СЎФИ АЛЛОҲЁР СИЙМОСИ
11.8.2015 9967

    Мотуридия мазҳабининг шаклланиши ва ривожланишида Мовароуннаҳр уламоларининг, хусусан, Ўзбекистон олимларининг алоҳида ўринлари борлиги ҳеч кимга сир эмас. Бу юртдан етишиб чиққан алломалар барча соҳаларда бутун дунёга устоз бўлганлар. Уларнинг китоблари ҳам дунёгамашҳур. Ана шундай улуғ устозлардан бири Сўфи Аллоҳёр бобомиздир.
    Сўфи Оллоҳёрнинг туғилган саналари аниқ эмас. Баъзи тадқиқотчиларнинг сўзларига кўра, у киши 1630-1650 йиллар оралиғида Самарқанднинг Каттақўрғон беклигига қарашли Минглар қишлоғида таваллуд топган. Сўфи Оллоҳёр дастлаб ўз қишлоғида савод чиқаради. Олти ёшида Қуръони каримни ўқиб туширади.
     Дастлаб Шайхлар қишлоғида таълим олиб, сўнгра 12 ёшида Бухорога бориб Жўйбор мадрасасида ўқишни давом эттиради. Сўфи Оллоҳёр ўзининг иқтидори, қобилияти, донолиги туфайли мадрасани имтиёзли тугатиб, Бухоро хонининг эътиборига тушади, мақтов ёрлиғи билан мукофотланиб, 25 ёшида хонликнинг божхона-солиқ тўралиги лавозимига тайинланади. Бу лавозимда ҳалоллик ва фидоийлик билан ишлаб хонлик хазинасини бойитишга муносиб ҳисса қўшади. Хоннинг мақтов ва мукофотларига сазовор бўлади, лекин оддий фуқароларнинг қийинчиликларини, хонликдаги баъзи мансаб аҳлининг ноҳақликларини кўриб ўз вазифасидан воз кечиб, тақво йўлини тутишга аҳд қилади. Ниҳоят тасаввуф йўлини танлаб, зуҳду ибодатга берилиб кетади. Ўша даврнинг улуғ олими, шайх Ҳабибуллоҳ қўлида 12 йил таҳсил олиб, тариқат сирларини ўрганиб, ўзи ҳам шайхлик (муршидлик) даражасига етади. Халққа шариат ва тасаввуф таълимотини тушунтириш мақсадида (Панжикент, Ургут, Шаҳрисабз, Ғузор, Дехқонобод, Бойсун, Шеробод, Қабадиён, Қоратегин, Ҳисор, Деҳнов ва бошқа шаҳару қишлоқларга) сафар қилиб, у ерларда бир неча йиллар яшаб, толиби илмларга шариат ва тариқат аҳкомларидан таълим беради.
    Сўфи Оллоҳёр кўплаб илмлар бўйича етук олим ҳамда форс тилида ҳам, туркий тилда ҳам маҳорат билан ижод этган уламолардан ҳисобланади. Асарларида келган маълумотларга кўра бу зот Шайх Ҳабибуллоҳ, Сўфи Наврўз Бухорий ва Хўжа Мўмин сингари устозлардан таълим олган.
   Сўфи Оллоҳёрнинг вафот этган санаси, кўпчилик тадқиқотчиларнинг фикрларига кўра, 1721 йилга тўғри келади. Қабри Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманига қарашли Катта Вахшивор қишлоғидадир. Сўфи Оллоҳёрнинг кўплаб авлодлари ҳозирда ушбу қишлоқда яшайдилар.
     Сўфи Оллоҳёр забардаст шоиргина эмас, айни пайтда йирик мутафаккир, олим ҳамдир. У «Махзанул мутеин» асарини араб тилида, «Маслакул муттақин» ва «Муродул орифин» асарларини форс тилида, «Саботул ожизин» китобини туркий тилида ёзиб, Ислом оламига улуғ мерос қолдириб кетган.
    Сўфи Оллоҳёр китоблари ўз даврида ҳам, кейинги даврларда ҳам мадрасаларда ва халқ орасида кенг ўқитилганлиги учун ҳам унинг номи ва китоблари машҳур бўлиб кетган. Сўфи Оллоҳёрнинг «Саботул ожизин» китоби одамлар орасида «Мағзи Қуръон» сифатида эътироф этилган ва бу асарни баъзилар ёддан билган. Сўфи Оллоҳёр асарлари жуда кўп марта қўлёзма сифатида кўчирилган ва нашр қилинган.
     Сўфи Оллоҳёр адабий мероси ўзбек мумтоз адабиёти ва тасаввуф тарихида алоҳида ўрин тутади. Хожа Аҳрор Валий, Маҳдуми Аъзам каби бобокалонларимиз Нақшбандия таълимотини ижтимоий ҳаётга тадбиқ этишда намуна бўлганлар. Сўфи Аллоҳёрга бу тариқатнинг таълим тизимини мадрасаларга ҳам олиб кирди. Алломанинг «Маслакул муттақин» асари Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Татаристон ва бошқа ўлкаларда бир неча бор чоп этилган. Сўфи Оллоҳёр Марказий Осиёда яшовчи туркий ва форсий тилли халқларни ўз асарлари билан баҳраманд этиб, уларни ягона исломий ва ахлоқий ҳамда фалсафий-эстетик мафкура ялови остида бирлаштирди. Натижада курраи заминнинг турли минтақаларида яшовчи халқлар бир-бирлари билан маънан яқинлашдилар ва бир-бирларининг маърифатпарварлик ғояларидан хабардор бўлдилар. У зот ўзининг ана шундай хизматлари билан миллионлаб кишиларнинг муаллими ва мураббийсига айланди.
     Президентимизнинг ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида муқаддас тупроғимизда туғилиб вояга етган улуғ сиймолар – Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Исмоил Бухорий, Абдухолиқ Ғиждувоний мақбаралари ва бошқа ўнлаб тарихий ёдгорликлар, муқаддас қадамжоларни обод этишдек қутлуғ ишлар амалга оширилди. 2005 йилда эса Сўфи Аллоҳёр ҳазратлари мангу қўним топган масканни обод этиш мақсадида «Сўфи Аллоҳёр» жамғармаси ташкил этилди.

 

Собиржон РУСТАМОВ,

Тошкент шаҳридаги “Миновар қори”  жоме масжиди имом-хатиби / www.muslim.uz 

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 215901
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24506