорасини ўйлаб топишади. Яъни, Москвадан Тошкентгача поезд 4 кунда етиб келиши ҳисобига вақтдан ютиб, зиёратгоҳни ҳозирлаш мумкин бўлади.

Тўрт кечаю тўрт кундуз тик оёқда қанчалик ишланмасин, ишнинг адоғи йўқдек эди. Самарқанднинг бу хусусдаги зору ноласи Тошкентни чўчитади. Акс ҳолда, Москвадан қандай "мукофот" тегиши маълум эди. Шайх Надим яна бир кун Тошкентда зиёрат баҳонасида ушлаб турилади. Эртаси куни шайхни тонгда Самарқандга самолётда олиб келишиб, шаҳарни бир кун томоша қилдиришади. Айтишларича, меҳмон ҳақиқатда обидаларга мафтун бўлган ва Шоҳи Зиндада Ҳазрат Қусам ибн Аббос қабри тепасида узоқ туриб, кўзда ёши билан Қуръон тиловат қилган.

Буни қарангки, зиёратлардан роса толиққан меҳмон айнан шомдан кейин "Ҳазрати Имом мозорига қачон борамиз?", деб сўраб қолади. Мезбонлар мамнуният билан фурсатни қўлдан бермай, зулматли тунда уни Хартангга олиб бориб келишга тутинадилар.

Машинадан тушар-тушмас Шайх Надимни қаттиқ ҳаяжон чулғайди. Қабргача қолган масофани билгач, меҳмон тиз чўкиб, ерни ўпади ва Ҳазрати Имом мозори томонга тиззалаб боради. Қабр қошига етгач, яна ерни ўпади. Сўнгра кўзида ёш билан тонгга қадар Қуръон тиловат қилади.

Тонг отиб, кун ёришгач, Шайх Надим ўзини нима учун атайлаб тунда олиб келишганларини англаб, қабр ва масжиднинг хароб аҳволидан кўзига ёш олади.

Бу воқеани ўрганган шоир Хуршид Давроннинг ёзишича, "Тошкентгача Шайх Надим ҳеч ким билан гаплашмади. Пойтахтга етиб келгач, Ўзбекистон раҳбари билан учраштиришни илтимос қилди. Хабарларга кўра, шайх учрашувда шундай деган экан: "Имом Бухорий хоки туробини олиб кетишга рухсат беринглар, эвазига ўша тупроқнинг оғирлиги қанча бўлса, ўшанга тенг ҳажмда тилла олиб келишга ваъда бераман!".

Шайх Надимнинг кетардаги фикру хаёлидан бегонамиз. Аммо эътибор ҳаминқадарлигича қолгани бу – ҳақиқат. Назаримда, шайх қабр ва масжиднинг харобалигидан кўра, маънавий қашшоқлигимизга кўпроқ ачиниб йиғлагандек...

Шукурки, ҳар бир даврнинг, ҳар бир жамиятнинг кўнгли кенг инсонлари бор. Улар билан олам муаззам ва мукаррам. Ҳазрат Бухорий ана шундай зотлар қалбида бардавом яшаб келган. 1956 йилдан кейин 1986 йилда Судан Бош вазири Содиқ Маҳдий, Жаҳон Ислом ташкилоти Бош котиби ўринбосари Муҳаммад Носир ал – Аббудий, 1987 йилда Малайзия Бош вазири Махатхир Муҳаммад, Афғонистон Диний ишлар ва вақф вазири Абдулжамил Зарифий, 1988 йилда Марокаш Ислом ишлари ва вақф вазири Абдулкабир ал-Алвия ал-Мағрибий, Қувайт Ислом ёдгорликлари маркази директори Шайх Хесса ас-Сабоҳ хоним, 1989 йилда Индонезия Президенти Сухарто каби азиз меҳмонлар ана шулар жумласидандир.

Имом Бухорий ҳақида чин маънода қайғурган Мустақиллигимиз асосчиси, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов бўладилар. Хартанг қишлоғидаги зиёратгоҳда дастлаб шу зотнинг ташаббуслари билан том маънодаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилди ва 1998 йилда биринчи халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.

Манба: kun.uz

 

 

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 48331
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

4500