ИНСОН–ИМТИҲОН ДУНЁСИДА ТАЛАБАДИР
5.7.2018 561

Аллоҳ таоло Ўзининг азалий ва илоҳий ҳикматига мувофиқ инсон зотини яратиб, уни борлиқдаги кўплаб мавжудодлардан азиз ва мукаррам қилди. Унга бошқа мавжудодларига бермаган кўплаб имкониятларни инъом этди. Бу ҳақда Қуръони каримда хабар бериб шундай деган:

 وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلًا

Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик.[1]

Аллоҳ таоло Ўзи мукаррам қилган инсонга Ўзини танитишни ва уни ер юзида ўринбосар бўлишини ирода қилди. Унга ўзларидан бўлган пайғамбарлар юборди ва Китоблар нозил қилди. Ўтган барча пайғамбарлар инсонларни Аллоҳ таолога ва охират кунига иймон келтиришга даъват қилдилар. Чунки иймон, кишини эзгу ва яхши амалларни қилишга ундаб, ёмон ва гуноҳ ишлардан қайтишлигида асосий омил вазифасини ўтайди.

Зеро, дунё ҳаёти барчаларимиз учун абадий қўним топадиган маскан эмас, балки вақтинчалик қароргоҳдир. Инсон бу ҳаётда яшар экан, унда туғилиш ва ўлим ёнма ён эканига гувоҳ бўлади. Бу эса, дунё ҳаётининг фонийлигидан дарак беради ва оқил инсонларни дунёда яшашликдан мақсад нима эканини мушоҳада қилишга ундайди. Меҳрибон Парвардигоримиз бизларга Ўзининг каломи орқали “дунёда яшашдан мақсад нима” экани ҳақидаги ҳақиқатни билдириб шундай деган:

الَّذِي خَلَقَ الْمَوْتَ وَالْحَيَاةَ لِيَبْلُوَكُمْ أَيُّكُمْ أَحْسَنُ عَمَلًا ۚ وَهُوَ الْعَزِيزُ الْغَفُورُ

У ўлим ва ҳаётини сизларнинг қайсиларингиз амалда яхшироқ эканлигингизни синаш учун яратгандир. У азиз ва ўта мағфиратлидир.[2]

Аллоҳ таоло хабар берган ҳар бир нарса ҳақ ва амалга ошувчидир. Қиёмат ҳақида ваъдаси ҳақ ва у албатта бўлади. Ўзига итоат қилганларга Унинг ўзи кифоя қилиши, уларни саломат сақлаши ҳақидаги ваъдаси ҳақ ва у амалга ошувчидир. Охиратда, итоаткорларга эҳтиром ва осийларга надомат бўлиш ваъдаси ҳақ ва у амалга ошувчидир. Агар банда бу нарсаларни билиб, унга иймон келтирса, ўша кимсанинг қалбида яхшилик уруғлари барқ уриб, ёмонлик уруғлари қуриб бораверади. Яхшиликдан умидвор бўлиб, эзгу ишларни амалга оширади ва оқибати ёмон бўлишидан қўрқиб, ёмонликлардан четда бўлади. Қалбнинг бундай сайқалланиши эса, киши иймонининг комиллик сари юксалаётганидан дарак беради.

Агар яхшиликка мукофот ва ёмонликка жазо бўлмаганида эди, бу дунё ҳаётида ҳеч бир нарсанинг қадр қиммати қолмаган бўларди. Шунинг учун ҳам бу дунё, охиратимиз экинзори, эзгу ва яхши амаллар қилиш имкони ҳамда ёмонликларга пушаймон бўлиб тавба қиладиган вақтинчалик қўналғамиздир. Зеро, Аллоҳ таоло, инсониятга хитоб қилиб, фоний ҳаётга алданиб, боқий ҳаётни қўлдан бой бермасликни ва Унинг ваъдаси ҳақ эканини айтган:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّ وَعْدَ اللَّهِ حَقٌّ ۖ فَلَا تَغُرَّنَّكُمُ الْحَيَاةُ الدُّنْيَا ۖوَلَا يَغُرَّنَّكُم بِاللَّهِ الْغَرُورُ

Эй одамлар! Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бу дунё ҳаёти сизларни ғурурга кетказмасин. Сизларни ўта ғурурга кетказгувчи(яъни, Шайтон) Аллоҳ ҳақида алдаб қўймасин.”[3]

Аллоҳ таоло инсон табиатини покиза ва яхши нарсаларга нисбатан ором оладиган, хотиржам бўладиган, аксинча ёмон ва жирканч нарсалар хусусида қалби безовта бўладиган қилиб яратган. Ҳаттоки бу хусусият баъзи уй ҳайвонларида ҳам мавжуд. Мисол учун уйдаги мушукка қўлимиз билан гўшт берсак, у хотиржам, эркаланиб гўштни ейди. Аксинча уйдан гўштни ўғирлаб олган бўлса, тезроқ қочиш ва бекиниш пайида бўлади. Худди шунингдек инсон ҳам ҳалол юмуш билан машғул бўлса, гарчи ўша иши қанчалик қийин бўлмасин уни ташлаб кетмайди ва қилаётган ишидан қалби хотиржам бўлади. Аксинча, нотўғри ишни қилаётган киши эса, гарчи қалби бу ишини нотўғри эканидан огоҳлантириб турсада, ҳавои нафси ортидан эргашиб ўша йўлни танлайди.

Буларнинг биринчиси ҳақида “кўзи очиқ, тўғри йўлдаги инсон” деб, иккинчиси ҳақида эса “шаҳвоний нафс истаклари ортидан эргашган сўқир ва жоҳил инсон”, деб айтилади. У икковининг қиёмат кунидаги ҳолати ҳам шунга яраша бўлади. Уларнинг амаллари ёзилган китоби ҳам бирига ўнг ва иккинчисига чап томонидан тақдим қилинади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:

فَمَنْ أُوتِيَ كِتَابَهُ بِيَمِينِهِ فَأُولَئِكَ يَقْرَءُونَ كِتَابَهُمْ وَلَا يُظْلَمُونَ فَتِيلًا

وَمَنْ كَانَ فِي هَذِهِ أَعْمَى فَهُوَ فِي الْآخِرَةِ أَعْمَى وَأَضَلُّ سَبِيلًا

Кимга китоби ўнг томонидан берилса, бас, ана ўшалар китобларини ўқирлар ва уларга қилчалик зулм қилинмас. Ким бу дунёда кўр-гумроҳ бўлса, у охиратда янада кўр-гумроҳ ва янада йўлдан адашганроқ бўлади.[4]

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг муҳаббатига ошно қилиб, ҳаёти дунёда солиҳ амалларни қилишлигимизга тавфиқ берсин. Зеро, тавфиқ бу, Яратганнинг улкан инъомидир.

عَنْ أَنَسٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « إِذَا أَرَادَ اللَّهُ بِعَبْدٍ خَيْرًا اسْتَعْمَلَهُ ». فَقِيلَ كَيْفَ يَسْتَعْمِلُهُ يَا رَسُولَ اللَّهِ قَالَ « يُوَفِّقُهُ لِعَمَلٍ صَالِحٍ قَبْلَ الْمَوْتِ ».

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар Аллоҳ бир бандага яхшиликни ирода қилса уни амал қилгувчи қилиб қўяди”, дедилар. “Эй, Аллоҳнинг расули! Қандай амал қилгувчи қилиб қўяди”, дейилди. “Ўлимидан олдин, солиҳ амалларни қилишга муваффақ қилади”, дедилар.[5]

Мақолани, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадиси шарифни хотима ўрнида келтириш билан ниҳоялашни истадик:

عن ثوبان مولى رسول الله صلى الله عليه و سلم قال : قال رسول الله صلى الله عليه و سلم : قيل لي يا محمد قل تسمع و سل تعط قال : فقلت : اللهم إني أسألك فعل الخيرات و ترك المنكرات و حب المساكين و أن تغفر لي و ترحمني و إذا أردت بقوم فتنة فتوفني إليك و أنا غير مفتون اللهم إني أسألك حبك و حب من يحبك و حبا يبلغني حبك )هذا حديث صحيح على شرط البخاري(

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлолари Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга: “Эй, Муҳаммад! Айт, тингланасан. Сўра, бериласан, дейилди. Мен: “Аллоҳим! Сендан яхши ишларни қилмоқликни ва ёмон ишларни тарк этмоқликни, мискинларни суймоқликни ва мени мағфират қилиб, раҳм қилмоқлигингни сўрайман. Агар бирор қавмга фитнани ирода қилсанг, мени фитналардан омон сақлаб, Сенга (ёруғ юз билан) йўлиқишимни насиб қилгин! Сендан муҳаббатингни, сени яхши кўрганларнинг муҳаббатини ва Сени муҳаббатингга етиштирадиган муҳаббатни сўрайман”, дедилар.[6]

Аллоҳим, барчаларимизни Ўзининг муҳаббатига ошно қилсин ва имтиҳон дунёсида Ўзи рози бўлган, суйган бандалари бўлишимизни насиб этсин!

Олимхон Исахон ўғли
Ҳадис мактаби раҳбари
 
 
 

[1] Исро сураси 70 оят мазмуни.

[2] Мулк сураси 2 оят мазмуни.

[3] Фотир сураси 5 оят мазмуни.

[4] Исро сураси 71, 72 оят мазмуни.

[5] Термизий ривояти. Ҳасан Саҳиҳ ҳадис

[6] Бухорий шартига кўра саҳиҳ ҳадис.

 

 

Манба: bukhari.uz

 

 
Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 56385
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

6671