Қурбонлик аҳкомлари Ҳар йили зулҳижжа ойи кириб келар экан ўзига тўқ кишилар Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш мақсадида ва У ато этган беҳисоб неъматларга шукроналик ҳиссининг бир рамзи ўлароқ қурбонлик сўйиб, қон чиқариш учун соғлом ва бақувват чорва ҳайвонларини харид қилиб, то қурбон ҳайити кунига қадар боқиб қўядилар.
Қурбонликнинг айрим ҳикмат ва фазилатлари
1. Қурбонлик – “қурбат”, яъни яқинлашиш сўзи билан ўзакдошдир. Бу билан биринчи ўринда Аллоҳнинг раҳматига ноил бўлиш, унинг марҳаматига яқин бўлиш мақсад қилинади.
2. Бу – Аллоҳнинг шиорларини, У жорий этган диний маросимларни улуғлаш, ҳурматлаш демакдир. «(Иш) шудир! Кимки Аллоҳнинг маросимларини улуғлар (ҳурматлар)экан, бас, албатта бу (ҳурмат) қалблардаги тақво туфайлидандир» (Ҳаж сураси, 32-оят). Демак, қурбонлик қилиш қалблардаги тақво аломати экан. Зотан, қурбонликнинг гўштидан ҳам, қонидан ҳам Аллоҳга бирон-бир фойда йўқ. Балки, бу ўзимиз учун фойдадир.
4. Тақвога эришиш. Аллоҳ таоло айтади: «Унинг (қурбонликнинг) на гўшти ва на қони Аллоҳга етиб борур! Балки(шу иш орқали) сизлардан пайдо бўлган тақвогина Унга етур» (Ҳаж сураси, 37-оят).
5. Қурбонлик Аллоҳ таолога У Зот ато этган ҳисобсиз неъматлари учун шукр қилишнинг бир кўринишидир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бани башарга санаб адоғига етиб бўлмайдиган даражада беадад неъматлар ато этди. Унга ҳаёт берди, хилқатини чиройли қилди, сиҳат-саломатлик берди, ҳис-туйғуларини баён этиши учун тил, ёруғ дунёни кўриши учун икки кўз, оқни қорадан ажратиши учун ақл берди. Бойлик, молу давлат берди. Иймону ислом неъматига муяссар этди. Буларнинг бари шукр қилишни вожиб қилувчи буюк неъматлардир. Қурбонлик ана шу неъматларнинг ожизона бир шукронаси ўлароқ банда томонидан амалга ошириладиган ишдир.
6. Қуйидаги ҳадис ҳам Аллоҳ таоло учун қурбонлик сўйишнинг нечоғлик фазилатли эканига далолат қилади. Оиша онамиз разияллоҳу анҳодан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: «Одам боласи Наҳр кунида қон чиқаришдан ҳам кўра Аллоҳга маҳбуброқ бўлган бирон амални қилмайди.(Аллоҳ таоло учун сўйилган) жонлиқ қиёмат кунида шохлари, юнглари ва туёқлари билан келади. Қасамки, унинг қони ҳали ерга тўкилмасдан бурун Аллоҳ ҳузуридаги юксак мақомга тушади (яъни ҳали унинг қони ерга тушмасдан бу амалнинг савоби Аллоҳ ҳузурида юксак ўринга ёзиб қўйилади, валлоҳу аълам). Бас, қилаётган қурбонлигингиз билан шодланинг. Димоғингиз чоғ бўлсин!» (Термизий ривояти).
Қурбонликнинг таърифи
Фуқаҳолар қурбонликни бир-бирига яқин бўлган бир неча хил таърифлар билан таништирганлар. Жумладан:
1. “Махсус жониворни махсус вақтда сўймоқ, у вақт эса азҳо кунидир” (“ал-ъиноя шарҳу-л-ҳидоя”: 9/505).
2. “(қурбонлик) шаръан: махсус ҳайвонни махсус вақтда қурбат нияти билан сўймоқдир” (Ҳаскафий: “ад-дурр ал-мухтор”).
Қурбонликнинг ҳукми
Ҳанафий мазҳабига кўра моли нисобга етган, муқим (яъни сафарда бўлмаган), мусулмон одам учун қурбонлик қилиш вожиб ҳисобланади. Қурбонликнинг вожиблигига Қуръони каримдан юқорида зикр қилинган Кавсар сурасининг 2-ояти далил бўлади. Ҳадиси шарифлардан эса Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис далилдир. “Кимки, имкони бўлатуриб қурбонлик қилмаса, бас, бизнинг намозгоҳимизга яқинлашмасин” (Имом Аҳмад, Ибн Можа ва Ҳоким ривоятлари ). Қандай ҳайвонлар қурбонлик қилинади?
Қурбонлик учун чорва ҳайвонлари сўйилади. Улар: туя, сигир ва қўйдир. Бунда уларнинг эркак ва урғочи жинслари тушунилади. Қўй деганда эчкилар ҳам назарда тутилади. Демак, туя, сигир, қўй ва эчкилар қурбонликка яроқли ҳайвонлар ҳисобланади.
Қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг шартлари
Қурбонлик қилинадиган жонлиқ маълум шартларга жавоб бериши керак. Акс ҳолда қурбонлик дуруст бўлмайди. Қуйида ана шулар ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.
1. Жонлиқнинг ёши
Қурбонлик учун сўйиладиган жонивор қурбонлик ёшига етган бўлиши шарт. Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Фақат мусиннани сўйинглар. Илло, агар бу иш сизларга қийин келса, қўйдан жазаъ бўлганини сўйсангиз ҳам бўлаверади» (Муслим ривоятлари). «Мусинна» деб туя, мол, қўй ва эчкилардан «саний» ёшига тўлганларига айтилади. «Саний» умрининг иккинчи босқичига ўтган – ўрта ёшли дегани бўлиб, у «жазаъ» ёшидан кейинги босқичдир. Тилшунос олимларнинг таъкидлашларича, бўталоқ беш ёшга тўлиб, олтига кетганда “санийя” деб аталувчи олд тишлари тўкилар экан. Ана шунда “саний” бўлар экан. Юқоридаги ҳадисга биноан, туя, сигир ва эчкидан фақат «саний» ва ундан юқори ёшда бўлганларигина қурбонликка яроқли ҳисобланади. Қўйдан эса «жазаъ» ва ундан юқориси қурбонликка ўтади. Демак, туянинг «саний»си деб туғилганига беш йил тўлгани айтилади. Сигир ва буқанинг «саний»си эса туғилганига икки йил тўлгани бўлади. Қўй ва эчки эса бир йилда «саний» бўлади. Қўйдан «жазаъ» бўлгани туғилганига олти ой тўлиб, еттинчи ой кетганидир.
2. Жонлиқ қурбонликнинг дуруст бўлишига монеълик қилувчи айблардан саломат бўлиши керак Модомики, қурбонлик Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиш мақсадида амалга ошириладиган иш деб эътибор қилинар экан, бу иш учун энг яхши, энг сара, семиз, соғлом ва айбу нуқсонлардан холи бўлган жониворни танлаб олиш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, қурбонлик учун сўйиладиган жонивор албатта ҳалолу покиза молдан бўлиши керак. Зеро, Аллоҳ таоло хуш ва покизадир, фақат хуш ва покиза нарсаларнигина қабул қилгай.
1. Шапкўр жонивор. 2. Кўзи кўр жонивор. 3. Оқсоқлиги билиниб турадиган даражада оқсоқ жонивор. 4. Бир оёғи кесилган жонивор. 5. Касаллиги кўриниб турган касал жонивор. Қўтир бўлган ёки баданига яра тошган жонивор ҳам шу жумладандир. Чунки, бундай касалликлар жониворнинг хилқатига таъсир қилади, семиришига йўл қўймайди. 6. Оёқда туролмайдиган даражада қилтомоқ бўлиб қолган, мажолсиз жонивор. 7. Қулоғининг ҳаммаси ёки бир қисми кесилган жонивор. 8. Қулоғи тешилган ёки қулоқ супраси ўртасидан кесилиб, ёриқ пайдо қилинган жонивор. 9. Белги учун қулоғи тешиб қўйилган жонивор. 10. Шоҳи кесиб ёки суғуриб олинган жонивор. Аммо ўзи шоҳсиз туғилган бўлса, қурбонликка ярайди. 11. Бурни кесиб олинган жонивор. 12. Думи кесиб ташланган жонивор. Аммо ўзи думсиз яратилган бўлса, уни қурбонлик қилиш жоиз, гарчи айрим уламолар буни ножоиз санаган бўлсалар ҳам. 13. Думбаси кесиб олинган жонивор.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қурбонликка сўйиладиган жонивор ўзига озор етказадиган, семириб ёғ бойлашига монеълик қиладиган ва баҳосини туширадиган барча айб-нуқсон ва касалликлардан холи бўлиши керак. Салафи солиҳлардан нақл қилинганки, улар қурбонликка сўйиладиган жониворнинг ҳар қандай каттаю-кичик айблардан холи бўлганини танлар эдилар. Агар жониворда биронта арзимас айб топилса ҳам, уни қурбонлик қилишни кариҳ кўрардилар.
3. Қурбонлик вақти
Қурбонлик сўйишнинг биринчи вақти ҳайит намози билан хутба ўқилгандан сўнг бошланади ва ҳайитнинг учинчи куни қуёш ботганда тугайди. Бошқачароқ ибора билан айтилса, қурбонлик уч кун давомида сўйилади: қурбон ҳайити куни ва унинг кейинидан келувчи ташриқ кунларининг илк икки кунида. Бироқ энг афзали қурбонликнинг ҳайит намози ўқиб бўлиниши билан амалга оширилишидир.
Қурбонликка оид айрим масалалар
1. Қурбонлик қилишда иштирок этиш
Туя ва сигирни қурбонлик қилишда етти киши иштирок этиши жоиз. Яъни, масалан, етти киши тенг пул ташлаб туя ёки сигир сотиб олишади ва уни ўз номларидан сўйишади. Шунда ҳаммалари қурбонлик қилган бўладилар. Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят: «Биз Ҳудайбия йилида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан биргаликда қурбонлик қилдик. Шунда туяни етти кишидан, сигирни ҳам етти кишидан қурбонлик қилдик» (Имом Муслим ривояти).
2. Қурбонлик қилишга қодир одам жонлиқ сўйгани афзалми ёки унинг баҳосини садақа қилгани афзалми?
Ҳанафий мазҳаби уламолари пулини садақа қилгандан кўра қурбонлик қилиш афзаллигини таъкидлайдилар. Бу масалада кўпчилик аҳли илмлар мазҳабимиздаги қавлга қўшиладилар.
3. Қурбонликдан фойдаланиш ва унинг тақсимоти
Инсон ўзи амалга оширган қурбонлигидан ейиши жоиз. Ҳанафий (шунингдек ҳанбалий) мазҳаби уламоларнинг сўзларига кўра, қурбонликнинг гўшти уч қисмга бўлинади. Учдан биридан унинг соҳиби ейди, яна учдан бирини фақир-мискинларга садақа сифатида улашади, қолган учдан бирини эса қариндош-уруғ, ёр-биродарларга ҳадя қилади. Бироқ, агар қурбонлик эгаси қурбонликнинг учдан биридан кўпроқ миқдорда истеъмол қилса, бу ҳам жоиздир.
4. Қурбонликни бировга сўйдириш
Қурбонлик тоат бўлганлиги учун уни инсоннинг ўзи сўймоғи афзал ҳисобланади. Лекин, бировни ўзидан вакил қилиб, сўйдириши мумкин. Бу ҳолатда ҳеч бўлмаганда ўша қурбонлиги сўйилаётган маҳалда унинг тепасида туриб, гувоҳ бўлиши мақсадга мувофиқдир.
Одилхон қори Юнусхон ўғли Тошкент шаҳар Шойхонтоҳур туман бош имом - хатиби, "Шайх Зайниддин" жомеъ масжиди имом-хатиби |
Сўраган эдингиз?Савол беринг
|
Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…
Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…
Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…
أَدَبُ الْمَرْءِ خَيْرٌ مِنْ ذَهَبِهِ Киши одоби унинг олтинидан яхшироқдир. Ўзбек тилидаги муқобил шакллари: Одоб о…
Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!
Ассалому алайкум. Битта саволим бор: эр аёлига Ажрашаман ёки Уч талоқ қўймоқчиман, деса талоқ тушадими?
Ассалому алайкум, Устоз! Иссиқхона етиштириладиган помидор ва бодрингдан қандай ушр чиқарилади?
Ассалому алайкум, Устоз. Сизга бир саволим бор эди: илон гўштини истеъмол қилса бўладими? Сочга илон ёғини суртиш ҳукми қандай? Шу ҳақида маълумот берсангиз.