Ҳеч нарса бежиз яратилмаган
Баъзан одамлар атрофдаги жонзотлар ва мавжудотларни кузата туриб уларнинг баъзиларини фойдасиз, баъзиларини эса ҳатто зарарли деб ўйлайдилар.
Бирор бир мавжудотни фойдасиз ва кераксиз ҳисоблаш, унинг яратилишининг бемаъно эканини таъкидлаш, Яратгувчининг ҳикматини билмаслик ва унга ишонмасликдан далолат беради. Дунёдаги мавжудотнинг барчаси Аллоҳнинг буюк ҳикмати асосида яратилган. Борлиқдаги ҳеч нарса бежиз яратилмаган ва ҳеч нарса беҳикмат содир бўлмайди. Аллоҳ яратган энг кичик жонзотлардан бири бу чивиндир. Қуръони Каримнинг Бақара сурасида ушбу жонзот Аллоҳ қудратининг тимсоли сифатида келади. Қачонлардир одамлар чивиннинг хоссаларини ўрганиб уни фойдасиз ва зарарли мавжудотга чиқаришган. Илму ирфон олими Ҳожи Абдуллоҳнинг тафсирида бир художўй кишига берилган савол ҳақида ёзилган. У кишидан “чивин ва ўргимчакнинг яратилишидан мақсад нима?”, деб сўрашганда, у шундай жавоб берган экан: “Агарда чивиннинг вазифаси фақатгина Намрудни ҳалок қилиш ва ўргимчакнинг вазифаси фақат Пайғамбаримиз (салоллоҳу алайҳи васаллам)ни ғорда душмандан яшириш учун тўр тўқиш бўлса ҳам бу уларнинг яратилиши бесамар эмаслигини исботлайди”.
Ривоят қилишларича, қадим замонларда бир зодагон бўлган экан. У табиат, атрофдаги барча нарсаларни ўрганишга, уларнинг фойдали ёки фойдасиз эканини аниқлашга қизиқар экан. Кунларнинг бирида зодагон гўнгқўнғизга кўзи тушибди. Гўнгқўнғиз одатига кўра мол гўнглари орасидан озгинасини олиб, уни ўз ини томон итариб кета бошлабди. Киши бу нарсани узоқ вақт кузатиб турибди ва ўзича ўйлабди: “Аллоҳ уни нима учун яратган? Биз унинг на гўштини еймиз, на сутини ичамиз, на жунидан фойдаланамиз. Биз уни на уй ҳайвони ва на ов ҳайвони сифатида ишлата оламиз. У бутун умрини гўнг титиш билан ўтказади. Бу жонзот фақатгина касаллик ва чиркинлик тарқатиш учунгина яратилгандек гўё. Қандай қилиб Аллоҳ шундай фойдасиз нарсани яратди экан?”.
Орадан бир неча кунлар ўтди. Бир куни зодагоннинг қўлига кичкина яра чиқди. Яра жуда тез катталашиб борар ва қаттиқ азоб берарди. Вақт ўтиши билан унинг қўли бутунлай йирингли ярага тўлди. Дори-дармонлар кор қилмас, табиблар эса қўлни кесиб ташлашни маслаҳат бера бошладилар.
Шундай кунларнинг бирида беморнинг дўстларидан бири унга қишлоқ четида яшовчи, касалларни табиий гиёҳлар билан даволовчи табибга боришини маслаҳат берди. Чорасиз қолган зодагон айтилган табибнинг уйига боришга мажбур бўлди. Табиб беморнинг қўлини кўриб унга “бир нечта гўнг қўнғиз топиб келиш”ни буюрди. Зодагон буни эшитиб аввалига ғазабланди. “Табиб мени мазах қилмаяпти”, деб ўйлади. Лекин, бошқа чора йўқ эди. Ноилож у гўнг қўнғизларни қидириб йиға бошлади. Ва табибга олиб борди.
Табиб қўнғизларни майдалаб тугиб, улардан дори тайёрлади ва яраларга тайёрлаган малҳамидан суртиб боғлаб қўйди. Зодагонга эса боғламни бир неча кун ечмасликни тайинлади.
Белгиланган муддат ўтгач, зодагон қўлидаги боғламни ечди-ю, кўзларига ишонмади. Унинг қўллари яра-чақалардан буткул халос бўлган эди. У ҳайратдан лол қолган эди.
Шундан сўнг зодагон аввалги гапларини ёдга олиб, Аллоҳга тавба қилди ва унинг марҳаматига шукроналар айтди.