Бунёдкорлик ва фаровонлик тинчлик неъмати
25.8.2015 5016

   Халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти азал-азалдан дунё аҳлини лол қолдириб келган. Сабаби, заминимизда ¬барпо этилган тарихий обида ва иншоотлар ўзининг мураккаб меъморий ечими билан ҳанузгача етти иқлимни ўзига оҳанрабодек чорлаб туради.
   Қувонарлиси, мустақиллик йилларида Президентимиз ташаббуси билан бундай хайрли ишларга эътибор янада ортди. Натижада ўтган қисқа ¬давр мобайнида шаҳару қишлоқлар қиёфаси тамомила ўзгариб, янгича чирой очди. Навқирон йигирма тўрт ёшини қарши олаётган мустақил Ватанимиз мана шу қисқа муддатда қатор муваффақиятларни, юксак марраларни забт этди. Уларнинг ҳар бири, айниқса, дунё жадал ўзгариб бораётган, айрим минтақалар сурункали низолар ўчоғи ва қонли тўқнашувлар гирдобида қолган бир пайтда, жуда қадрли аҳамиятлидир.
   Диёримизда ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамлик бундай тараққиётни таъминловчи ислоҳотларнинг амалга ошишига асос бўлаётир. Албатта, осойишталик буюк неъмат. Қуръони каримда бу неъмат эслатилиб, ишоралар қилинган. Жумладан, “Қурайш” сурасида Аллоҳ таоло шундай номдаги қабилага омонлик, тўкин-сочинликни ато этганини ёдга солдириб шундай дейди: “Бас, шундай экан, уларни очликдан қоринларини тўқ қилган ва хавф-хатардан омонлик бериб қўйган ушбу Байтнинг Раббисига ибодат қилсинлар!”.
   Тинчлик шундай бебаҳо бойликки, ҳатто пайғамбарлар дуоларида уни Яратгандан сўраган. Иброҳим алайҳиссалом Макка шаҳри ҳаққига хайрли дуо қилар экан: “Эй, Парвардигорим, бу шаҳарни Ўзинг ишончли, тинч шаҳар қилгин ва унинг аҳолисидан Аллоҳга ва охират кунига ишонувчиларни (турли) мевалардан ризқлантиргин!” (“Бақара” сураси), дея илтижо қилган. Муфассирлар ушбу ояти карима изоҳида “бу сўзларда тинчлик нечоғли буюк неъмат эканига ишора борлигини, акс ҳолда Иброҳим алайҳиссалом шаҳар ҳаққига сўраётган нарсаларидан б иринчи бўлиб, “тинчликни” тилга олмас эдилар”, дея таъкидлашади.
   Ўша пайтда Макка тинч шаҳар эди. Осойишта бўлган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш хотиржамликнинг бардавом бўлишини ифодалайди. Шу билан бирга оятда аввал тинчлик, сўнгра ризқ сўралганидан осойишталикнинг ризқдан-да муҳимроқ, улуғроқ неъмат экани маълум бўлади.
    Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом шундай дейдилар: “Кимки, ўз уйида хавф-хатардан эмин ҳолда тонг оттирса ва ҳузурида бир кунлик озиғи бўлса, бас унга гўёки, дунё неъматлари тўлалигича ато қилинибди ”.
   Инсон Аллоҳ таоло уни ер юзини обод қилиш учун ўзига ўринбосар қилиб қўйганини ҳис қилганидан Ватанига муҳаббат қўяди ва гўшасини обод қилиш бурчи эканини яхши англайди. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “У сизларни Ердан пайдо қилди ва обод қилишингиз учун сизларни унга (Ерга) жойлаштирди” (“Ҳуд” сураси, 61-оят). Бинобарин, мусулмон киши заминни обод қилади, вайронкор эса унга бегона бўлади.
   Умар ибн Хаттоб р.а. бу борада шундай деганлар: “Аллоҳ таоло юртларни ватан муҳаббати билан обод қилди. Агар у бўлмаганида мамлакатлар хароб бўларди”.
  Имом Ғаззолий ҳазратлари “Башар ўз ерига, гарчи у тақир саҳро бўлса ҳам қаттиқ боғланади. Ватанни севиш инсон руҳиятининг асл табиатидир. Ушбу табиат ватанда яшашда ҳузур-ҳаловат, ундан узоқлашганда соғинч, унга ҳужум қилинганда мудофаа ва камситилганда ғазаб ҳисларини пайдо қилади”.
   Бу кишининг киндик қони тўкилган ерга алоқадорлиги, чинакам маънода унинг бир бўлаги эканининг белгиси. Ўз юрти, миллати ва ота-боболарига мансублик ҳис-туйғусидан маҳрум киши эса маънавий мажруҳдир.


Одилхон қори Юнусхон ўғли  
Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216321
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24552